Линклар

logo-print

Бу нима бу?!!

  • Абдулла Искандар

Бугун 50 ëшни қаршилаган Даврон Ғоипов¸ “Бу нима бу?” деб стадионларда ҳайқирган ëшлик кезларида шуҳрат ҳақида ўйламаганини айтади.

Бугун 50 ëшни қаршилаган Даврон Ғоипов¸ “Бу нима бу?” деб стадионларда ҳайқирган ëшлик кезларида шуҳрат ҳақида ўйламаганини айтади.

Инсон умри поëнли, қўшиқ умри поëнсиз. Қўшиқ қандай яралади? Қай синоат боис қўшиқ эл оғзига тушади? Нега биз эски оҳанглардан айрилгимиз келмайди, нега уларни доимо ичимизда хиргойи қиламиз? Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” деб номланган саҳифаси ана шундай қўшиқлардан яна бирига бағишланади.

Саҳифамизнинг бугунги сони 1982 йил бошида ижро қилиниши биланоқ урф бўлган “Бу нима бу?” қўшиғига бағишланди.

Қўшиқ 1981 йилдан 1982 йилга ўтар кечаси Ўзбекистон телевидениесининг янги йил базмида¸ Даврон Ғойипов ижросида¸ Оригинал Вокал Инструментал Ансамбли жўрлигида янгради.

Бу қўшиқни ижро қилганида Даврон 20 ëшда эди.

Даврон Ғоипов: Бу энди ëшлик пайти ëзилган ашула. Бу ашулани мен ўзим ëздим. Қўшиқни янги йилда айтиб чиққанмиз.

Янги йил базмида эгнига йўл-йўл чопон¸ бошига чуст дўппи кийиб¸ қўлига ликобча олиб куйлаб¸ пахтакорларни шод айлаган ҳофизлар гуруҳидан кейин янграган қўшиқ кўпчилик учун кутилмаган бўлди.

Совет жамиятида “Нима бу?” деб савол бериш энг камида шаккокликка тенг эди. Совуқ ва маъносиз нигоҳ¸ тор жинси шим¸ елкага тушган сочлар¸ кўкраги очиқ гулдор кўйлак¸ бир хилда қимирлаëтган оғиздан “Бу нима бу?” деган савол тинимсиз чиқади.

Бу нима бу-
Баланд тоғлар.
Бу нима бу -
Гўзал боғлар
Мана бу-чи?
Мана бу-чи?


Шоир Исмоил Тўхтамишев қаламига мансуб сатрлар тузумга қарата киноя каби янграр эди.

Ўша пайтда Қашқадарëда ўспирин бола бўлган журналист Тўлқин Қораев учун бу қўшиқ кутилмаган бўлди.

Тўлқин Қораев: 1982 йилга ўтар кечаси Ўзбекистон телевидениеси орқали берилаëтган байрам концертида чиқиш бўлган эди. Бу нима бу? деган қўшиқ ижро этилди. Мен ўзимнинг шахсий фикримни айтадиган бўлсам¸ бу қўшиқ менга ëқмаган эди. Ўша дамда Исмоил Тўхтамишев қаламига мансуб бу шеърни мен олдинига яхши қабул қилмадим.

Биринчи январ синфдошларимдан бирининг туғилган куни. Шу куни даврада ўтирганимда кўрдимки¸ бу қўшиқ синфдошларимнинг ҳаммасига маъқул келган экан. Қашқадарë вилоятида эстраданинг янги кўриниши сифатида гавдаланган Оригинал гуруҳи Ўзбекистонда мана шу қўшиғи билан жуда машҳур бўлиб кетган эди.

Жамиятнинг муҳофазакор қатламига ëқмаган бу қўшиқни Ўзбекистон телевидениесининг прайм таймида намойиш қилиниши¸ ўша пайтдаги телевидение раҳбари Убай Бурҳон тарафидан амалга оширилди.

Даврон Ғоипов: Убай аканинг ўзи “Шу ашулани чиқарсангизлар зўр бўлади” деб илтимос қилди. Илтимос қилди эмас¸ айтди бизга.

Тарих пародиясини қарангки¸ тузум сардорлари тузум пойдеворига пона урар эди.

Даврон Ғоипов: Энди бу ашулани орқада қолган омилар яхши тушунмаган бўлиши мумкин.

Ўша пайтдаги советлар мамлакатида коммунизм эмас¸ балки рок-н-рол шарпаси кезар эди.

Макаревич ва Гребеншиков каби ҳард- рок тангриларининг катта бурилиш ва улкан ўзгариш ҳақидаги ҳайқириқлари¸ ўзбек ëшларининг шуурини ишғол қила бошлаган эди.

Рокнинг аччиқ таъмига ўрганган ўзбек ëшлари қулоғи ширин яллани эмас¸ балки оғриқли инграшларни ўзбекча эшитишни қўмсар эди.

Оригинал гуруҳи ижросидаги “Бу нима бу?” қўшиғи ана шу эҳтиëжни қондириш йўлидаги илк қадам бўлди .

Тўлқин Қораев: Оригинал ансамблининг стадионларда қўшиқ айтганини эслайман. Одам жуда тирбанд бўлар эди.

Мен яхши эслайман Қарши шаҳрига "Ялла" гуруҳи ташриф буюрганда¸ "Оригинал" гуруҳи шаҳарнинг бошқа чеккасида концерт бераëтган эди. Ўша пайтда "Ялла" гуруҳининг чиқишига борадиган одамнинг ўзи деярли қолмаган эди.

Оригинал ансамблига қизиқиш катта эди. Оригинал куйлаганда стадионлар¸ концерт заллари¸ ҳамма жой лиқ тўла бўларди.

Лиқ тўла стадионларда қўшиқ куйлар эканмиз¸ биз шон-шуҳрат ҳақида эмас¸ балки рок-н-рол ҳақида ўйлар эдик¸ дейди Даврон.

Даврон Ғоипов: Шон-шуҳрат туйғуси йўқ эди. Чунки биз ҳар битта концертни байрамга айлантиришни хоҳлардик. Бу бизнинг олдимизга қўйган мақсадимиз эди. У пайтда шон-шуҳрат ҳақида ўйлашга вақт йўқ эди.

Совет турмуш тарзига ëтлиги шундай кўриниб турган қўшиқ ижрочиси вилоят обкомининг ўғли бўлганлиги учун муваффақият қозонди¸ дегувчилар ҳам бор. Тўлқин Қораев бу фикрга қўшилмайди.

Тўлқин Қораев: Бу саволингизга мен қуйидагича жавоб бераман. Мана яхши биламиз¸ Ўзбекистон президенти Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримова ҳам бир-иккита қўшиқларни айтди. Клиплар ишлади. Бордию ҳозирги кунда¸ Ўзбекистонда Гулнора Каримова концерт беради дейилса¸ Ислом Каримов буйруғи билан ўша ерга керакли одамлар йиғилган бўлар эди.

Аммо Рўзмат Ғоиповнинг¸ ўғли эришган бу шуҳратга¸ ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу фикрга мен мутлақ қаршиман. Чунки бу ансамбл ҳақиқатан ëшларнинг юрагига кириб борган эди¸ кириб борди ва ўрнашиб ҳам қолди.

Ҳозир ҳам эслашади. Бизнинг тенгдошларимиз Оригинал қўишларини ҳалигача керак бўлса тинглайди.

"Бу нима бу?" қўшиғи шунчалар машҳур бўлдики¸ ҳатто айни номда фильм ҳам суратга олинди. Фильмда бирданига иккита ролни Даврон Ғойипов ўйнади.

Даврон Ғоипов: Фильм ҳинд вариантидаги фильм эди. Бу фильмга халқнинг эътиборини жалб қилиш учун шундай ном қўйилган. Умуман кинонинг бу номга алоқаси йўқ.

Бундан 26 йил муқаддам янраган “Бу нима бу?” қўшиғи¸ бугун Ўзбекистонни қамраган чучмал оҳанглар қатламини тешиб ўтиб¸ қулоғимиз остида қарсиллаб янграмоқда.

Бу нима бу?
Мана бу-чи?


Бугун 50 ëшни қаршилаган Даврон Ғойипов бу саволга ниҳоят жавоб топди.

Даврон Ғоипов: Яхши одам ҳамма жойда яхши одам¸ ëмон одам ҳамма жойда ëмон одам.

Бизларнинг ҳаммамиз иншооллоҳ Оллоҳнинг паноҳида юрсак¸ ҳаммаси яхши бўлади.

Мен ҳаммани ўтган ҳайит байрамлари билан табриклайман. Оллоҳ кейинги ҳайит байрамларини қариндош-уруғлар даврасида ўтказишни насиб қилсин.

Келаëтган янги йил билан ҳаммани табриклайман. Янги йилда ҳаммага яхши ишлар тилаб қоламан. Соғ-саломат бўлинглар.
XS
SM
MD
LG