Линклар

Ислом ва ген муҳандислиги

  • Барно Анвар

Кўзни қувнатувчи бу емишлар таркибида инсон наслини қуритувчи зарарли моддалар бўлиши эҳтимоли катта.

Кўзни қувнатувчи бу емишлар таркибида инсон наслини қуритувчи зарарли моддалар бўлиши эҳтимоли катта.

Трансген¸ ëхуд генетик жиҳатдан таркиби ўзгартирилган маҳсулотлар бугун дунёнинг ярмидан кўпи, эҳтимол, деярли асосий қисмида қанчадир миқдорда истеъмол қилинмоқда.

Кўриниши ота-бувамиз томорқа ва боғида етиштириб келган мева ва сабзавотлардан кескин фарқ қилувчи йирик, тип-тиниқ, пўсти силлиқ, ранги ярқираган, серсув бу озиқ-овқат маҳсулотлари Ўзбекистон бозорларидаги расталарда турибди.

Расталарни трансген маҳсулотлар забт этаяпти

Генетик жиҳатдан модификация қилинган маҳсулотлар илк бор ўтган асрнинг 70-йилларида тайёрланган. Ҳозир бундай маҳсулотлардан энг кўп фойдаланаётган давлатлар АҚШ, Канада, Хитой, Австралия, Аргентина, Мексика, Уругвайдир.

Хусусан, АҚШ да тайёрланадиган озиқ-овқат маҳсулотларининг 80 фоизи генетик жиҳатдан модификация қилинган маҳсулотлардан тайёрланган.

Ана шу маҳсулотларнинг кўпчилиги, айниқса, Хитойда тайёрланган ва етиштирилган маҳсулотлар Ўзбекистон бозорлари кириб келган.

Суҳбатдошимиз Нигора Қобилова бундай мева ва сабзавотларни табиий шароитда етиштирилган маҳсулотлардан ажратиш мутлақо осон эканини айтади.

- Мен кузатишим бўйича саримсоқпиëзга дуч келаяпман. Ўзгартирилган маҳсулотларни танийман. Чунки мен буларни роса ўрганиб чиқдим.

Масалан, тарвузнинг 40 кунда етиштириладиган тури бор. Авваллари август ойида тарвуз пишган бўлса¸ ҳозир май ойида бозорга тарвуз чиқиб кетаяпти. Ҳамма нарса бизга аллақачон кириб келиб бўлган.

Масалан, олма-нокларни Хитойники¸ Эронники деб мақтаб сотишади. Ўшани кессангиз қораймайди. Дейлик, олма ëки нокда темир модда бор бўлиб¸ ҳаво билан реакцияга киришса¸ қораяди. Генетик жиҳатдан модификация қилинган олма ëки нокни кесиб¸ бир сутка қўйсангиз ҳам қораймайди. Ўша томондан табиий эмаслигини билса бўлади.

Аммо, дейди ўзбекистонлик суҳбатдошимиз, бундай маҳсулотларнинг инсон организмига салбий таъсири ҳақида кўпчилик истеъмолчилар ҳанузгача етарли маълумотга эга эмас.

Трансген маҳсулотлар истеъмоли бепуштликка олиб келади

Ҳозирги кунда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, БМТ Озиқ-овқат дастури, қатор халқаро экологик ташкилотлар бундай маҳсулотларни етиштириш ва тайёрлашга ўз норозилигини билдирган.

Мутахассислар бу турдаги маҳсулотларни доимий истеъмол қилиш оқибатида инсониятга маълум бўлмаган касалликлар келиб чиқиши, инсон танасида аномал ўзгаришлар юзага келиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда.

Мисол учун, Британиядаги Роуэтт озиқ-овқат ва саломатлик илмий-тадқиқот институти олимлари буни тасдиқловчи бир неча тадқиқотлар натижасини тақдим қилганидан сўнг ўтган йили Европа Иттифоқининг 10 давлати генетик таркиби ўзгартирилган маҳсулотлар импортига таъқиқ қўйди.

Шу боис ЕИ давлатлари ва бундай маҳсулотларни энг кўп тайёрлаётган АҚШ ўртасидаги савдо алоқалари устида келишмовчилик ҳам юзага чиқди.

Бундай баҳс эса мутлақ асосли, дея Европа жамиятини қувватлайди ўзбекистонлик суҳбатдошимиз Нигора Қобилова. Генетик таркиби ўзгартирилган маҳсулотларнинг ҳозирда инсон танасига энг салбий таъсири аниқланган.

- Мен ўрганиб чиққан мақолаларда “Таъсири 10 йилда сезилади” дейилган. Биринчи бўлиб бепуштликни келтириб чиқаради, дейилган.

Масалан, 70-йиллардан бошлаб ўша трансген маҳсулотлар қўлланилган ва 10 йилнинг ичида бепуштлик ҳаддан ташқари ошган. Уруғларда гентеминатор экилган. Буни егандан кейин¸албатта¸ инсониятнинг ҳам уруғи йўқола бошлайди. Биринчи ëмон таъсирлари шу.

Нигора Қобиловани куюнтирган оқибатлар ҳақида эса шу йил баҳорда дунёнинг 400 дан ортиқ таниқли олими, давлат расмийлари ва ишбилармонлари ЮНЕСКО ташкилоти йиғилишида тўпланиб, ўз хавотирини баён қилган эди.

Аксар олимлар дунё бўйлаб қишлоқ хўжалиги арзон нархларда, сифати эса ташқи кўриниш, чидамлилик ва тўйимлилик жиҳатдан максимал даражага келтирилган маҳсулотларни етказиб беришга интилишда давом этса, яқин 10 йилликлар ичида жуда катта муаммолар қаршисида қолишимиз мумкин, деган якдил хулосани билдирган эди.

Олимларнинг бу хавотирини қувватлаган БМТ нинг атроф-муҳит билан боғлиқ дастурлари агентлиги раҳбари Ачим Стейнер ўшанда:

- Биз дунёни тўйғазиш ҳамда қишлоқ хўжалигининг кейинги 20, 30, 50 йиллик истиқболи ҳақида гапирар эканмиз, унда биз қилишмиз шарт бўлган биринчи иш: қишлоқ хўжалиги дегани фақатгина ерга ниманидир экиш, гуриллатиб ўстириш, чиройли қилиб бозорга чиқариш ва битта қолдирмасдан сотиш, дегани эмаслигини англашдир, - дея огоҳлантирганди.

Яъни сўнгги 50 йил ичидаги яшил инқилоб туфайли шитоб билан ривожланган озиқ-овқат саноатида сунъий равишда кўпайтирилган трансген маҳсулотлар инсониятни ваҳима қилинаётган очликдан вақтинча қутқаради. Узоқ истиқболда эса бу мутлақ инқирозга олиб боради, чунки трансген маҳсулотлар охир-оқибатда наслсиздир.

Буни таъкидлаган биологлар аксар давлатларда қишлоқ хўжалигининг уруғчилик соҳаси заҳираларида табиий уруғлар миқдорининг қисқариб бораётганидан ташвиш билдирар экан, ҳукуматлардан табиий уруғлар заҳирасини ташкил қилиш сиёсатини кучайтиришни сўрамоқдалар.

Ўзбекистонда табиий уруғлар йўқолиб бормоқда

Ҳозирга келиб табиий уруғлар, асосан, қишлоқ хўжалигига мослашган Ўзбекистонда ҳам жуда танқис.

Нигора Қобилова кўпгина вилоятларнинг деҳқонлари бир йиллик бўлса-да, серҳосил уруғларга учиб, табиий уруғ заҳираларини йўқотаётганини айтади.

Нигора Қобилова ҳамда унинг замондоши бўлган ўзбекистонлик биолог олим Ойдин Солиҳ айрим тоифа олимларнинг:

“Дунё бугун оч қолмаслиги учун трансген маҳсулотларни истеъмол қилишга мажбур, ҳозир бу маҳсулотлар ортидан эртага қандай касалликлар келади, деб ўйлаш даражасида имконларимиз кенг эмас”, деган фикрларига қўшилмайди.

- Биринчидан, ҳозир дунёда очлик йўқ. Гап шундаки¸ бугун одамлар аслида инсон танаси учун жуда оз миқдордаги егулик ҳам кифоя эканини унутди.

Одамлар бугун тана соғлом бўлиши учун жуда ҳам кўп ва хилма-хил маҳсулотлар зарур, деган фикрга кўниккан.

Лекин минглаб йиллар давомидаги инсоният тарихига қаранг, улар биз каби шу қадар кўп ва хилма-хил озиқ-овқат маҳсулотларини истеъмол қилганми?

Йўқ. Инсоният бугунги истеъмоли миқдори ва таркибини яхшилаб ўйлаб кўриши ҳамда ислоҳ қилиши керак, - деб ҳисоблайди Ойдин Солиҳ.

Бунинг устига, Ойдин Солиҳга кўра, ҳозир генетик жиҳатдан ўзгартирилган маҳсулотлар масаласи маънавий-диний жиҳатдан яна бир тоифа олимлар, сиёсатчиларни кўпроқ ташвишга солмоқда.

- Тасаввур қилинг, ер юзидаги ҳар битта хонадоннинг ошхонасида турадиган сабзавот – помидор совуққа чидамлилик ва узоқ вақт сифатини йўқотмай туриш хусусиятини акула - Арктика қалқонбалиғидан олган.

Гуручнинг серҳосил ва чидамли янги навларига одам гени жойлаштирилган. Олманинг серсув ва тип-тиниқ янги навларига ҳам одамнинг гени жойлаштирилган, - дейди Ойдин Солиҳ.

Бу ҳақда тадқиқотлар олиб борган ўзбекистонлик суҳбатдошимиз Нигора Қобилова шундай дейди:

- Ваҳший ҳайвонларнинг ҳам генлари чатиштиралаяпти. Масалан, совуқ давлатларга чидамли бўлиши учун помидорга акуланинг гени чатиштирилган.

Олма каби мевалар чиройли кўриниш бериши учун инсоният генидан фойдаланилган. Оғир босиши учун ҳатто чўчқанинг гени картошкага чатиштирилган. Чаëннинг гени картошка ўзини қўнғиздан ҳимоя қилиши учун чатиштирилган.

Бу соғлом ақлга тўғри келмайдиган нарса. Қандай қилиб бу нарса соғликка зарар қилмаслиги мумкин? – дея савол ташлайди суҳбатдошимиз.

Оят ва ҳадислардаги огоҳлантирувлар

Нигора Қобилова бундай жиҳатларни аниқлаганидан сўнг мусулмон сифатида масаланинг диний томонига эътибор қаратди.

- Мен буларни исломий нуқтаи назардан ҳам ўрганиб чиққанимда “Шундай бир замон келадики¸ мева-чеваларда ҳосилдорлик кучайиб кетади¸ барака ва яхшилик йўқолиб кетади” деган мазмундаги ҳадисларга дуч келганман.

Кейин диний олимларнинг ҳозирги бўлаëтган тараққиëтнинг мана шу мева-чеваларга таъсири ҳақидаги илмий фильмларини кўрдим, - дейди Нигора Қобилова.

Бу суҳбатдошимизнинг Ўзбекистонда туриб ўрганган ва мустақил равишда олиб борган кузатуви натижалари эди.

Бу аёлни куюнтираётган масалалар устида эса дунё олимлари сафида асли ўзбекистонлик Ойдин Солиҳ ҳам кўп йиллардан буён тадқиқотлар олиб бормоқда.

Ойдин Солиҳ биолог олим, ген инженерияси ва трансген маҳсулотлар, табобат соҳасида кўплаб тадқиқотлар олиб борган ва тадқиқотлари жараёнида Ислом динини қабул қилган замондошларимиздан бири.

У дунёнинг кўплаб Ғарб давлатлари, Шарқ давлатлари ва хусусан, Ўзбекистонда ҳам истиқомат қилган ва Ўзбекистонда сотилаётган, етиштирилаётган трансген маҳсулот турларидан яхши хабардор.

У трансген маҳсулотлар, яъни генетик таркиби ўзгартирилган маҳсулотлар инсоният насли давомийлиги учун зарарли, деб ишонади.

- Барча трансген маҳсулотлар таркибида теминатор ген бўлади. Бу ген наслни ўлдиради. Бизнинг минтақага илк бор трансген маҳсулотлар уруғ кўринишида кириб келди ва одамлар бу уруғларни ҳосилдорлигига учиб харид қилдилар.

Боиси, наслга куч бермайдиган организмлар, масалан, сабзавотлар ва мевалар оқибатда ҳосилни кўп беради. Лекин бу ҳосилдан олинган уруғ бепушт бўлади. Яъни биринчи йилдагина бой ҳосил олинади, холос, - дейди тадқиқотчи.

Ойдин Солиҳ Ислом динини қабул қилганидан сўнг олиб борган тадқиқотлари давомида эса Ислом асоси бўлган “Қуръон”да айнан ген муҳандислигининг зарарли оқибатларидан огоҳлантирилганини аниқлаган.

Унинг таъкидича, бу огоҳлантиришлар “Бақара” сурасининг 205-оятида келган.

- Бақара сурасининг 205-оятда эса ер юзида инсонлар бир кун келиб уруғларни ўзгартириши ва бунинг ортидан ҳосилни ҳам ўзгартириши айтилади. Бу эса генетиканинг формуласи, дейиш мумкин.

Ўша бугун суҳбатлашаётганимиз трансген маҳсулотларнинг мантиғи шундай: улар аввал уруғни ўзгартиради, кейин эса ҳосилни.

Ҳосил аввалига сероб ва жуда яхши бўлади. Кейинги йил эса жуда ҳам оз ва сифатсиз бўлади. Ундан кейинги йил ҳосил бермайди. Бу ерда уруғ дейилганда фақатгина ўсимлик эмас, балки тирик жониворлар, хусусан, инсон пушти ҳақида ҳам гап бормоқда, - дейди Ойдин Солиҳ.

Генетик ўзгаришларнинг зарарли оқибатлари дарров аён бўлиб қолмайди

Олимага кўра, генетик ўзгартиришларнинг натижалари юзага чиқиши учун камида икки авлод, кўпи билан эса уч авлоднинг умри сарф бўлиши мумкин ва бу ҳақда ген инженерларининг ўзлари тан олиб сўзламоқда.

Шунингдек, Ойдин Солиҳ ўзбекистонлик тадқиқодчи Нигора Қобилова каби озиқ-овқат маҳсулотлари таркибига ҳайвон ва инсон генлари жойлаштирилиши масаласига маънавий жиҳатдан ёндашиш тарафдори бўлган олимлардан бири.

У, дастлаб, биолог олим сифатида бу кашфиётга илмий изоҳ берди:

- Инсон организмнинг иммун тизими жуда мустаҳкам. Чунки ер юзидаги энг мукаммал ва энг чиниққан жонзот бу инсон. У ҳамма нарсани ейди ва ҳар қандай шароитда яшай олади.

Пишиқликда инсон иммун тизимидан кейинги ўринда турадигани эса чўчқанинг иммун тизимидир. Шунинг учун ҳам бугунги кунда маҳсулотларнинг чидамлилиги ва серҳосиллигини ошириш учун шу икки жонзот генидан фойдаланилмоқда, - дейди Ойдин Солиҳ.

Албатта, олимлар фақат бу билан чеклангани йўқ. Ҳозир генетик манбалари биридан бирига кўчирилаётган ўсимлик ва тирик жонзотлар тури беҳисоб.

Аммо, мусулмон олим сифатида Солиҳ бу амалларни Ислом динига зид, деб ҳисоблайди ва унинг бу йўналишдаги илмий изланишлари натижасига кўра, “Қуръон” да бу ҳақда ҳам огоҳлантирилган ҳамда қайтарилган, деган хулосага келган.

- Мисол учун, Нисо сурасининг 119-120-оятларида шундай келтирилади. Мен оятнинг мазмунини сўзлаб бераман.

Яъни, Иблис Оллоҳга айтади, бир кун келади бандаларинг менинг буйруғим билан ҳайвонларнинг қулоқларини кесади.

Агар шу оятни биолог сифатида таҳлил қилсангиз маълум бўладики, ҳайвонлардаги генетик манбалар фақатгина уларнинг қулоқларидан олинади ва қулоқларига жойлаштирилади, - дейди Ойдин Солиҳ.

Шубҳали егуликлардан тийилишда ҳикмат бор

Агар тадқиқ қилинса, бундай мисолларни “Қуръон” ва ҳадислардан кўплаб топиш мумкин, дейди олима.

Унинг фикрича, мусулмон аҳли ўзи учун шубҳали нарсалардан, шу жумладан, ҳали оқибатлари кашфиётчиларига ҳам аниқ бўлмаган трансген маҳсулотлар истеъмолида эҳтиёт бўлиш лозим.

Ойдин Солиҳ каби мусулмон олимлар фикрини қувватлайдиган ва энг кўп тилга олинадиган бир ҳадиси шарифни эшиттиришимиз хулосаси ўрнида келтириш мумкин:

«Ҳалол билан ҳаром аниқдир. Аммо ўртада шубҳали нарсалар мавжуд. Одамларнинг кўпи уларни (ҳалол ё ҳаром эканини) билмаслар, шунинг учун кимки шубҳали нарсалардан ўзини тийса, динини камчиликлардан сақлагай ва кимки шубҳали нарсалардан тийилмаса, у бировнинг экини чеккасида қўй боқаётган чўпонга ўхшайди. Унинг қўйларни экинга тушириш эҳтимоли бордир.

Огоҳ бўлингизки, ҳар бир подшоҳнинг ўз чегараси бор. Аллоҳнинг чегаралари У ҳаром қилган нарсаларидир. Киши баданида бир парча гўшт бор, агар у тузалса, аъзоларнинг барчаси тузалгай, агар у бузилса, аъзоларнинг барчаси бузилгай.

Огоҳ бўлингизки, у - қалбдир!»

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG