Линклар

logo-print

Сувни тежаш йўллари изланмоқда

  • Садриддин Ашур

Илк бор 19 аср охирида Афғонистонда қўлланила бошланган томчилаб суғориш усули бугун дунëнинг қуруқ иқлимлик аксар минтақаларида кенг жорий этилган.

Илк бор 19 аср охирида Афғонистонда қўлланила бошланган томчилаб суғориш усули бугун дунëнинг қуруқ иқлимлик аксар минтақаларида кенг жорий этилган.

Ўзбекистонда Исроил ва Швейцария билан ерни томчилаб суғориш бўйича ускуна ишлаб чиқарувчи қўшма корхона тузилиши¸ мамлакатда суғоришнинг айни услуби жорий этилишига замин ҳозирлаши мумкин.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Ўзбекистонда қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган сувнинг 70 фоизи бекорга исроф бўляпти.

Ерлар ота-боболардан қолган эски усуллар билан суғорилмоқда. Қишлоқ хўжалигида янги технологиялар умуман жорий қилинмаяпти.

Хўш, бу томчилаб суғориш Ўзбекистон шароитига тўғри келадими, унинг самараси қандай бўлади?

Кузатувчилар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги замонавий илғор технологиялардан анча ортда қолиб кетганини айтадилар. Айниқса¸ экин суғориш тизимига ҳеч қандай янгилик ва тежамкорлик олиб кирилгани йўқ.

Сув танқис бўлган йилларда эса деҳқонлар меҳнатларига куйиб қолмоқдалар.

Ўзбекистон Савдо иқтисодий палатаси Исроилнинг Agrotal Group компанияси билан Тошкентда янги технология -томчилатиб суғоришнинг Ўзбекистонда жорий қилиш имкониятларини муҳокама қилди.

Ўзбекистон маҳаллий ахборот воситаларининг хабарига кўра, тузиладиган Ўзбекистон-Исроил-Швейцария қўшма корхонаси аввалига мамлакатга томчилаб суғориш ускуналарини келтиради. Кейинчалик эса ана шундай ускуналарни Ўзбекистонда ишлаб чиқариш йўлга қўйилади.

Қишлоқ хўжалигида 50 йилдан буён ишлаб келаётган қорақалпоғистонлик фермер Қубай Ортиқов бу ишлардан хурсанд эканлигини айтади. Чунки, дейди у, Ўзбекистонда сув исрофлиги энг юқори даражада:

- Томчилаб суғоришнинг мамлакатимизда амалга оширилиши жуда зўр иш бўлади. Яқин келажакда бутун дунëда сув танқислиги сезиларли даражада бўлса керак. Биз ҳозир сув танқислигини сезаяпмиз.

Агар бу қўлга олинса¸ жуда зўр бўлар эди. Сабаби сувнинг 75 фоизи суғориш системасида йўқ бўлиб кетаяпти, - дейди Қубай Ортиқов.

Фермер сувнинг исроф бўлаётгани сабабларини шундай изоҳлайди:

- Айниқса¸ бизнинг Қорақалпоғистон шароитида даланинг бир чеккаси бир метр баланд¸ бир чеккаси паст. Баланд жойига сув чиқариш учун бу ерга 4 минг эмас¸ 10 минг куб сув кетади. Кўлмаклар пайдо бўлади. Ернинг иккиламчи шўрланиши ҳукм сураяпти.

Масалан, 20 гектар бир бўз ерни бориб суғорамиз¸ деҳқончилик қиламиз. Орадан уч йил ўтгандан кейин ажириқ¸ қамиш ўсиб¸ тўрт-беш йилдан кейин қамишзорга айланади.

Мана, ўтган йил бизнинг Таҳиатош кўпригининг олдига 250- 300 куб сув келди. Мана шунинг 70-80 куб сувидангина фойдаланилди. Сув келди, лекин йўқ бўлиб кетаяпти. Бизнинг Қорақалпоғистонда шунақа аҳвол, - дейди Қубай Ортиқов.

Лекин, дейди Қубай оға, томчилатиб суғориш Ўзбекистоннинг ҳамма жойида ҳам иш бермаслиги мумкин, сабаби...

- Биздаги томчилатиб суғориш билан Исроил иқлим шароитидаги томчилатиб суғориш орасида осмон билан ерча фарқ бор.

Сабаби бизда тупроқ бошқача шўрланиш хусусиятига эга. Бизнинг тупроқнинг 50 сантиметрнинг пастида туз ҳукм суради. Ана шу хусусиятларни ҳам ҳисобга олиш керак, - дейди Қубай Ортиқов.

Жиззахлик фермер ҳам Қубай оғанинг гапларига қўшилади.

Зеро, Ўзбекистонда исроилликлар томчилатиб суғоришни илгари ҳам тажриба қилиб кўришганди, лекин ер шўрланган бўлгани учун ҳам самара бермаган эди¸ дейди у.

- Буни Жиззах туманида Исроил билан шартнома тузиб¸ уч йил давомида тажриба қилиб кўришди. Кейин, менимча, самара бермади шекилли - Исроил ҳамма нарсасини йиғиштириб чиқиб кетди. Ер ўта шўрланган бўлгани учун ҳам ҳеч қандай самара бермадими дейман-да.

Жиззахлик фермер сўзларига кўра, Ўзбекистонда бу йил сув жуда танқис бўлди.

Шундай бир шароитда, яъни Ўзбекистонда сув танқислиги йилдан-йилга баттарроқ сезилаётган ҳолатда, сувдан фойдаланишнинг янги технологияларни синаб кўриш ва жорий қилиш керак, дейди жиззахлик фермер.

Ваҳоланки, дейди у, мустақилликнинг ўтган 17 йилида Ўзбекистон қишлоқ хўжалигига янги технологиялар умуман кириб келмади.

Ҳали ҳам, пахта кетмон билан чопилади, қўл билан ягана қилинади, қўл билан терилади, ҳатто плëнка остига экилган чигитнинг ҳар бир тупига қошиқ билан қўлбола ўғит солиб чиқилади.

Пахта етиштириш ҳамон оғир қўл меҳнатига боғлиқ бўлиб қолмоқда.
XS
SM
MD
LG