Линклар

Ўзбекистонда АҚШ базаси очилади..ми?

  • Алишер Сиддиқ

АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги ўз ҳарбийлари фаолиятини таъминлаш учун зарур айрим юкларни Қирғизистоннинг Манас аэропорти орқали амалга ошириб келмоқда.

АҚШ ҳарбийлари Афғонистондаги ўз ҳарбийлари фаолиятини таъминлаш учун зарур айрим юкларни Қирғизистоннинг Манас аэропорти орқали амалга ошириб келмоқда.

Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базасининг қайта очилиш эҳтимоли ҳақидаги гап-сўзлар ва АҚШ расмийларининг бу эҳтимолни инкор этиши сўнгги бир йил давомида бир неча бор кузатилди.

Бу гал мавзунинг яна бир бор кўтарилишига Россия қуролли кучлари Бош штабининг бошлиғи Николай Макаровнинг Москвадаги ҳарбий академияда қилган чиқиши сабаб бўлди.

- АҚШ дунёнинг барча минтақалари, жумладан, Европани ҳам ўз ҳарбий базалари билан қамраб олган. Бундай базалар Болгария ва Руминияда ташкил этилган. Шунингдек¸ АҚШ ўз янги базаларини Қозоғистон ва Ўзбекистонда очишни режалаштирмоқда¸ – деди Николай Макаров.

АҚШ Давлат Департаментининг Евроосиё масалалари бўйича мулозими Мэтью Брайза АҚШ нинг Ўзбекистон ва Қозоғистонда ҳарбий база очиш режаси борлигини ҳақиқатдан йироқ деб атади.

Тошкентдаги АҚШ элчихонаси матбуот вакили Молли Стивенсон ҳам базалар очиш масаласи кун тартибида бўлмаганини таъкидлади.

- Бу ерда ҳарбий базани очиш режаси йўқ. Бу масала кун тартибида эмас. Бу ерга бир қатор АҚШ ҳарбийларининг ташриф билан келиб кетгани рост. Бироқ ўзбек расмийлари билан учрашувлар давомида ҳеч ким бу масалани кўтармади¸ – деди элчихона вакили.

Москвадаги ҳарбий таҳлилчи Павел Фельгенгауэр фикрича, ўзаро музокараларда Ўзбекистонда АҚШ нинг тўлақонли ҳарбий база мақомига эга ҳарбий иншоотини очиш ҳақида гап бормаган бўлиши мумкин.

Бироқ НАТО юкларини Покистон орқали олиб ўтиш масаласи қийинлашган сайин¸ Ўзбекистон ва Туркманистонда каттароқ ҳарбий омборхоналарнинг ташкил этилиши эҳтимолдан йироқ эмас.

- Афғонистондаги анча йирик ҳарбий гуруҳ таъминотини йўлга қўйиш учун янги транспорт тармоқларининг пайдо бўлишини кутиш мумкин¸ – дейди таҳлилчи.

2001 йил Афғонистондаги толибон ва Ал-Қоидага қарши ҳарбий амалиётларнинг дастлабки босқичида АҚШ Қарши-Хонобод ҳарбий аэропортидан ёрдамчи истеҳком сифатида фойдаланган эди.

АҚШ ва Ўзбекистон алоқаларини мисли кўрилмаган даражада ёмонлаштирган Андижон воқеаларидан сўнг, 2005 йилнинг 25 ноябр куни АҚШ сўнгги ҳарбий учқичи Хонободни тарк этар экан, Вашингтон бу базанинг аҳамиятини пасайтиришга ҳаракат қилди.

2005 йилдан буён Ўзбекистонга келган АҚШ Давлат департаменти ва Мудофаа вазирлигининг юқори мартабали расмийлари асосан бузилиб кетган алоқаларни тиклаш борасида қайғурганларини кузатиш мумкин.

Уларнинг Ўзбекистонда базани қайта очиш масаласи кўтарилмагани ҳақидаги баёнотларида ҳам жон борга ўхшайди.

Вашингтонлик таҳлилчи Абдуманноб Пўлатов Тошкент ва Вашингтон ўртасида қайта тикланган муносабатлар тадрижи¸ мантиқан бу нуқтага етмаган¸ деган фикрда.

- Ҳозирча Ўзбекистонда ҳарбий базани қайтадан очиш¸ Хонобод ëки унинг ўрнига бошқа биттасини очиш масаласи кун тартибига муҳим масала сифатида қўйилмаяпти. Чунки ўртадаги муносабатлар ҳали ҳам анча совуқ. Икки томонда ҳам бир-бирига нисбатан ҳали шубҳа бор¸ дейди Абдуманноб Пўлатов.

Шу йилнинг 2 июн куни АҚШ давлат котиби ўринбосари Ричард Баучерни Оқсаройда қабул қилган президент Каримов¸ АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларни аввалги даражага қайтариш зарурлигини айтган эди.

- Яқиндан бошлаб икки томонлама муносабатларимизда пайдо бўлган динамика ва ўзгаришлар, АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги мулоқот муносабатларимизни аввалги даражага қайтариш зарурлигини тақозо этмоқда. Бу вазиятни биз Ўзбекистонда юксак мамнуният билан кузатмоқдамиз¸ – деган эди ўзаро учрашувдан сўнг президент Каримов.

Ушбу баёнот самимий бўлса, бу Ўзбекистонда АҚШ ҳарбий базаси фаолиятига яна рухсат берилишини англатадими?

Абдуманноб Пўлатов фикрича, келаси ойдан бошлаб Вашингтонга Афғонистонда тинчлик ўрнатишни устивор мақсадлардан бири қилиб белгилаган Обама маъмуриятнинг иш бошлаши кутилмаган эврилишларга сабаб бўлиши мумкин.

-Бир ой ўтгандан кейин янги маъмурият ҳокимиятга келади. Бу бутунлай бўлмаса-да¸ вазиятнинг бирмунча юмшашига йўл очади. Зотан¸ ўз вақтида Ўзбекистон-АҚШ муносабатларини совуқлашишига ҳисса қўшганлардан ҳеч ким қолмайди у ерда.

Икки томонда ҳам манфаат ëтибди. Ўртада келишиладиган шартлар¸ агар Ўзбекистон манфаатларига мос келадиган бўлса¸ бу Ўзбекистон учун ҳам керак¸ Туркманистон учун ҳам шундай базалар керак¸ дейди Абдуманноб Пўлатов.
XS
SM
MD
LG