Линклар

logo-print

Яна бопладику!

  • Сарвар Усмон

Ўзбекистон депутатларини қўрқоқликда айблар экан Ислом Каримов¸ бу қўрқоқлик омилларига¸ табиийки¸ тўхталгани йўқ.

Ўзбекистон депутатларини қўрқоқликда айблар экан Ислом Каримов¸ бу қўрқоқлик омилларига¸ табиийки¸ тўхталгани йўқ.

Ўзбекистон президенти турли партияларнинг халқ номидан сайланган депутатларини қўрқоқликда айблади. Партия вакилларининг бу гапга муносабати¸ жаноб президентнинг 100 карра ҳақлигини кўрсатди...

"Халқ депутатлари кенгашларининг турли партиялардан сайланган аъзолари ижроия ҳокимиятлари раҳбарларининг қинғир ишларини кўриб, ўзларини кўрмасликка солаяпти."

Бундай фикр президент Каримовнинг куни кеча Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида қилган чиқиши чоғида янгради.

Ўзбекистон президенти нутқини эшитиш жуда завқли.

Шошилганда, баъзида, ҳисобдан ҳам адашиб кетади. Куни кеча Халқ депутатлари Навоий вилояти кенгаши олдида чиқиш қилатуриб, ҳокимларни танқид қилар экан, жаноб Каримов мана бундай деб юборди:

- 15 йил бўлди э барака топкур. 18- йилга ўтаяпмиз.

Ҳа, энди 15дан кейин 18 келса, келибдида. Давлат раҳбарининг гапи – гап.

Ўзбекистон президенти туман ҳокимларини, вилоят ҳокимини роса тузлади. Уларнинг камчиликларини эътиборсиз қолдиргансиз, деб депутатларни ҳам тузлади.

- Бемаза ишларга берилиб кетган бўлса, халқнинг дардини ўйламаса агар, шулар ҳақида мана шу кенгашда туриб, уларни чақириб, ҳисоботини эшитиш, хулоса чиқариш, керак бўлса комиссия тузиш, комиссия тузишда прокурорни ҳам ишлатиш керак, деди президент.

Жаноб Каримов тузадиган жумлалар, одатда, жуда узун бўлади. Охирига етказмай узганимиз жумласи давомида президент вилоят кенгашининг турли партиялардан сайланган дупутатларини “қўрқоқсиз” деди.

- Шу Навоий вилоятининг халқининг дардини ўйлаб, партия нуқтаи назаридан қараб, бизларнинг мана шу одамдан норози бўлганимизни, қўлидан иш келмаслигини, бемаза ишларга берилиб кетганини сизга ëзамиз жаноб президент ва шу одамни¸ айтайлик¸ иш фаолиятини кўришга, керак бўлса ишдан озод қилишга ë жиноий иш очиб беришга рухсат беринг деб ëзишга қодирсизлар. Лекин нима учун шундай мисоллар йўқ, деб савол берадиган бўлсак, жавоб битта: заифсизлар, қўрқасизлар, деди Каримов.

Хўш, нима учун партиялар вакиллари ҳокимларнинг камчилигини айтишдан қўрқади?

Бу саволни вакиллик органларида депутатлари бор партиялар раҳбариятига бермоқчи бўлдик. Фақат Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Тошкентдаги идорасида одам бор экан. Партиянинг ўзини Қурбонов деб таништирган ходими Озодликка мана буларни айтиб берди.

Озодлик: Нима учун партиялардан сайланган депутатлар президент айтишича қўрқоқ?

Қурбонов: А?

Озодлик: Президент депутатларга қўрқоқсизлар деди.

Қурбонов: Бу саволни ўша вилоят кенгашининг партия ташкилотларига бериш керак.

Озодлик: Сизлар энди партиянинг Тошкентдаги каттасисизларда.

Қурбонов: Каттаси бўлгани билан ҳар ким ўз ишига жавоб берадими, йўқми? Ë битта одам ҳаммасига жавоб берадими?

Озодлик: Энди партия раҳбарияти ҳамма нарсани биладику.

Қурбонов: Партия раҳбарияти шу йил 17 сентябр куни бўлиб ўтган йиғилишда, “Фаол бўлайлик, ишлайлик” деган масалани кўтарди. Биз буни онлайн тарзида вилоят ташкилотлари раҳбарлари, вилоят депутатлари раҳбарлари билан ўтказдик. Жойлардаги камчиликлар Тошкентга қараганда кўпроқ аëнку тўғрими? Шунда фикрлар айтилиб, вазифалар қўйилган эди.

Озодлик: Натижа нима бўлди?

Қурбонов: Натижа энди бугун экасиз, эртага оласиз эмасда. Секин-секин бўладида. Ҳозирча мана президент “Шунча камчилик бўлди. Сиëсий партияларнинг депутатлари фаоллик кўрсатмади” деб танқид қилдилар. Энди бу ерда гап Халқ демократик партияси устида бормаяптида, бошқа партиялар ҳам бор тўғрими?

Бирлик партиясининг кенгашларда депутатлари йўқ. Чунки бу партия Ўзбекистонда расман тан олинмаган. Партиянинг Фарғона вилоят бўлими раҳбари Ҳамдам Сулаймон расман тан олинган партиялар вакиллари – депутатларнинг қўрқоқлиги сабабини мана бундай тушунтирди.

- Ўзбекистондаги ҳозирги мавжуд партиялар¸ Халқ демократик партиясидан тортиб то Либерал демократик партиягача¸ ҳукумат томонидан тайинланган партиялар. Булар ҳеч қачон ҳокимиятнинг камчилигини кўриб туриб, айта оладиган партиялар эмас, деди Ҳамдам Сулаймон.

Тўғриси, Бирлик вакили бу фикри билан Америка очаётгани йўқ.

Депутатларнинг кўзи кўр, тили кесик эканлиги Ўзбекистондаги мавжуд шароитдан, бошқарувнинг авторитар эканлигидан келиб чиқадики, буни депутатларни танқид қилаётган президентнинг ўзи ҳам жуда яхши билади. Бас шундай экан, президентга нима кераги бор бундай томошанинг, нима кераги бор депутатларни "қўрқоқсизлар", деб ҳақоратлашнинг?

- Бу халқнинг кўзи олдида қилинадида. Ўзбек халқининг ажойиб бир менталитети борда. Халқимиз “Бопладику” деган нарсага жуда ишқибоз, дея фикр билдирди бунга Бирлик партияси вакили Ҳамдам Сулаймон.

Лекин, Бирлик партияси вакили халққа етарли баҳо беролмаётганга ўхшайди. Чунки президент Каримовнинг айтишича...

- Халқнинг кўзи очиқ. Ҳаммани кўради. Ҳаммасига баҳо беради.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG