Линклар

logo-print

Болалар ҳам мардикорга кетмоқда

  • Ҳурмат Бобожон

Глобал молиявий бўҳрон дунëнинг аксар мамлакатларида иш топиш имконини йўққа чиқараëтган бўлса-да¸ узоқ ва яқин хорижга иш излаб кетаëтган ўзбекистонликлар кети узилмаëтир.

Глобал молиявий бўҳрон дунëнинг аксар мамлакатларида иш топиш имконини йўққа чиқараëтган бўлса-да¸ узоқ ва яқин хорижга иш излаб кетаëтган ўзбекистонликлар кети узилмаëтир.

18 декабр БМТ томонидан халқаро мигрантлар куни деб эълон қилинган. Дунë бўйлаб сочилиб кетган 200 миллионлик мигрантлар армиясинин¸ қарийб 8 миллионини ўзбекистонликлар ташкил этади.

Мигрантлар куни муносабати билан ана шу ўзбек мигрантлари ҳаëтининг айрим жиҳатларига назар ташлаймиз.

Қоронғу дунë экспортчилари


Европага келаётган меҳнат муҳожирлари ўзлари билан ватанларидаги “қоронғу дунё” қоидаларини ҳам олиб келмоқда. Ҳозирги кунда Чехияда ишлаётган айрим ўзбекистонлик муҳожирлар улардан доля, яъни улуш талаб қилаётган турли гуруҳларидан шикоят қилишмоқда.

Шундай гуруҳлар орасида ўзбекларнинг ҳам борлиги айтилади.

Уларга кўра, Чехияда анча йиллардан бери яшаётган Олмос деган одам ўз атрофига йигитларни тўплаб¸ ўзбекистонлик муҳожирларни қўрқитиб¸ улардан пул ундириш билан шуғулланиб келмоқда.

Ўзбекистонлик Азизнинг Чехияга келганига уч йил бўлди. Келганининг дастлабки йили у Прагадаги қурилишларда ишлади. Яқинда эса унинг ўзи хусусий ширкат очиб¸ шахсий бизнесини йўлга қўйди.

Сал ўтмай Чехиядаги ўзбек, украин ва тожиклардан иборат гуруҳ ундан “доля” яъни улуш талаб қила бошлади. Уни қоронғи хонага олиб кириб қўрқитишди, “доля” бермасанг ўлдирамиз¸ деб пўписа қилишди.

Азиз: Пул талаб қилади¸ қўрқитади¸ пичоқ кўтариб пешонангизга қадайди. Бекордан-бекор қадамаса керак.

Озодлик: Нима хоҳлашаяпти улар?

Азиз: Пул. Ойига 500 доларми¸ 1000 долларми¸ 300 долларми ҳаводан егиси келганда. Прагада қайси ўзбек қаерда ишлаяпти¸ нима қилаяпти ҳаммасидан хабардор.

Мен уларнинг кўзида ойига 5-6 минг доллар пул топар эканман. Уларнинг калласи бўйича одамларни квартирага¸ ишга жойлаб пул олар эканман.

Қисқаси¸ уларнинг фикри бўйича мен жуда ҳам ақлли¸ пултопар бола эканман. Ойига йўқ деганда 150 минг крон (тақрибан 8000 доллар) топар эканман. Мен ўша пулдан 15¸ 20 минг крон (тақрибан 1000 доллар) ажратсам¸ ҳеч қаерим камайиб қолмас экан.

Азизнинг айтишича, Чехияда анча йиллардан бери яшаётган Олмос деган одам ўз атрофига йигитларни тўплаб¸ ўзбекистонлик муҳожирларни қўрқитиб¸ улардан пул ундириш билан шуғулланиб келмоқда.

Азиз: Улар ҳеч қаерда ишламайди. Уни қўрқитиб¸ буни уриб кетиб¸ бунинг пулини олиб – қиладиган иши шуда. Бировнинг орқасидан кун кўрадиган қип-қизил текинхўр.

Озодлик: Булар кимлар¸ ўзбекларми?

Азиз: Тожик¸ украин¸ ўзбек. Болаларни чеккароққа кўришамиз деб чақириб¸ уриб синдириб ташлаган. Энди пичоқни жуда тиқмас эканку¸ болдирига¸ думбасига пичоқнинг учини тиқиб¸ пистолет тираб қўрқитаркан.

Бировнинг меҳнат қилиб топган пулига шерик бўлмоқчи. Ўзи эрталаб 6 да уйдан чиқиб кетиб¸ кечқурун 7-8 гача ишлаб озгина пул топса¸ кейин кўзи очилади. Шунда пулнинг қанақа топилишини билади. Бу ҳақиқатда.

Мана мен билан яшайдиганлар қоронғида чиқиб кетади¸ қоронғида келади. 700 дан 900 долларгача пул топади. Бунинг ичида квартира пули бор¸ ейиш-ичиши бор¸ йўлкираси бор. Қолса 500-600 доллар қоладида¸ деб зорланади Азиз.

Чехияда ишлаётган бошқа бир меҳнат муҳожири ҳам шундай гуруҳ борлигини ва ўша гуруҳ унга ҳам пўписа қилганини айтди. Аммо, хавфсизлик нуқтаи-назардан микрофонга гапиришни истамади.

Азизнинг айтишича, кўпчилик ўзбекистонлик муҳожирлар доимий қўрқитишларга чидай олмай Чехиядан кетиб қолишмоқда.

Азиз: Болалар қўрққанидан “Бу ерда ўлиб кетаман¸ шекилли. Менга тўғри келмас экан” деб 3-4 кун ичида поездга билет олиб¸ қочиб ҳам кетган. Менга ҳам икки марта пўписа қилишди. Мени ҳам қочиб кетармикан деб ўйлашди. Лекин менинг кетгим келмади. Ўзи йўқчиликдан қочиб келдик. Отса отиб қўя қолсин.

Сўнгги бир йил давомида камида уч ўзбекистонлик муҳожирнинг Чехияда ўлдириб кетилгани маълум. Лекин, ҳалигача уларнинг қотиллари ушлангани йўқ.

Аввалроқ пойтахт Прагада қотилликда гумон қилинган Ўзбекистоннинг тўрт фуқароси ҳибсга олинган эди.

Чехия полицияси тарқатган маълумотга кўра, ҳибсга олинган ўзбеклар Прага марказидаги уйлардан бирида бир қизни ўлдиришда ва бир шахснинг жонига суиқасд қилишда айбланган.

Бу шахсларнинг бошқа жиноятларга ҳам алоқаси борлиги айтилади. Бундай жиноятлар Чехияда украиналиклар ва пост совет ўлкаларидан келган муҳожирлар ҳамда въетнамликлар тарафидан кўп содир этилади.

- Улар ўзлари билан яшаётган давлатлардаги “қоронғу дунё” қонуниятларини ҳам Европага экспорт қилмоқда. Агар улар тарафидан жиноятлар кўп содир этилаверса¸ бунинг оқибатида ўзбекистонликларнинг Чехияга виза олишлари қийинлашиши табиий. Чунки Чехия въетнамликларга аллақачон виза бермай қўйган, - дейди Прагада яшаётган ўзбек фуқароси Рўзибой ака.

Айни пайтда¸ Чехияда постсовет ўлкаларидан келганлар тарафида содир этилаëтган жиноятлар ҳақида маълумот олиш учун Чехия полициясига ҳам мурожаат этдик.

- Биз Чехияда содир этилган умумий жиноятлар ҳақида маълумот беришимиз мумкин, лекин бу жиноят қайси миллат вакиллари тарафидан содир этилгани ҳақида айтсак¸ шу миллат вакилларини камситган бўламиз. Чехия худудида ҳамма қонун олдида баробар – у хоҳ чех бўлсин¸ хоҳ украин¸ хоҳ ўзбек, - деди Чехия полицияси матбуот вакили.

Чехия полициясига кўра, бугунги кунда 2122 ўзбек фуқароси ишчи визаси билан Чехия республикасида истиқомат қилмоқда.

- Бизда ишчи визаси билан қайд этилган ўзбек фуқароларининг умумий сони 2122та. Қайтариб айтаман булар уч ойдан ортиқ муҳлатга Чехияга келган ўзбеклар сонидир, - деди Чехия полицияси вакиласи.

Аммо, кўпчилик ўзбекистонлик муҳожирлар Польша ва бошқа давлатлар визаси билан ҳам Чехияга келиб ишламоқда.

Шунингдек, ўқиш визаси билан келиб ишлаётган ўзбекистонликлар ҳам талайгина.


Мардикорга кетаëтган болалар


Комила Собирова

Жаҳон молиявий инқирози таъсирида хорижий ўлкалардаги меҳнат муҳожирларининг аксарияти юртга қайтаëтгани хабар қилинаëтган бўлсада¸ Қозоғистондаги меҳнат муҳожирлари уйга қайтишга у қадар шошилмаяпти.

Қозоғистондаги ўзбек меҳнат муҳожирларининг ўзга юртда узоқ вақт қолиб кетаëтгани ва уларнинг бугунги ҳаëтини яқиндан ўрганиш мақсадида қашқадарëлик Азимжон исмли меҳнат муҳожирини суҳбатга тортдик.

Азим: Қозоғистонда¸ Россияда қолиб кетганлар¸ 2-3 йиллаб бормаганлар бор.

Озодлик: Бунинг сабаби нимада?

Азим: Энди бу ерда ишласа пул бор. Ўзбекистонга борса¸ пули 3-4 ойда тугайди. Ўзбекистонда ишлайман деса¸ иш йўқ. Тинчгина шу ерда ишлаб¸ ортиқча пулни уйига жўнатиб¸ ортмаса ўз кунимни кўриб юрибманку деб юришибдида. Ўзбекистонга борса¸ ишлаш учун яна қайтиб келишга тўғри келади. Шу томондан¸ менимча¸ шунақа бўлса керак.

Озодлик: Ўзбекларнинг Қозоғистонга келишларига фақат муҳтожлик сабабми ëки бошқа сабаблари ҳам борми?

Азим: Йўқ¸ битта сабаб: муҳтожлик. Муҳтожлик бўлмаса бу ерга келишмайди.

Озодлик: Улар оиласига ҳам пул жўнатиб туришадими?

Азим: Ҳа¸ жўнатади¸ лекин жўнатмай қўйганлари ҳам бор. Сурхондарë¸ Қашқадарëдан келган¸ 4-5та боласи борлар 2-3 йил бўлди уйга борганим йўқ¸ дейди.

Озодлик: Бу ердаги ўзбек мигрантларининг аҳволи қанақа? Улар қай тарзда яшашади?

Азим: Ўзбекистон фуқароларининг бу ерда яшаши қийин.

Озодлик: Ўша қийинчилик нимада акс этади?

Азим: Қийинчилик мана бойнинг қўлида ишлайди¸ пулини хоҳласа беради¸ хоҳламаса бермайди. Бир ярим йилдан бери ишлаб юрган 5-6 бола уйга ҳали пул жўнатганимиз йўқ¸ дейди. Милицядан қочиб¸ рўйхатдан ўтмасдан¸ ишлаб пулини ололмай юрибди. Совуқда подвалларда ëтиб...э жуда яшаш қийин.

Мавзуни ëритиш асносида жорий йилда Ўзбекистондаги иқтисодий танглик нафақат ëши катта балки вояга етмаган ўзбекларнинг ҳам мардикорлик қилиш учун хориж давлатларига чиқиб кетганини кузатдик.

Қозоғистондаги инсон ҳуқуқлари бюросининг болалар меҳнатига қарши кураш бўйича мутахассиси Роза Оқилбековага кўра¸ жорий йилда Қозоғистонда эксплуатация қилинган вояга етмаганларнинг аксариятини меҳнат муҳожирларининг фарзандлари ташкил қилади.

-Эксплуатация қилинаëтган болаларнинг аксарияти¸албатта¸ меҳнат муҳожирларининг боласи¸ дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Вояга етмаганларнинг Қозоғистонга ишга олиб келинаëтганини андижонлик мардикор Зафаржон ҳам яширмайди.

Зафаржон: Масалан¸ мен борсам ëш болалар иш сўрайдида. 15-16 яшар болаларни ота-оналари “Сизнинг ëнингизда юриб¸ бир-икки сўм топиб келсин” деб ўзлари олиб келади.

Озодлик: Бу 15-16 яшар болалар бу ерда нима иш қилишади?

Зафаржон: Бу ерда бизни креслога ўтирғизмайди ëки яхши иш бермайди. Бизники асосан қора ишларда. Қурилишларда ëки қанақадир заводларда ишланади. Иш билмаса¸ ўргатилади.

Озодлик: Қозоғистонлик ишга олувчилар бунинг қонунга зид эканлигини билишади. Нима улар бу ëш болаларни ноқонуний ишлатишадими?

Зафаржон: Ким ишлайди¸ нима иш қилади бунинг уларга қизиғи йўқ. Вақти келса¸ биз ҳам уларни алдаб қўямиз. Биз ҳам 15 яшар демаймиз¸ 18 яшар деймиз. Шунақа қилиб ишга жойлаштирилади.

Озодлик: Нимага яширасизлар?

Зафаржон: Уйда ейишга нарса¸ кўчага чиқса ишлашга иш йўқ. Одамларда печкага ўтин йўқ. Биз борганимизда олдимизга ота-оналар боламни олиб кетинг¸деб ялиниб келишади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG