Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:44

OPEK нефт нархини оширмоқчи


Июл ойида бир барели 147 долларга сотилган нефт нархининг ҳозирда 50 доллардан ҳам пастга тушгани¸ иқтисоди асосан нефт долларларига қарам ОПЕК аъзоларига катта зарба бўлди.
Июл ойида бир барели 147 долларга сотилган нефт нархининг ҳозирда 50 доллардан ҳам пастга тушгани¸ иқтисоди асосан нефт долларларига қарам ОПЕК аъзоларига катта зарба бўлди.

Нефт экспорт қилувчи давлатлар уюшмаси ОПЕК жаҳон бозорида нефт нархининг кескин тушишини тўхтатиш мақсадида маҳсулот ҳажмини кескин қисқартиришга қарор қилди.

Дунë бозорига чиқарилаëтган кундалик нефтнинг 40 фоизини ОПЕКка аъзо 13 давлат етказиб беради.

Биргина қарори билан бозордаги нархни ўзгартириш имконига эга бу 13 давлат нефт вазирлари чоршанба куни кундалик нефт ҳажмини 2 миллион 200 баррелга қисқартириш режасини маъқуллади.

Гарчи расман ОПЕКка аъзо бўлмаса-да Россия ҳам¸ чоршанба куни Жазоирнинг Оран шаҳрида ўтаëтган ташкилот йиғинига ўз вакилларини жўнатди ва бу билан нефт ҳажмини қисқартириш режасига қўшилиш истагини намоëн қилди.

Дунëдаги энг йирик нефт экспорт қилувчи давлат Саудий Арабистони нефт вазири Али ал-Наимий¸ глобал молиявий бўҳрон оқибатида нефтга нисбатан талабнинг камайгани¸ нефт ўзлаштириш ҳажмини ҳам қисқартиришга мажбур қилганини айтади.

- Молиявий вазият туфайли бозорга талабга нисбатан кўпроқ нефт таклиф қилинмоқда. Талаб ва таклиф ўртасидаги мувозанатни қайта тиклаш учун биз кундалик нефт ўзлаштириш миқдорини 2 миллион баррелга камайтиришимиз лозим¸ деди чоршанба кунги қарор арафасида Саудий расмийси.

Бошқа ОПЕК аъзолари томонидан ҳам қўллаб-қувватланилган бу таклиф ташкилотнинг 50 йиллик тарихида мисли кўрилмаган ҳодиса бўлди.

ОПЕК ичида энг катта таъсирга эга Саудий нефт вазири ал-Наимий¸ ўз подшоҳлиги аллақачон нефт ўзлаштириш ҳажмини камайтиришга ўтганини қўшимча қилади.

- Августдан то ноябрга қадар биз кундалик нефт ҳажмини 9¸7 миллион баррелдан 8¸5 миллион баррелга туширдик. Қолган ОПЕК аъзолари ҳам кундалик ўзлаштириш миқдорини 500 минг баррелгача қисқартиришди. Ҳозиргача ОПЕК ичидаги кундалик умум қисқартириш 1 миллион 700 минг баррелни ташкил этади¸ деди Саудий Арабистони нефт вазири.

Эндиликда ОПЕК аъзолари¸ дунëдаги йирик нефт экспортчиси бўлган Россиянинг ҳам¸ бу жараëнга қўшилиши ва кундалик нефт ўзлаштиришни 600 минг баррелга қисқартиришига умид қилмоқдалар.

Ҳафта бошида Россия ëнилғи ва табиий заҳиралар вазирлиги ОПЕК раҳбариятига жаҳон нефт бозоридаги нархни барқарорлаштириш борасида ҳамкорлик қилишга оид меморандум лойиҳасини жўнатди.

Айни пайтда¸ Россия президенти Медведев¸ ўз маъмурияти Россиянинг ОПЕКка аъзо бўлиш имконини кўриб чиқаëтганини маълум қилди.

Жаҳон бозорида бир баррел нефт нархининг қарийб 100 долларга камайишидан энг кўп зиëн кўрган Россия¸ ҳозирда ўз даромадининг асосий қисмини ташкил этувчи нефт долларлари миқдорини кўпайтириш йўлларини изламоқда.

Россия иқтисоди тушиб қолган ана шу оғир вазият¸ уни ОПЕК аъзолари сафига киришга мажбур қилиши мумкин. Ташкилотнинг жорий президенти¸ Жазоир ëнилғи вазири Хакиб Хелил ҳам шунга умид билдирди.

- Биз Россиянинг сафимизга қўшилишига доим умид қилиб келамиз. Агар Россия ОПЕКка аъзо бўлса¸ ташкилотнинг жаҳон бозорига чиқарилаëтган нефт ҳажмини назорат қилиш қурби янада ошади. Агар Россия сафимизга кирса¸ дунë бозоридаги нефтнинг 50 фоизи ОПЕК аъзолари ҳиссасига тўғри келади¸ деди ташкилот президенти.

Россия¸ Мексика ва Норвегия каби нефт экспортчилари гарчи ОПЕК аъзоси бўлмаса-да¸ жаҳон бозорида нефт нархи кескин тушиб кетган даврларда ташкилот билан яқиндан ҳамкорлик қилади.

Шу йилнинг июл ойида 147 долларга кўтарилган бир баррел нефт нархи сешанба куни 43 доллардан сотилди.
XS
SM
MD
LG