Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:47

Тошкент вилояти ҳокимли бўлди


Ўзбекистонда халқ номидан ҳокимни сайлаш ҳам¸ уни яна халқ номидан ишдан олиш ҳам фақат бир шахс- президент Ислом Каримов ҳаққи ҳисобланади.
Ўзбекистонда халқ номидан ҳокимни сайлаш ҳам¸ уни яна халқ номидан ишдан олиш ҳам фақат бир шахс- президент Ислом Каримов ҳаққи ҳисобланади.

16 декабр куни Тошкент вилоятида бўлиб ўтган халқ депутатлари кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида президент Каримов Рустам Холматовни вилоятга ҳоким этиб тайинлади.

2005 йилда Козим Тўлаганов Тошкент вилояти ҳокимлигидан олиниб¸ унга қарши жиноий иш очилганидан кейин ўрнига Мирзомашраб Кўччиев ҳокимликка тайинланган эди.

Бир йил ўтиб¸ Кўччиев ҳам лавозимидан олинди. Ўшандан бери Тошкент вилоятига ҳокимлик ўрни очиқ қолаётган эди.

Журналист Абдураҳмон Ташанов гапиради.

- Ўзи уч йилдан бери вилоят ҳокими йўқ эди. Илгари Мирзомашраб Кўччиев деган одам ҳоким эди.

У битта штаб қурган эди. Ўшани кейин президентнинг олдига олиб кириб¸ “Маишатхона қурди¸ сауна қурди” деб ишдан бўшатиб юборишган эди. Ҳатто унинг хорижга қочиб кетгани айтилар эди.

Ўшандан бери вилоятда ҳоким йўқ эди ва вилоятни ҳоким ўринбосари Зиëвуддин Ниëзов бошқариб келаëтган эди.

Мана бугун халқ депутатлари Тошкент вилояти сессияси чақирилгани¸ унда президент иштирок этгани ва янги ҳоким тайинлангани ҳақида маълумот олдик. Лекин расмий хабарлар ҳали тарқатилмади. Янги ҳоким Оққўрғон туманида туғилган. Ҳокимлик системасида узоқ йиллар ишлаган. Охирги йилларда Қуйи Чирчиқ тумани ҳокими бўлиб ишлаган.

Жамоатчилик ичида юрган гап-сўзларга қараганда¸ ҳозирги ҳокимнинг ҳам Ўзбекистондаги кланларнинг норасмий раҳбарларидан бири Зелимхон Ҳайдаровга тегишли одам эканлиги айтилаяпти. Энди бу гапларни расман тасдиқлатиш ëки унинг тагига етиш жуда қийин¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Бу сўнгги кунларда Ўзбекистонда кузатилаётган иккинчи ҳоким алмашишидир.

12 декабр куни президент Ислом Каримов ташаббусига кўра, Навоий вилояти ҳокими лавозимида 2002 йилдан бери ишлаб келган Баҳриддин Рўзиев лавозимидан четлатилди. Навоий вилоятида ўтган сессияда Каримов навоийликларнинг ҳаёти яхшиланмаётганида вилоят ҳокими Баҳриддин Рўзиевни айблади.

- Барчангизга маълумки¸ Баҳриддин Рўзиев 2002 йилнинг май ойидан буëн Навоий вилояти ҳокими вазифасида ишлаб келмоқда.

Албатта¸ дастлабки пайтда¸ унинг фаолиятида вилоят олдида турган муаммоларни ҳал қилиш¸ аҳволни ижобий томонга ўзгартириш бўйича бирмунча ҳаракатлар сезилганини эътироф этиш лозим.

Лекин очиғини айтиш керак¸ вақт ўтиши ва раҳбарларга қўйиладиган талабларнинг ортиб бориши билан Рўзиевнинг ишни ташкил қилиш қобилияти етарли эмаслиги¸ иш услубидаги камчиликлар¸ унга хос бўлган айрим хусусиятлар бу раҳбарнинг фаолиятига¸ энг муҳими вилоят ҳаëтига¸ бу ердаги маънавий муҳитга катта салбий таъсир ўтказаëтгани тобора аëн бўлмоқда.

Шу ўринда бир фикрни айтиш зарур деб биламан: раҳбар дегани кузатувчи эмас. Раҳбар дегани – авваламбор барча ишларга бош-қош бўладиган¸ масъулият ва жавобгарликни ўз зиммасига оладиган¸ оғир пайтда бошқаларга намуна бўладиган ташкилотчи¸ керак бўлса¸ одамларни ўз ортидан эргаштиришга қодир бўлган куч-қудратли ва энг муҳими иродаси бақувват бўлган инсон бўлиши шарт.

Минг афсуски¸ вилоятда вужудга келган бугунги аҳвол Рўзиевнинг бундай талабларга жавоб беришда анча заиф эканини кўрсатди. Буни ўзи ҳам тушуниб¸ иш фаолиятидаги хато ва камчиликларни тан олиб¸ эгаллаб турган вазифасидан озод қилишни сўраб ариза билан мурожаат қилди¸ деди жумладан Каримов.

Олти йил аввал худди шу минбардан туриб президент Ислом Каримов "Баҳриддин Рўзиевдан умидимиз катта", деб уни ҳокимлик лавозимига тайинлаган эди.

Бу сафар Каримов Навоий вилоятига Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари вазифасида ишлаб келган Эркинжон Турдимовни ҳоким этиб тайинлади. Энди янги ҳоким Турдимовга катта умидлар боғланди.

- Ўз олдида турган масъулиятли вазифаларни адо этишга ҳар томонлама қодир. Бунинг учун фақат бу халқнинг қалбида¸ юрагида бўлган интилишлар¸ қувончлар билан бирга яшаш¸ унинг орзу умидлар рўëбга чиқишида бош-қош бўлиш керак.

Бугун сизлар билан сайлаб¸ тасдиқлаб олган вилоятнинг янги раҳбари ана шу масалани ўз фаолиятининг марказига қўйиб¸ одамларнинг кўнглига йўл топиб¸ уларга ўрнак ва намуна бўлиб иш олиб борса¸ мен ишонаман¸ Навоий аҳли ҳам уни чин дилдан қабул қилади. Керак бўлса¸ ҳамма масалаларда унга таянч ва суянч бўлиб хизмат қилади¸ деди Ислом Каримов.

Ўзбекистонда ҳокимларнинг тез-тез алмашиши одатий ҳолга айланган. Ўзбекистонлик сиёсатшунос Тошпўлат Йўлдошевнинг айтишича, бу мамлакатдаги коррупцион тизим билан боғлиқ.

- Ўзбекистонда порасиз лавозимнинг ўзи йўқ. Пора берган амалдор¸ албатта¸ порасини қайтариб олиши керак. Ҳар ой пора бергандан ташқари орқасидан яна порасини жўнатиб туриши керак. Яъни у лавозимга ўғрилик қилиши учун ўғри одамлардан тайинланади.

Бошқа ҳеч қанақа иложи йўқ. Бу коррупцион система Ўзбекистондаги давлат системасининг умуртқа поғонаси. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Бу система коррупцияни янгидан кўпайтириб¸ ўстириб туради¸ дейди Тошпўлат Йўлдошев.

Мустақил кузатувчи Баҳодир Чиғатой ҳам Ўзбекистонда ҳокимлик лавозимлари пулга сотиб олинади, деган ишончда.

- Масъул одамлар мана шунинг орқасидан участкаларни қуриб¸ 60 минг доллар турадиган машиналарни миниб¸ хоҳлаган одамини босиб¸ янчиб юрибди.

Масалан битта туманда 200 минг одам турадиган бўлса¸ ўшанинг 60 фоизи ишга яроқли бўладиган бўлса¸ қолгани талаба¸ ногирон¸ нафақахўр бўлса¸ ўшандан ўшанинг қанчасидан бир кунда қанча ундирса¸ бўлиши келиб чиқади¸ дейди кузатувчи Баҳодир Чиғатой.

Аммо, Абдураҳмон Ташановнинг айтишича, Ўзбекистонда иқтисодий аҳвол кун сайин ёмонлашиб бораётган бир пайтда¸ ҳокимлик ўринларининг пулга сотиб олиниши ҳақиқатдан йироқ.

- 2000 йилларга қадар ҳокимлик лавозимлари ëки мансаблар сотиб олинади деган гаплар жуда реалликка яқин эди. Мен кейинги йилларда ҳокимият системасидан кетган жуда кўп одамлар билан гаплашдим. Ҳозирги пайтда ҳокимликлар деярли сотиб олинмайди¸ чунки бунақа талабнинг ўзи йўқ. Ҳоким бўлиб ишлашнинг ўзи қийин.

Мана ҳоким бир йил ишлайдими¸ ярим йил ишлайдими карьераси бадном бўлиб кетаяпти. Кейинги пайтларда қанақадир ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидан ҳокимлар тайинлаш¸ уларни мажбуран қўйиш ҳақида гап-сўзлар юради.

Кейинги пайтда Ўзбекистонда аҳвол оғирлашиб кетаëтгани учун¸ табиий равишда ҳокимлик лавозимини сотиб олишга талабгорлар йўқ ҳозир¸ дейди Абдураҳмон Ташанов.

Айрим тасдиқланмаган хабарларга кўра, яқин кунларда Фарғона вилоятига ҳам янги ҳоким тайинланиши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG