Линклар

Озодлик ҳамон ҳавода муаллақ


Азаттиқ радиосини қўллов намойишлари Қирғизистонда 2005 йилнинг 28 февралида - Март инқилоби арафасида ҳам бўлиб ўтганди.

Азаттиқ радиосини қўллов намойишлари Қирғизистонда 2005 йилнинг 28 февралида - Март инқилоби арафасида ҳам бўлиб ўтганди.

Озодлик радиоси қирғиз хизмати теле ва радиоэшиттиришларини эфирга узатиш борасида Қирғизистон Миллий телеканали билан ўтказилган музокаралар ҳозирча самара бермади.

Қирғиз матбуотида ёзилишича, Қирғизистон Миллий телеканали раҳбари Мелис Эшимқанов Озод Европа/Озодлик радиосининг қирғиз хизмати бўлмиш Азаттиқ эшиттиришларида ҳукумат кескин танқид қилинишига эътироз билдирган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, Мелис Эшимқанов ҳукумат Азаттиқ радиоси эшиттиришлари ва телекўрсатувлари мазмунини назорат қилинишини истаётганини билдирди. Аммо Вашингтондаги Халқаро эшиттиришлар бюроси кенгаши эса буни “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган таклиф” ўлароқ баҳолади.

Мелис Эшимқанов масала шу билан ёпилмагани ва бу борадаги музокаралар давом этишини айтди.

- Масала очиқ қолди. Эшиклар ҳали ёпилгани йўқ. Мен бу ҳақда ҳозир гапирмоқчи эмасман. Чунки яқинда бир сайтга суҳбат берган эдим. Айрим халқаро агентликлар суҳбат мазмунини бузиб талқин қилишибди. Шунинг учун бу масала охирига етмагунича мен гапирмай турганим маъқул, - деди Мелис Эшимқанов.

Айни пайтда Миллий телеканал раҳбарининг Азаттиқ радиоси эшиттиришларини ҳукумат назоратидан ўтказиб, шундан сўнг эфирга узатиш тўғрисидаги баёноти халқаро жамоатчилик томонидан кескин танқид қилинмоқда.

Бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси 16 декабрда қирғиз ҳукуматини “совет тажрибаси бўлган цензурадан воз кечиб, Азаттиқ радиоси эфирини қайта тиклаш”га чақирди. Е

вропада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик ташкилоти ҳам расмий Бишкекни сўз эркинлигига тўсиқлар қўймасликка даъват этди.

Бундан сал аввалроқ 15 декабр куни Вашингтондаги Халқаро эшиттиришлар бюроси вакиллари Бишкекка келиб, Миллий телеканал раҳбарияти билан Азаттиқ радиоси дастурларини қайта тиклаш борасида музокаралар ўтказган эдилар.

Азаттиқ дастурларининг тўхтатиб қўйилишига радионинг Миллий телеканалдан қарз бўлиб қолгани расмий сабаб қилиб кўрсатилганди.

Бироқ Халқаро эшиттиришлар бюроси Евросиё бўлими бошлиғи Энвер Сафирнинг айтишича, Қирғизистон Миллий телеканалига Вашингтондан беш марта 19 минг доллар миқдорида маблағ жўнатилган. Лекин бу пул Қирғизистондан яна Вашингтонга қайтарилган.

- Бу воқеанинг ғалати томони шундаки, фақат айрим жўнатмаларгина қайтарилган. Бошқа ҳисобларга жўнатилган пуллар эса қайтарилмаган.

Масалан, Миллий телеканалга жўнатилган маблағ беш марта Вашингтонга қайтарилган. Бу пул нега яна ортга қайтарилаётгани ҳақида бирор марта бизга тушунтириш берилмади, -деди Энфер Сафир.

Вашингтондаги Халқаро эшиттиришлар бюросининг маркетинг ва хорижий ҳамкорлар билан ишлаш департаменти раҳбари Гари Тэтчер эса Бишкекда ўтказилган музокаралар натижасини хулосалар экан, Миллий телеканал билан ҳамкорликнинг давом этишига умид билдирди:

- Бу ерда биз фақатгина техник муаммо борлигига амин бўлдик. Яъни биз жўнатган маблағ эгасига етмай, ортга қайтариб юборилаверган. Бу муаммони ҳал этиш учун биз ҳамкоримиз билан яқиндан ишлаймиз. Азаттиқнинг телерадиодастурлари эфирга узатилиши учун имкониятлар яратишни ҳам илтимос қилдик, - деди Гари Тэтчер.

Озод Европа/Озодлик радиоси қирғиз хизмати бўлмиш Азаттиқнинг “Ноқулай саволлар” ва “Азаттиқ+” теледастури ҳафтасига икки марта Миллий телеканал орқали намойиш этилар эди.

Азаттиқ радиоэшиттиришлари Миллий телеканалга тегишли радиотўлқинлар орқали республикага берилар эди. Бу дастурларнинг барчаси октябр ойида Миллий телеканал раҳбарияти қарори билан тўхтатиб қўйилган.
XS
SM
MD
LG