Линклар

Хонлар ўтар¸ тахт ўтар...

  • Сарвар Усмон

Паспортига қараганда¸ ҳозирда 128 ëшга кирган ва дунëдаги энг кекса одам мақомига лойиқ Тўти она Юсупова умри¸ ўткинчи ва адабийлик ҳақида узоқ мулоҳаза юритишга асос беради.

Паспортига қараганда¸ ҳозирда 128 ëшга кирган ва дунëдаги энг кекса одам мақомига лойиқ Тўти она Юсупова умри¸ ўткинчи ва адабийлик ҳақида узоқ мулоҳаза юритишга асос беради.

Ҳужжатига кўра¸ 128 йил яшаб қўйган тўрткўллик Тўти она Юсупова ўз умри давомида камида 14 та давлат раҳбарини кўрибди, улардан 12си сўнгги йўлга кузатилганига гувоҳ бўлибди...

Ассалому алайкум.

Аввал гап ҳукмдорлару халқнинг бир вакили тўғрисида.

Болалигимда, 60-йилларда, эгнидаги битта яктагу енгил чакмони билан, серюнг кўксини очиб, қаҳратон қишдаям қўрқмай кўчага чиқиб кетаверадиган бақувват ўзбек ҳақида гап кетса, уни билганлар "Ҳа, энди фалончи Николайнинг ёғини ялаган-да!" деб қўярди, ҳурмат билан.

Николайи ким экану, унинг ёғи қанақайкин одамни бундай бақувват қилиб юборадиган, деб суриштириб, гап Оқ пошшо Николай Иккинчи ҳақида боришини билган эдим.

Кейин навбатдаги савол пайдо бўлган эди: агар Николайнинг ёғидан одамлар бақувватроқ бўладиган бўлса, унда нима учун инқилоб қилиб уни ағдариб ташлашди?

Бу саволни 60-йилларда бировга бериб бўлмасди.

Хоразм воҳасида истиқомат қилаётган Тўтихон она Юсупова ҳам Оқ пошшо замони ёғини ялаганлардан. Фақат Николай Иккинчининг эмас, Александр Иккинчининг.

Шу кунда онахон Қорқалпоғистоннинг Тўрткўл туманида яшаяпти.

Эвараларию улардан кейингиларнинг саноғини йўқотганигаям анча бўлганини айтаяпти онахон.

Ёши 128га чиққан Тўтихон она уч асрни қамраган умри давомида қанча ҳукмдорни кўрганига қизиқдик.

Она туғилган йил – 1880 йили Хоразм Муҳаммад Раҳим Феруз хоннинг ҳукми остида эди. Сўнг Исфандиёр Хон, ундан кейин Абдулла Хон келди.

Тўтихон она туғилишидан 7 йил олдин, 1873 йили Россия империяси Хоразмнинг бир қисмини босиб олган эди. Бундан келиб чиқадики, онахон Россия императорлари: Александр Иккинчи Николаевични, Александр Учинчи Александровични ҳамда Николай Иккинчи Александровичларни ҳам "кўрган".

Демак, Тўтихон она уч хон ва уч императорни "кўрибди".

Тўтихон она Хоразм хонларию Россия императорларидан ташқари Совет давлати раҳбарлари Владимир Ленин, Иосиф Сталин, Никита Хрушчев, Леонид Брежнев, Константин Черненко, Юрий Андропов, Михаил Горбачевларни ҳам кўрди.

Мана энди Ислом Каримов даврида яшаяпти.

Тўтихон она юзидаги қат-қат ажинларда бугун олис тарихга айланаëзган қанчадан-қанча замонлар ғубори ëтибди.



Совет Ўзбекистони раҳбарларини санамаганимизда ҳам 128 йиллик умри давомида Тўтихон она камида 14 та давлат раҳбарини кўрибди, улардан 12си сўнгги йўлга кузатилганига гувоҳ бўлибди.

19 асрда туғилиб, 21 асрга ўтишнинг ўзи бўладими. Тўтихон она бу дунёнинг ишларини кўравериб қароқлари ҳориди.

Ҳеч йўқ 90да бўлганидаям балки ҳукмдорлар тўғрисида гапирган бўлармиди. Ҳозир гапирмайди.


Гапирганида балки, хонлару императорларни бўлмасаям совет даври раҳбарларини, улар ҳаёт даврида халққа ўша хонлару императорлардан ҳам беқусурроқ қилиб кўрсатилганларини, ўлганларидан кейин эса, ҳаммасининг, мутлақ ҳаммасининг кирдикорлари фош бўлганини айтган бўлармиди.

Фош қилганлар ҳам ўзгалар эмас, ўша кеча кўкларга кўтариб мақтаганлар эканлигини айтган бўлармиди.

Хуллас, хонлар ўтаверади, халқ қолади. Тўтихон она Юсупованинг 128 ёши мана шу ҳикматнинг тўғрилигига яна бир далилдир.
XS
SM
MD
LG