Линклар

logo-print

Қозоқлар Желтўқсонни хотирладилар


Олмаотанинг Республика майдонига йиғилган намойишчилари қозоқ ҳукуматининг ушбу воқеаларга сиёсий баҳо бермаётганига нисбатан ўз норозиликларини изҳор қилдилар.

Олмаотанинг Республика майдонига йиғилган намойишчилари қозоқ ҳукуматининг ушбу воқеаларга сиёсий баҳо бермаётганига нисбатан ўз норозиликларини изҳор қилдилар.

Бундан 22 йил аввал Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган талабалар қўзғолони - Желтўқсон воқеалари қозоқ жамияти учун ҳали-ҳамон ўз долзарблигини йўқотганича йўқ.

1986 йил декабрида Олмаотада бўлиб ўтган қонли тўқнашувларнинг бевосита иштирокчилари 17 декабр куни жанубий пойтахт марказидаги республика майдонида йиғилдилар.

Желтўқсон иштирокчилари, гарчи ушбу воқеага 22 йил тўлган бўлса-да, Қозоғистон ҳукумати ўтмишдан жой олган бу кунга сиёсий тус ва расмий баҳо бермасликка ҳаракат қилаётганига ўз норозиликларини билдирдилар:

- Желтўқсон воқеаларининг одамни энг ажаблантирадиган жойи шуки, ундан сўнг жазога тортилган ва калтак еган одамлар бўлди.

Бироқ бу воқеаларнинг асл гуноҳкорлари четда қолиб кетди. Желтўқсон воқеасининг бўлиб ўтишига туртки бўлган воқеалар ва уни ташкил қилган шахслар ҳали-ҳамон соя остида қолмоқда, - деди “Миллат тақдири” жамоатчилик ташкилоти раҳбари Дўс Қўшим.

Желтўқсон воқеалари муносабати билан 17 декабр куни ўтказилган хотира маросимига қозоқ мухолифати аъзолари ҳам иштирок этдилар.

Улар Олмаотанинг марказида жойлашган республика майдонида ерости кўнгилочар марказининг қурилишига нисбатан кескин норозилик изҳор қилдилар:

- Улар бу ерда савдо маркази қуришмоқчи, нима учун сиз - Желтўқсон воқеаларининг иштирокчилари бунга қаршилик билдирмайсизлар. Олмаотанинг собиқ ҳокими бу ерда, яъни бегуноҳ одамларнинг қони тўкилган жойда савдо маркази, кўнгилочар марказ қурмоқчи, - деди маросимда иштирок этган мухолифатчи Бўлат Абилов.

Олмаотанинг республика майдонида бўлиб ўтган декабр воқеалари иштирокчилари ва мухолифатчиларнинг намойиши тинч, тартибсизликларсиз ўтказилди.

Олмаота полицияси намойиш тугагунга қадар майдонни тарк этмаган ҳолда, намойишчиларнинг ҳар бири ҳаракатини кузатиб турди.

1986 йилнинг 17 декабр куни Олмаотада бўлиб ўтган Желтўқсон воқеалари қозоқ ёшларининг Совет ҳукумати юритаётган сиёсатига қарши норозилиги ифодаси сифатида юзага келганди.

Бироқ ҳозиргача 22 йил аввал бўлиб ўтган ўша машъум кунда ҳалок бўлганларнинг аниқ сони ошкор қилинмаган. Баъзи норасмий маълумотларга кўра, ўша воқеалар пайтида мингдан зиёд бегуноҳ ёшларнинг қони тўкилган.
XS
SM
MD
LG