Линклар

НАТО карвонлари тўхташ арафасида

  • Сарвар Усмон

Кейинги ойлар ичи Покистон орқали Афғонистонга НАТО юкларини ташиëтган колонналарга қарши ҳужумлар сони кескин ошиб бормоқда.

Кейинги ойлар ичи Покистон орқали Афғонистонга НАТО юкларини ташиëтган колонналарга қарши ҳужумлар сони кескин ошиб бормоқда.

Покистондаги автокорхоналар яқинда амалга оширилган қатор ҳужумлардан сўнг НАТОнинг Афғонистондаги кучлари юкларини ташишдан бош тортмоқда.

Ёнилғи ва бошқа юклар ташийдиган 190 та машинадан иборат карвон кучли ҳимоя ёрдамида душанба куни Покистондан Афғонистонга эсон-омон ўтиб олди.

Бироқ хавфли Ҳайбар довонида толиблар ҳужумига учраётгани сабабли бундай карвонлар умуман тўхтаб қолиши мумкин.

16 декабр куни қарийб 3500та юк машина эгалари НАТО юкларини ташишни тўхтатишини маълум қилди.

Пешавор шаҳрида жойлашган Ҳайбар транспорт ассоциацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Афридий Озодлик билан суҳбатда қабул қилинган қарор сабабини тушунтирар экан, мана бундай деди:

- Транспорт воситаларимиз ва ҳаётимиз хавф остида. Ҳар бир машинамиз қарийб 4 миллион рупий туради. Биз НАТО юкларини ташишни норозилик ифодаси сифатида тўхтатиб турмоқчимиз.

4 миллион рупий 50 минг АҚШ долларига тенг ақча.Ўтган бир ҳафта ичида 2 ҳайдовчи ва бир соқчи ўлдирилди, машиналарга ўт қўйилди.

Афридий бошқаруви остидаги ассоциация ўтган ҳафтада 25та машинасидан ажради. Унинг айтишича, корхонаси ёнилғи ташийдиган машиналар учунгина товон пули олмоқда, бошқа машиналар ёки уларнинг юки учун товон тўланмаяпти.

Гул Муҳаммад Ҳайбар довони орқали НАТО юкларини ташийдиган оддий ҳайдовчилардан бири. Вазият тўғрисида ҳикоя қилар экан, у мана бундай деди:

- Бу ерда бизнинг хавфсизлигимиз таъминланмаган. Ҳужум қилиб қолишармикан, деб машинани терминалдан ташқарида тўхтатишдан ҳам қўрқамиз. Худди шундай таҳлика ва муаммолар йўлда ҳам бор. Шунинг учун ҳам вазифамизни кўнгилдагидай бажара олмаяпмиз.

Пешавордаги автокорхоналарга қарашли терминалларнинг қоровуллари ҳам асабийлашган: олаётгани 50 долларли ойлик учун улар бошларини ўққа тутиб бермоқчи эмас.

Яқинда амалга оширилган ҳужум пайтида қоровулларнинг қочиб кетгани тўғрисида Покистон газеталари ёзди.

Ҳайбар транспорт ассоциацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Афридийнинг айтишича, транспорт воситаларига ҳужумларнинг кўпайиб кетгани НАТОнинг Покистон ҳудудига ҳаводан берган зарбаларига жавоб бўлиши мумкин.

Автокарвонларига қилинаётган ҳужумларга қарши кураш йўллари ҳам изланмоқда. Пешавор полицияси терминалларни ҳамоялаш бўйича янги чоралар кўришини эълон қилди.

Хабарларга қараганда, Покистон юкларни ҳимоялаш учун ўзининг ҳарбийлаштирилган Чегара полициясидан фойдаланмоқчи. Бироқ Ҳайбар транспорт ассоциацияси раҳбари Муҳаммад Шокир Афридий бу чоралардан самара чиқишига ишонмайди. Унинг айтишича, Покистон маъмурлари жанггарилар ҳужумларига барҳам беришга қодир эмас.

- Вазият инқилобга ўхшаб кетаяпти. Тасаввур қилинг, 35та ғарб давлати Афғонистондаги вазиятни бошқара олмай турибди. Шунга қиёсласак, Покистон бир камбағаллашиб қолган давлатки, Толибон ва шунга ўхшаган ташкилотларни назорат қилиш учун ресурслари етарли эмас.

Шу кунда НАТО ҳарбийлари таъминотининг 75%и Покистон жанубидаги Карачи порти орқали амалга оширилмоқда. Юклар сўнгра Афғонистонга Ҳайбар -Хўжақ довонлари орқали етказилади.

Пайдо бўлган вазиятдан чиқиш мақсадида НАТО шимолдан – Россия, Кавказ ва Ўрта Осиёдан йўл изламоқда.
XS
SM
MD
LG