Линклар

"Иваново ўзбеклари"га озодлик келди

  • Абдулла Искандар

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди кейинги йиллар давомида ўнлаб ўзбекистонликларнинг Россиядан депортация ва экстрадиция қилинишларини тўхтатишга оид қарор қабул қилди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди кейинги йиллар давомида ўнлаб ўзбекистонликларнинг Россиядан депортация ва экстрадиция қилинишларини тўхтатишга оид қарор қабул қилди.

Ўзбек расмийлари тарафидан терроризмда айбланиб Россияда ҳибс қилинган¸ кейинроқ Европа маҳкамасида оқланган ўзбекистонликлар муаммосига сўнгги нуқта қўйилди.

Иваново ўзбекларининг ҳар бирига 15 минг евро миқдорида товон пули тўлаш Россия ҳукумати зиммасига юклатилди.

Қамоқхонада ўтказган ҳар бир кунимизни озодликка алиштириш учун бутун молу дунëдан кечишга тайëр эдик¸ бу товон пули бизга етказилган маънавий зарарни қоплай олмайди¸ дейди Озодлик мухбири билан суҳбатда Иваново ўзбекларидан бири Шукрулло Собиров.

Айни пайтда Шукрулло Собиров адолат қарор топганидан хурсанд.

- Мана биз орзиқиб кутган кунлар етиб келди. Бу кунларни биз жуда интизорлик билан кутган эдик. Ҳаммамиз мана оила аъзоларимиз билан хурсанд бўлиб ўтирибмиз.

Хабарингиз бор¸ мана бизлар ўтган йил турмадан чиққан бўлсак¸ шунинг ўзи жуда катта хурсандчилик бўлган эди.

Лекин биз у пайтда жуда озодликка чиқмаган эканмиз. Чунки чиққанимиздан кейин ҳам анча муаммолар бўлди.

Ҳужжат масаласи¸ рўйхат масаласи хуллас анча масалалар олдимизда турган экан.

Озодликка чиққанимиз билан эркин юришнинг имкони бўлмади. Чунки бизнинг тақдиримиз ҳали узил-кесил ҳал қилинмаган эди¸ дейди ўз хурсандчилигини яширмаëтган Шукурулло ака.

Шукрулло Собиров ва яна 12 нафар ўзбекистонликни тутқунликдан ва экстрадициядан қутқарган Европа суди қарорининг кучга киргани ҳақида Фуқаровий кўмак ташкилоти раҳбари Елена Рябинина гапиради.

- Бу жуда муҳим қарор. Иваново ўзбеклари етакчиси Ҳотам Ҳожиматов Норвегиядан бошпана олгани билан¸ қолганлари Иваново ҳудудидан ташқарига чиқа олмасдан ўтиришган эди.

Уларга Швеция ҳукумати бошпана берган бўлишига қарамасдан¸ Россия ҳукумати улар паспортида чиқиш визаси йўқ¸ деб мамлакатдан чиқармаëтган эди. Энди улар учун ҳақиқий озодлик эшиклари очилди¸ дейди Елена Рябинина.

Рябининага кўра¸ Иваново ўзбекларининг ҳар бирига 15 минг евродан товон пули тўланади. Адвокатларнинг харажатлари ва бошқа харажатлар қопланади. Агар 15 минг евро солиққа тортилса¸ бу солиқ ҳам Россия зиммасига юкланади.

Россия ҳукумати уч ой ичида Европа маҳкамаси қарорини бажариши керак¸ дейди Иваново ўзбекларини ҳимоя қилган адвокат Ирина Соколова.

- 12 нафар Ўзбекистон фуқароси ва бир нафар Қирғизистон фуқароси ҳозиргача Иваново шаҳрида ўтиришган эди. Бу қарор улар тақдиридаги муаллақликка нуқта қўйди. Уларга бу қарор ҳақида маълумотни етказдим. Улар жуда хурсанд¸ дейди Ирина Соколова.

Ирина Соколовага кўра¸ Европа маҳкамасининг қарори Россиядаги экстрадиция қилинишини кутаëтган бошқа ўзбеклар учун ҳам муҳим.

Фуқаровий кўмак ташкилоти раҳбари Рябининага кўра¸ ўзбек қочқинларининг Россия ҳуқуқ-тартибот органлари устидан ғалабаси инсон ҳуқуқлари фаолларининг узоқ меҳнати самараси бўлди.

Бу фикрни Иванова қамоқхонасининг собиқ маҳбуси Шукрулло Собиров ҳам қувватлайди.

- Қаранг¸ инсонларнинг тақдири билан қизиқувчи инсонлар ҳам бор экан. Мана биздан эртани эрта¸ кечни кеч демасдан хабар олиб турганлари бугун ўз натижасини бериб¸ адолат қарор топди.

Шунинг учун биз биринчи навбатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига ўзимизнинг каттадан-катта миннатдорчилигимизни билдирамиз. Катта раҳмат сизларга¸ дейди ўз қувончларини яшира олмаëтган Шукрулло ака.

Шукрулло Собиров ва унинг 12 ҳамроҳи 20 ой давомида Иваново қамоқхонасида ўтиришди.

Улар 2005 йилнинг июн ойида ҳибсга олинган эди. Қамоқхонага ўзбек мулозимлари келиб¸ бизни тезда олиб кетажакларини айтишган эди¸ деб эслайди Шукрулло ака.

- Ўзбекистондан келган айбнома бўйича бизни қўлга олишди. Биз қўлга олинганимиздан кейин Ўзбекистондан иккита одам келиб “Бир ҳафта¸ 10 кун ичида биз сизларни Ўзбекистонга олиб кетамиз. Ҳозирча мана шу турмада ўтириб турасизлар” дейишган эди¸ дея эслайди Шукрулло ака.

Орадан бир йил ўтиб¸ 2006 йилнинг август ойида Росссия Бош прокуратураси тутқунларни Ўзбекистонга жўнатиш ҳақида қарор чиқарди.

Европа маҳкамаси аралашувидан кейин 2006 йилнинг октябр ойида ўзбеклар Иваново тутқунлигидан озод бўлди.

Улар етакчиси Ҳотам Ҳожиметов зудлик билан Норвегияга олиб кетилди. Аммо қолган тутқунларнинг тақдири номаълумлигича қолаверди.

2008 йилнинг 24 апрелида Европа маҳкамаси Иваново ўзбеклари борасидаги талабларини қатъийлаштирди.

2008 йилнинг 16 декабри Иваново ўзбеклари учун озодлик куни бўлди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG