Линклар

Шошилинч хабар
17 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:17

Каримов МДҲ саммитига келмади


МДҲ раҳбарлари сафи саммитдан-саммитга тобора сийраклашиб бормоқда.
МДҲ раҳбарлари сафи саммитдан-саммитга тобора сийраклашиб бормоқда.

Қозоғистоннинг Боровой шаҳрида МДҲ нинг норасмий саммити бўлиб ўтмоқда. Ўзбекистон президенти Россия етагидаги бу тузилма йиғинига боришни ўзига эп кўрмади.

Жума куни Олмаота вақти билан соат 16:00 да Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги билан боғланиб, Боровой шаҳрида бўлиб ўтиши кутилаётган МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитига ташриф буюрганлар борасида энг сўнгги маълумотни олишга ҳаракат қилдик.

- Тожикистон президенти бир неча соат аввал Кўкчетов шаҳрига ташриф буюрди. Қирғизистон президентининг самолëти яқинда қўниш арафасида. Сўнг Россия ва Арманистон президентларининг ташриф буюриши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Туркманистон томонлари ўз давлат раҳбарларининг саммитдаги учрашувини тасдиқлаганлари йўқ.

Яхшиси, Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси билан боғланиб, бунинг сабабини улардан аниқлашга ҳаракат қилинг, бизни бундан хабаримиз йўқ,- дея маълум қилди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби Илёс Умаров.

Президент Ислом Каримовнинг саммитга келиш-келмаслигига аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистоннинг Қозоғистондаги элчихонаси билан ҳам боғландик.

Гўшакни кўтарган котиба элчихонадагиларнинг ҳаммаси мажлисда эканини, бу масала бўйича ҳозирча ҳеч ким маълумот беролмаслигини айтди.

Айни пайтда¸ Қозоғистонда бўлиб ўтадиган норасмий саммитнинг кун тартиби ҳам маълум.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Илёс Умаровнинг айтишича, саммит чоғида МДҲ раҳбарларининг қатор долзарб масалаларни муҳокама қилиши режалаштирилган:

- Учрашув чоғида давлат раҳбарларининг минтақавий тараққиёт, жаҳон молиявий инқирози билан боғлиқ бўлган масалалар, инқирозга қарши кўрилажак чоралар каби долзарб масалалар бўйича фикр алмашиши кўзда тутилган.

Шунингдек, МДҲ давлатлари раҳбарларининг минтақадаги замонавий хавф-хатар билан боғлиқ вазиятга ўз баҳоларини беришлари кутилмоқда, - деди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлигининг матбуот котиби.

Бироқ Боровой шаҳрида МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммити бошланмасиданоқ, аксар қозоғистонлик кузатувчилар олий даражадаги мазкур учрашувдан бирор самара кутиш бефойдалигини таъкидмоқдалар:

- МДҲ давлатлари 1100 ёки 1200 га яқин ўзаро ҳужжат қабул қилгани ва уларнинг атиги 4-5 фоизини бажарилаётганини ҳисобга олсак, бундай йиғинлар ва уларда қабул қилинадиган қарорларнинг фаолияти буткул самарасиз ҳисобланади.

Ушбу механизмнинг ишга яроқсизлигини, бошланиши кутилаётган МДҲ давлатларининг норасмий саммити мисолида ҳам кўришимиз мумкин.

Ташкилотга аъзо бўлган Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларининг саммитга ташриф буюрмагани ҳам МДҲнинг парчаланиш арафасида эканини кўрсатмоқда, - дейди қозоғистонлик сиёсатшунос Айдос Саримов.

Қозоғистондаги МДҲ давлатлари раҳбарларининг норасмий саммитига Беларус президенти Александр Лукашенконинг келмаслиги хабар қилинди.
XS
SM
MD
LG