Линклар

logo-print

Бўҳрон жўғрофияси кенгаймоқда

  • Гулнора Равшан

Россиядаги тожик меҳнат муҳожирларининг бозори касодга учрагани ҳам Тожикистонда иқтисодий танглик кучайишига сабаб бўлмоқда.

Россиядаги тожик меҳнат муҳожирларининг бозори касодга учрагани ҳам Тожикистонда иқтисодий танглик кучайишига сабаб бўлмоқда.

Душанбеликларнинг аксарияти мамлакатни четлаб ўтмаган иқтисодий бўҳрон туфайли Тожикистонда камбағал оилалар сони ортганини қайд этаяптилар.

Жаҳон аҳлини ташвишга солиб қўйган глобал иқтисодий бўҳрон мавзуси бугунги кунда тожикистонликлар учун ҳам энг долзарб мавзулардан бирига айланди. Шу кунда икки-уч киши бир жойда тўпланиши билан нарх-наво, банкларда пул тақчиллиги, банкоматлар доллар бермай қўйгани, Россиядаги меҳнат муҳожирлари пулсиз уйга қайтаётганлари ҳақида суҳбат қизий бошлайди.

Айни мавзуда суҳбатлашиб келаётган икки йигитни бир муддатга йўлдан тўхтатиб, иқтисодий бўҳроннинг улар турмушига таъсири хусусида сўрадик:

- Янги йилда уйланишим керак эди. Туй харажатлари жуда ошиб кетибди. Бозор саросимада. Озиқ-овқат ҳам, кийим-кечак ҳам қимматлаб кетган. Биласизки, биз тожикларнинг тўю-маъракалари унча-мунча пул билан битмайди, - дейди исми Сафар эканини айтган суҳбатдошимиз.

Сафарбек аҳвол бироз ўнглангунича тўйни тўхтатиб туришга қарор қилганини айтади.

Суҳбатга аралашган Ҳодибек исмли йигит эса яқин орада иқтисодий бўҳрон бартараф этилишига ва одамлар яна аввалгидек сарф- харажатларини қила олишига шубҳа билан қарайди:

- Иқтисодий бўҳрон туфайли Тожикистонга бир неча тарафдан зарба келаяпти. Мана, Россия ҳар икки юртдошимизнинг биттасини ватанига қайтариб юбораяпти. Улар қайтиб келса, давлат уларга иш топиб бера олмайди - бу аниқ. Россия қайтиб қабул қилмайди. Нима бўлади у ёғи? Камбағал кўпаяди, ўғри кўпаяди, мана ҳозирдан тиланчиларнинг саноғи йўқ. Аввалгидан уч-тўрт бараварга ошган тиланчилик билан кун кўраётган болали аёллар, қариялар сони, - дейди Ҳодибек.
Суҳбатдошимиз янги йил арафасида уй сотиб олишни режалаштириб юрганини, аммо унинг орзулари амалга ошмай қолаётганини айтди.

Ҳожи Муродилла ота - нафақахўр. Бир ҳовлида 29 нафар невараси билан яшаб турган ота тирикчилиги Россиядаги мардикор ўғиллари топаётган даромадга қараб қолганини айтади.

- Нархлар кўтарилгандан кейин қийин. Бўҳрон дея хавотир олган билан нима қила олардик. Кимга дод, деймиз. Давлатга айтган билан давлат бермаса бир нима. 69 сомоний (20 доллар) пенсия оламан. Етмайди. Агар аҳвол шу бўлса, ўғлимни чақириб оламан ва ота касбимиз бўлган устачилик билан шуғулланамиз энди, - дейди Ҳожи Муродилла ота.

Бошқа бир суҳбатдошимиз - Тошпўлат Тожикистон давлат педагогика университетига шартнома асосида ҳужжат топширганини маълум қилар экан, иқтисодий инқироз тожикистонлик талабаларни ҳам қийин аҳволга солиб қўйиши табиийлигини таъкидлайди:

- Талабаларнинг кўпи шартнома пулини Россия ҳисобидан беришади. Мен ҳам. Эндиликда Россиядан пул келмай қолгандан кейин аксар талабалар шартнома пулини беролмай қолиши мумкин. Ётоқхоналар, йўл харажати, кийиниш, умуман, ҳамма нарса пул. Чўнтакка пул тушмагандан кейин қийин-да, - дейди тожикистонлик талаба Тошпўлат.

Душанбе шаҳар кўчаларини яёв кезар эканмиз, яхши кайфиятдаги йўловчиларни кам учратдик. Ҳамма қандайдир ташвиш ортидан чопади. Кийим-кечак, уй жиҳозлари дўконларида харидорлар сийрак.

Ҳар вақт сўнгги мода ортидан қувган бир танишим Насибахон топган-тутганни янги кийим учун сарфлашга кўз қиймайдиган вақт келганини айтади.

- Эскиларини кийиб турайлик-чи. Кийимга харажатни тежаш керак. Ҳаммасини сарфлаб қўйсам, даромад бўлмаса, қоринни алдаб бўлмайди. Ҳаммага келган бу тўйдан йўғон чўзилиб, ингичка узиладиган бўлди, - дейди Насибахон.

Аммо душанбелик Асолатхон ая ризқ азалий эканини, тожикистонликлар ўтган асрнинг 90-йиллари аввалида бир очарчиликни бошдан ўтказиб, бундай қийин кунларга кўникиб қолганини айтади. Асолатхон ая бу кунлар ҳам ўша кунлардек яқин орада унут бўлишига ишониб яшаётганини таъкидлайди:
- Раҳматли қайнонам қотган нон заҳира қилинглар, эрта очлик бўлса қийналасанлар, дердилар. Мана, ўша очарчиликлар ҳам ўтиб кетди. Яна магазинлар иссиқ нонга тўлди, едик ўшаларни. Бу ёғи ҳам шундай бўлса керак ахир. Худо бундан ёмонига рўбарў қилмасин. Худо болаларнинг раҳмини есин, - дея юзига фотиҳа тортади кўпни кўрган Асолат ая.

Қайд этиш жоизки, дунёда иқтисодий бўҳрон кучайиб бораётган бир пайтда Россия бош вазири Владимир Путин мамлакатдаги меҳнат муҳожирлари сонини ҳеч бўлмаганда 50 фоизга қисқартириш зарурлигини билдирди.

7 миллион аҳолига эга Тожикистоннинг тахминан бир миллиондан ортиқ фуқароси ва айрим норасмий маълумотларга кўра эса икки ярим миллионга яқини Россия ортидан рўзғор тебратиб турибди.
XS
SM
MD
LG