Линклар

Шошилинч хабар
23 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:10

Доллар ҳам¸нефт ҳам пастга шўнғиди


Сармоядорлар¸ АҚШ Марказий банкининг нақд пулни кўпайтириш орқали¸ доллар қадрини янада тушириб юборишидан чўчимоқдалар.
Сармоядорлар¸ АҚШ Марказий банкининг нақд пулни кўпайтириш орқали¸ доллар қадрини янада тушириб юборишидан чўчимоқдалар.

ОПЕКнинг нефт ўзлаштиришни рекорд даражада камайтиришига қасдма-қасд нефт нархи 40 доллардан ҳам пастга тушди. Айни пайтда¸ жаҳон бўйлаб АҚШ доллари ҳам яна ўз қурбини йўқотишга ўтди.

Пайшанба кунги савдоларни бошлаб берган Осиë нефт биржаларида бир баррел нефт нархи кейинги 4¸5 йил ичида кузатилган энг паст даражага тушди ва 39¸19 долларга сотилди.

ОПЕК аъзоларининг нефт ўзлаштиришни ташкилот тарихида мисли кўрилмаган даражада кунига 2 миллион 200 минг баррелга қисқартириши ҳам¸ нефт нархи пасайишини тўхтата олмади.

Мутахассислар¸ дунë бўйлаб вабо янглиғ тарқаб бораëтган молиявий ва иқтисодий инқироз¸ нефтга бўлган талабни яқин тарихда кўрилмаган тарзда камайтиргани ва шу боис бозор ОПЕК қарорига мутлақо парво қилмаганини айтмоқдалар.

ОПЕК матбуот котиби Омар Иброҳим ҳам жаҳон бозорида нефт нархининг пасайиб бориши глобал иқтисодий бўҳрон оқибати эканини таъкидлайди.

- Жаҳон иқтисодидаги кескин пастлаш нефтга нисбатан талабни бутунлай издан чиқариб юборди ва натижада нефт нархида ҳам мислсиз пастлаш кузатилмоқда. Шу йилнинг июл ойида бошидан ҳозирга қадар бир баррел нафт нархидаги пастлаш 90 доллардан ҳам ошиб кетди¸ деди ОПЕК расмийси.

Аслида бу пастлаш¸ 90 эмас балки 100 доллардан ҳам кўпроқ ва июл ойида бир баррели 147 долларга сотилган нефтнинг айни миқдори бугун 39 долларга баҳоланмоқда.

Жаҳон иқтисодида ëзилмаган қонунга кўра¸ одатда нефт нархи пасайса¸ АҚШ доллари қиймати ошади ва аксинча.

Аммо чоршанба куни нефт нархининг қарийб беш йил ичидаги энг паст даражага тушиши баробарида АҚШ доллари ҳам жаҳоннинг аксар валюталарига нисбатан қийматини кескин йўқотишга ўтди.

Хусусан¸ сентябр ойидан бери жонланиш аломатларини кўрсатишга ўтган Америка яшил қоғози нархи бир кун ичида япон йенасига нисабатан 1995 йилдан бери кузатилмаган тарзда пастга тушди.

Бунга эса¸ АҚШ Марказий банкининг молиявий бўҳронни тўхтатиш йўлида қўйган навбатдаги қадами сабаб бўлди.

Сешанба куни Марказий банк қисқа муддатли қарзларга қўйиладиган устама фоиз миқдорини кейинги 50 йил ичида кузатилган энг паст даражага тушириш орқали¸ доллар қимматини арзонлаштирди.

Бунинг устига¸ АҚШ Марказий банки¸ мамлакат иқтисодини пастга қараб кетишдан тўхтатиш учун катта мқидордаги янги доллар банкноталари босиб чиқаражагини ҳам маълум қилди.

Буларнинг бари¸ сармоядорларнинг долларга нисбатан ишончига янгидан путур етказди.

Айрим сиëсатчи ва молиячилар¸ бу пастлашни яна АҚШ долларининг жаҳондаги ягона супер валюта сифатида умри тугагани билан изоҳласа¸ бошқа гуруҳ мутахассислар¸ доллар устига тупроқ тортишга ҳали эрта эканини айтмоқдалар.

- Мен долларнинг ўз қурбини қайта тиклаш уриниши шу билан битди¸ дейишга ҳали шошмаган бўлардим. Бугунги пастлаш¸ сармоядорларнинг АҚШ Марказий банки дунëни доллар қоғозларига тўлдириб юборади¸ деган қўрқуви ифодаси¸ холос.

Аммо биз бу муаммо гирдобига тортилган ягона давлат эмасмиз ва Европа ва осиëдагиларнинг вазияти биздан ëмон бўлса бордир¸ сира яхши эмас.

АҚШ иқтисодининг ўзини бошқаларга қараганда тезроқ ўнглаб олиш имкони ҳисобга олинса¸ долларнинг келажак ҳафталарда яна кўтарилиши эҳтимолга жуда яқин¸ дейди Ню Йоркдаги Мерил Линч молиявий бошқарув гуруҳининг валюталар бўйича таҳлилчиси Жон Шин.
XS
SM
MD
LG