Линклар

Турк зиëлилари арманлардан узр сўради

  • Барно Анвар

Арманистонда ҳар йили Туркияда арманиларнинг қирғин қилингани олий даражада ëдга олинади.

Арманистонда ҳар йили Туркияда арманиларнинг қирғин қилингани олий даражада ëдга олинади.

Турк ва арман зиёлилари биринчи жаҳон уруши даврида Туркияда қатлиом қилинган этник арманлар фожеаси устида яна янги баҳсга киришадиган бўлди.

Шу вақгача Ереван томони бу воқеани Усмонли турклар даврида амалга оширилган геноциддир, деб таъкидлаб келмоқда. Бироқ, Туркия томони ўз тарихининг бу саҳифасига бундай ном берилишини қатъиян рад этиб келмоқда.

200 га яқин турк олими, ёзувчиси ва санъаткорлари Туркияда 1915 йили этник арманлар қатлиом қилингани учун узр сўраб, интернет орқали арман миллатига нома йўллади. Шу билан бирга турк зиёлилари бу акцияни қувватлаган миллатдошлари имзосини йиғишга ҳам киришди.

Петиция матнида бир вақтлар Туркия арманларини яксон қилган бу “улкан фожеа”ни инкор қилиш турк зиёлиларининг виждонига хилофлиги айтилган ва “биз арман миллати қалбидаги дардга шерикмиз”, дейилган.

Ассошиэйтед пресс (Associated press) агентлиги хабарига кўра, бу узр мактуби эълон қилинган 15 декабр куниёқ 2¸5 мингдан ортиқ имзо йиғилган. Аммо, петиция матнида мунозарага мавзу бўлаётган ва кўп вақтлардан буён Туркияда айни масалага нисбатан қўлланишига табу қўйилган “геноцид” сўзи йўқ.

Буни изоҳлаган петиция ташкилотчиларидан бири, “Ҳуррият” газетаси мухбири Гила Бенмаёр, петициядан кимнидир ҳақорат қилиш эмас, балки ҳамдардлик изҳор қилиш кўзланган, дейди.

Геноцидлар бўйича тадқиқотлар халқаро ассоциацияси президенти Грегори Стентон фикрича, аслида Ереван ва Анқара ўртасидаги муносабатлар келажаги учун Туркия ҳукумати, охир-оқибатда, ўтмишидаги бу воқеани геноцид, деб тан олишга мажбур.

- Биз геноцид моҳиятини ўрганиш чоғида аниқланган муҳим нарса шуки, бундай фожеалар алами мерос бўлиб кейинги авлодларга ўтади. Агар миллат қалбида шундай жароҳат бўлса, у кейинги авлодларга¸ албатта¸ таъсир қилади.

Менимча, шу боис ҳам Усмонлилар даврида Онадўли минтақасида яшаган арманлар авлоди учун бу фожеа геноцид, деб тан олиши жуда муҳим. Гарчи Туркия ҳукумати буни рад этиб келаётган бўлсада.

Албатта, ҳукуматнинг бу ҳаракати эса тўғри эмас. Аслида Туркия ҳукумати ўтмишда бўлган геноцидни тан олса, худди нацизм қилмишларини тан олган Германия каби¸ келажак сари соғлом қадам ташлаган бўлар эди, дейди Геноцидлар бўйича тадқиқотлар халқаро ассоциацияси президенти Грегори Стентон.

Бу масала сўнгги 90 йилдан буён Туркия ва Арманистон ўртасидаги мулоқотда асосий тўсиқлардан бири бўлиб қолмоқда. Турк миллатчилари ўз миллати номига геноцид мазмунидаги айбловни билдиришга бўлган ҳар қандай ҳаракатни ватанга хиёнат, деб ҳисобламоқда.

Ўтган йили геноцид масаласини кўтарган таниқли арман журналисти Ҳрант Динк Истамбулда ёшгина миллатчи томонидан отиб кетилган эди.

Ереванлик 30 га яқин таниқли арман зиёлиси эса 1915 йилда бўлган бу ҳодисани геноцид дея тан олишга чақириб, яқинда Туркия президенти Абдулла Гул номига очиқ мактуб йўллади.

Бу мактубда арман зиёлилари Туркия президенти шу қадамга журъат қилмас экан, томонлар ўртасида муроса бўлмаслигидан огоҳлантирган.
XS
SM
MD
LG