Линклар

logo-print

Юсуф Жума “сийланди”

  • Садриддин Ашур

Ухлаëтган халқнинг уйғоқ шоири бошига солинаëтган кўргуликларнинг¸ ҳозирча кети кўринмаëтир.

Ухлаëтган халқнинг уйғоқ шоири бошига солинаëтган кўргуликларнинг¸ ҳозирча кети кўринмаëтир.

Яқинларининг айтишича¸ Жаслиқ қамоқхонаси нозирлари Юсуф Жума қамоққа олинганининг бир йиллигини уни карцерга ташлаш ва қийноқларни кучайтириш билан нишонлади.

Шоирнинг ўғли Алишер Жумаевнинг Озодлик радиосига айтишича, Жаслиқ қамоқхонасида бўлган Юсуф Жумани маъмурлар қизи Феруза билан кўриштирмаганлар:

- Опам Феруза 17 декабр куни Қорақалпоғистондаги Жаслиқ қамоқхонасига бориб¸ дадам билан учрашиш учун рухсат сўраган.

Жаслиқдаги қонун-қоидаларга кўра¸ ҳар уч ойда бир суткалик¸ ҳар бир ойда икки соатлик учрашув берилиши керак.

Опам ўша икки соатлик учрашувни талаб қилганда¸ қамоқхона маъмурияти: “Даданг ҳозир карцерда. Интизомий бўлинмада сақланаяпти. Бешинчи январда интизомий бўлинмадан чиқади. Шундан кейин келсанг учрашув берамиз”, деб айтган, - деди Алишер Жумаев.

Юсуф Жуманинг қамоқхонанинг қайси интизомини бузганлиги унинг қизи Ферузага айтилмаган. Шунингдек¸ унга олиб борилган озиқ-овқат ва кийим-кечаклар ҳам қабул қилинмаган.

- Нима учун карцерга ташланган¸ нима учун қийноқлар ўтказилаяпти¸ нима учун Жаслиқ турмасига ташланди каби саволларга бирортаси ҳеч қандай жавоб бермаяпти.

Қамоқхона ходимларидан бири опамга номини ошкор этмаслик шарти билан: “Дадангга қийноқ ўтказиш учун кўрсатма бор. Ҳозир дадангнинг аҳволи оғир. Интизомий бўлинмаларнинг ҳаммаси хлорланган. Одамни заҳарлаш учун хлор сепилади. Одам бу ерда узоқ вақт тура олмайди. Шундоқ ҳам дадангнинг соғлиги оғир”, деб айтган.

Устюрт платосининг совуғини яхши биласиз. Хоналарнинг ичидаги совуқ сув музлайдиган даражада экан. Ҳозир дадамнинг аҳволи оғир. Оëқ устида зўрға турадиган бўлиб қолганлар.

Дадамнинг оëғининг остига Отабек Собировнинг дубинка билан уриши натижасида бармоқлари чиққан. Ҳозир ҳар лаҳзада ҳаëтлари хавф остида қолмоқда, - дейди Алишер Жумаев.

Европа давлатларидан бирида яшаётган мухолифатчи Ҳазратқул Худойберди ўзбекистонликларга ва мамлакатдан ташқарида яшаётган миллатдошларига мурожаат қилиб, Юсуф Жумага нисбатан қийноқлар тўхтатилиши ва уни қамоқдан озод қилиш ҳақидаги ҳаракатга қўшилишни илтимос қилади.

Интернет сайтларида тарқалган бу мурожаатда айтилишича, президент Ислом Каримов ва Ички ишлар вазири Баҳодир Матлюбовлар озодлик ва эрк куйчиси шоир Юсуф Жумани қамоқхонада қийноқлар билан ҳалокатга етказишга ҳаракат қилмоқдалар.

“Кимда-кимнинг юрагида салгина адолат ва виждон туйғуси бўлса, Юсуф Жумани қамоқдан озод этиш ҳақидаги бу ҳаракатга қўшилади”, деб ёзади Ҳазратқул Худойберди.

Қозоғистонлик олим Ботир Норбоевнинг айтишича, бундан илгари ҳам бундай ҳаракат бўлган.

Юсуф Жуманинг озод этилиши талаб қилинган бу мурожаатга, Қозоғистон, Қирғизистон ва Ўзбекистондан 700 дан ортиқ имзо йиғилгаи ва бу мурожаат халқаро ташкилотларга юборилган.

- Юсуф Жума ухлаëтган ëки ўзини ухлаб ëтганга солиб ëтган ўзбек халқини уйғотиш учун ўзини ўтга урди. Менинг ëнаëтганимни кўриб¸ ҳеч бўлмаса уйғонсин¸ деди, - дейди Ботир Норбоев.

Хўш, Юсуф Жума уйғотмоқчи бўлган халқ уйғоняптими ёки йўқ?

- Уйғониш учун одамларни етаклайдиган уюшган куч керак. Ўзбекистонда эса бундай уюшган куч йўқ. Халқни уюшишга қўймайди. Чўлпоннинг

Халқ истаса тоғу тошлар йиқилар¸
Халқ уйғонса¸ салтанатлар йўқ бўлар

деган маънодаги шеъри бор. Худди шундай бўлади.

Салтанат эгаси шунинг йўқ бўлишини истамаяпти. Шунинг учун ҳам уйғонишга қўймаяпти.

Ўзбекнинг менталитетига хос бўлган нарса ўзи уйғоқ бўлса ҳам¸ ўзини ухлаганга солиб ëтаверади.

Бизнинг раҳбарларимиз халқ ухласин дейди. Улар ухлаëтган халқни яхши кўради¸ уйғоқ халқни эмас¸ - дейди профессор Ботир Норбоев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG