Линклар

Тожикистон: огоҳликкa даъват

  • Гулнора Равшан

Халқ демократик партияси масъулларининг диний оқимларга қарши курашни кучайтириш тўғрисидаги даъвати тожик жамиятида диндорларни таъқиб этишга баҳона ўлароқ қаралмоқда.

Халқ демократик партияси масъулларининг диний оқимларга қарши курашни кучайтириш тўғрисидаги даъвати тожик жамиятида диндорларни таъқиб этишга баҳона ўлароқ қаралмоқда.

Ҳукмрон Тожикистон Халқ демократик партияси мамлакатдаги бошқа сиёсий партияларни жамиятдаги диний экстремистик гуруҳларга қарши аёвсиз курашга чақирди.

Президент Имомали Раҳмон бошчилик қилаётган бу партия раиси ўринбосари Давлатли Давлатзода Ҳизбут-Таҳрир, Байъат, Аҳмадия ҳамда бундан бир неча йил аввал ташкил этилиб, мамлакатда расман қайдга олинмаган Салафиянинг ноқонуний фаолияти давлат миллий хавфсизлигини савол остига қўяётганини таъкидлади.

- Шунинг учун мамлакатдаги барча сиёсий доиралар, жумладан, Ислом уйғониш партияси ҳам жамиятимизда ноқонуний амал қилаётган бу гуруҳларга қарши курашда фаол бўлишлари зарур.

Биз бу гуруҳларнинг мамлакат сиёсий вазиятига таъсири олдини олишимиз шарт. Чунки уларнинг жамиятда мавжудлиги миллий хавфсизлигимизга жиддий таҳдид туғдираётир. Бу давлат раҳбарининг даъвати ҳамдир, - деди Халқ демократик партияси расмийси Давлатзода.

У номи тилга олинган гуруҳлар фаолияти мамлакат жорий қонунларига хилофлиги ва бу борада кўплаб маълумотлар тўпланганини таъкидлар экан, бу борада ортиқча изоҳдан тийилишини билдирди.

Шунингдек, Давлатали Давлатзода асли хорижда ташкил этилиб, сўнгра минтақа давлатлари, жумладан, Тожикистонда қулоч ёяётган диний-экстремистик гуруҳларга қарши курашга доир даъват мамлакат фуқароларининг ҳам вазифаси эканини таъкидлайди.

Айни пайтда¸ Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъуллари Салафиянинг экстремистик ва хавфли гуруҳлар қаторида саналишига рози эмаслар.

Ислом уйғониш партияси масъулларидан бири Воҳидхон Қосиддинов Байъат гуруҳининг тожик жамиятида мавжудлиги хаëлдан бошқа нарса эмаслиги¸ ҳамда салафийларга босим ўтказиш йўли билан курашиш мутлақо хато иш эканини уқтиради:

- Байъат гуруҳи Тожикистонда умуман фаолият қилмайди. Бу айрим гуруҳларнинг баъзи биродарларимизни шу йўл билан қамоққа ташлаш учун ўйлаб топган уйдирмаси. Аввал ҳам шундай бўлган эди. Ҳозирга қадар байъатчи деб ҳибсга олинганлар озодликка чиқарилмаган. Ваҳоланки, бундай ташкилотнинг ўзи йўқ жамиятимизда.

Биз ҳам Ҳизбут-Таҳрир танлаган йўлни қоралаймиз. Аммо салафий биродарларимиз бундан истиснолар. Уларга босим ўтказиш, уларни жазолаш орқали жамиятдан чиқариб юборишга биз қаршимиз, - дейди Тожикистон Ислом уйғониш партияси расмийси Қосиддинов.

Салафия оқимига эргашувчилардан бири Раҳматуллоҳ Раҳматов эса бу оқим фаолияти мамлакат қонунлари доирасида эканини таъкидлайди:

- 1992 йили Тожикистонда қабул қилинган “Дин тўғрисидаги қонун”га амал қилган ҳолда иш олиб борамиз. Биз бирор жойда йиғин, митинг ёки анжуман ўтказганимиз йўқ. Бизни экстремистик гуруҳлар қаторига қўшишларида асос йўқ, - деди салафий Раҳматуллоҳ.

Дин бўйича таҳлилчи Абдуллоҳи Раҳнамо Тожикистон халқ демократик партиясининг ноқонуний диний экстремистик гуруҳларга қарши курашни кучайтиришга оид ташаббусини қувватлайди.

- Аммо бу партия кутилган натижаларга эришиш учун мамлакатдаги ҳанафийшунос дин уламолари, исломшунос олимлар ва тажрибали мутахассислар билан ҳамкорликни йўлга қўйиши шарт. Чунки бу партиянинг диний-экстремистик гуруҳлар фаолиятини ўрганишида етарли билим ва тажрибага эгалиги ҳозирча савол остида қолмоқда, - деди Абдуллоҳи Раҳнамо.

Тожикистон Олий суд ҳукми билан Ҳизбут-Таҳрир ҳамда Ўзбекистон исломий ҳаракати экстремистик ташкилот деб эълон қилинган ва тожик жамиятида фаолияти таъқиқланган.

Айни пайтда¸ Озодлик мухбири суҳбатда бўлган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Суръат Икромов минтақа давлатларида ҳизбчи, салафий ва шу каби оқим вакилларини “олабўжи” қилиб кўрсатиш шу кунда одатий ҳолга айланганини айтади.

Бу оқимларнинг ҳеч қайсисининг мафкуравий йўлини ёқламаган ҳуқуқ ҳимоячиси ¸ мазкур оқимлар вакилларини қамаш учун минтақа адлиясида ҳуқуқий асоснинг ҳам йўқлигини қайд этади.

XS
SM
MD
LG