Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:54

Ўзбекистонда қашшоқлик кучаймоқда


Газга¸ электрга тўлашга қурби етмаган минглаб ўзбек оилалари қаҳратонда куну тунни иссиқ ва ëруғсиз ўтказишга маҳкум.
Газга¸ электрга тўлашга қурби етмаган минглаб ўзбек оилалари қаҳратонда куну тунни иссиқ ва ëруғсиз ўтказишга маҳкум.

“Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи камбағалликда яшайди ва аксар халқнинг коммунал хизматлар учун ҳақ тўлашга ҳам қурби етмай қолган.

Ўзбекистон парламентининг расмий нашри бўлган “Халқ сўзи” газетасининг ёзишича, айни пайтда мамлакат аҳолисининг 56 % қисми электр энергиясидан қарздор.

Баъзи ҳудудларда 70 % аҳоли электр энергияси ҳақини тўлаш имконига эга эмас.

Ўзбекистон парламентининг расмий нашри бўлган “Халқ сўзи” газетасидаги бу иқрор расмий Тошкентнинг мамлакат аҳолиси камбағаллигини қисман бўлса-да, тан олгани белгиси сифатида баҳоланмоқда.

Ошга топса, нонга йўқ...

Қорақалпоғистоннинг Манғит туманида яшовчи 42 ёшли Робия Ўтамуродова уч фарзанднинг онаси. Робия опа Ўзбекистондаги минглаб бозорчи аёллардан бири. Манғит бозорида савдо қилувчи бу аёл оиласи тирикчилигининг ягона манбаи бозор бўлиб қолган.

Робия Ўтамуродова Озодлик билан суҳбатда бозордан топадиган даромади кундалик ҳаражатларга зўрға етишини айтади.

- Учта фарзандим бор. Биттасига нарса олиб берсам¸ кейингиси кутиб туришига тўғри келади. Ҳаммасига бир вақтнинг ўзида олиб бера олмайман. Уларнинг ҳам кийгиси келади ахир. Яна китоб-дафтар деганлари бор, - дейди суҳбатдошимиз.

Робия опани қийнайдиган яна бир муаммо бу коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш масаласи.

- Имконияти борича бозор-ўчардан орттириб етказамиз, - дейди Робия опа.

Лекин, Робия Ўтамуродовага кўра, айрим пайтларда электр энергияси ёки табиий газ тўловларидан қарздор бўлиб қолишга ҳам тўғри келади. Айни муаммо аксарият ўзбекистонликларнинг асосий муаммоларидан биридир.

Тошкентлик 70 ёшли Насиба Эшмуҳаммедова ҳам коммунал тўловлар масаласида куйиниб гапиради.

Насиба хола пенсия пули кам бўлса-да¸ коммунал хизматлардан қарздор бўлишни ёмон кўради.

У еб-ичишдан тежаб бўлса-да¸ коммунал тўловларни ўз вақтида тўлашини айтар экан, бунинг ҳисобига оила дастурхони ғариблашиб қолаётганидан ўкинади.

- Пенсия нимага етади? Еб-ичишгами ëки коммунал тўловларгами? Биз иложи борича коммунал тўловлардан қарз қилмаймиз. Емасак ҳам тўлаймиз, - дейди Насиба Эшмуҳаммедова .

Ярим миллион сўм қарз бўлиб қолганлар бор

Андижонлик Шокиржон Мўминовга кўра, ойлик маошлари ва пенсиялар камлиги сабабли¸ кўпчилик аҳолининг коммунал тўловларни тўлашга қурби етмаяпти.

- Минимум яшаш бор-ку¸ ўшанинг 10 фоизига ҳам етмаяпти ҳозир бизнинг ойликлар. Мана, мен ҳозир пенсияга чиқдим. Коммунал тўловлардан ҳозир аҳвол жуда ҳам танг.

Ҳозир пенсия олмаëтганларнинг коммунал тўловлардан қарзи ниҳоятда кўпайиб кетган. Кимнингдир 100 минг сўм қарзи бор, кимнингдир 300 минг, ҳатто коммунал тўловлардан 500 минг сўмгача қарз бўлиб қолган одамлар бор, - дейди Шокиржон ака.

Қарздорлар судга берилмоқда

Андижон вилояти Асака шаҳар газ таъминоти мутасаддиларидан бири аҳолининг табиий газдан қарзи ҳам анча катта эканлигини айтади.

Озодлик: Аҳолининг сизлардан қарздорлиги қанча?

- 1 миллиард сўм атрофида бор. Бу Асака шаҳриники.

Озодлик: Буни қанақа қилиб ундираяпсизлар?

- Тармоқни кесаяпмиз. Тўламайдиган бўлса¸ судга бераяпмиз.

Масала нафақадан чегириб қолиш йўли билан ҳал қилинаяпти

Ўзбекистонда аҳолидан қарзни ундириш учун шу каби турли йўллар қўлланилмоқда. Хоразмлик пенсионер аёллардан бирига кўра, пенсионерларнинг нафақа пулларидан мажбурий равишда ушлаб қолиш ҳам ана шундай чоралардан биридир.

- Газ билан чироққа ушлаб қолиб¸ роса азоб беришаяпти. Бўлмаса газдан ҳам¸ чироқдан ҳам қарзимиз йўқ. Барибир мажбурий ушлаб қолишади. Қарзинг бўлсин¸ бўлмасин - фойдаси йўқ. Барибир ушлаб қолишади, - дейди хоразмлик пенсионер.

Бир тарафдан аҳолининг коммунал тўловлардан қарздорлиги катта эканлиги таъкидланса, иккинчи томондан коммунал тўловлар нархи бетўхтов оширилмоқда.

Жорий йилнинг ўзида айрим коммунал тўловлар нархи икки ва уч мартадан оширилди. 1 октябрдан бошлаб табиий газ, электр энергияси, иссиқ ва совуқ сув нархлари ҳамда иситиш хизматлари учун тўловлар 15 фоизга қимматлади.

XS
SM
MD
LG