Линклар

logo-print

2008 йил манзарасига чизгилар

  • Абдулла Искандар

2008 йил давомида Ўзбекистонда кузатилган сиëсий-иқтисодий ва ижтимоий жараëнлар яна асосан бир шахс - президент Ислом Каримов раъйига қараб амалга ошди.

2008 йил давомида Ўзбекистонда кузатилган сиëсий-иқтисодий ва ижтимоий жараëнлар яна асосан бир шахс - президент Ислом Каримов раъйига қараб амалга ошди.

Қурултойнинг ўтаëтган йилнинг сиëсий сарҳисобларига бағишланган бу галги сонида Бишкекдаги студиямиз орқали мустақил сиëсатшунос, собиқ дипломат Тошпўлат Йўлдошев, Германиядан журналист ва мухолифат фаоли Анвар Усмонов, Франциядан таҳлилчи Камолиддин Раббимов, Британиядан ўзбек миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ëқубов иштирок этади.

Озодлик: Демак, 2008 йил ҳам якунланди. Анчайин тушкун бошланган эди 2008 йил. Йилнинг сиëсий суратини биз мана шу штрихлар билан белгиладик:

– конституциявий чекловларга қарамасдан яна иқтидорда қолаëтган президент;
– Андижон воқеаларида айбли ҳисобланиб ЕИга сафар қилиши таъқиқланган мулозимлар зиммасидан виза таъқиқининг олиб ташланиши;
– Рустам Иноятовнинг Германияга сафар қилиши;
– Ўзбекистонинг ЕвроосиëИҲ дан чиқиб¸ Россиядан масофаланиши;
– Ўзбекистонда ўлим жазосининг бекор қилиниши;
– Аҳмаджон Одилов, Саиджаҳон Зайнобиддинов ва Мўътабар Тожибоеваларнинг қамоқдан озод қилиниши ва ҳоказо.

Камолиддин, мен сиздан сўрамоқчи эдим, бу штрихлар бутун бир йилни белгилаш учун етарлими?

Камолиддин Раббимов: Биласизми, бундан ташқари кўпгина деталларни киритиш мумкин. Лекин умуман олганда ҳақиқатда давлатнинг бурилиш палласи дейиш мумкин.

Январ ойида Каримов билан учрашган биринчи шахс бу Пьер Морел бўлган эди. Иккинчи шахс, АҚШ Mарказий қўмондони бошлиғи Уилям Феллон бўлди. Шу билан бирга Ғарб билан муносабатлар ҳам интенсивлаша борди.

Апрел ойига келиб, Каримов НАТОнинг Бухарестдаги саммитида иштирок этди. Бу жуда ҳам катта кўрсаткич эди. Чунки Каримов унгача Андижон воқеаларидан кейин Ғарбга чиқмаган эди. Мана шуларни қўшиш мумкин.

Бу даврни Ўзбекистоннинг изоляциядан чиқиш ва Ғарбга бурилиш даври деб аташ мумкин. Лекин буни, албатта, шартли равишда айтиш мумкин.

Озодлик: Тошпўлат ака, сиз нимадир қўша оласизми?

Тошпўлат Йўлдошев: Нима учундир расмий маълумотларга кўра 5,5 миллион, норасмий маълумотларга қараганда 7 миллион меҳнат муҳожири мамлакат ташқарисида эканлиги айтилмади.

Мамлакатнинг ишга қобилиятли чорак аҳолиси четда юрибди. Бу иқтисодий ўсишдан далолат берадими ëки иқтисодий тушкунликданми? Мен шунга ҳам эътибор қаратсак яхши бўларди деган фикрдаман.

Озодлик: Анвар ака, сиз қандай қўшимча қиласиз?

Анвар Усмонов: Бир томондан оз-моз ҳайрон бўлиб қолдим. Ўзбекистоннинг сиëсати ҳали ҳам номаълум. Бир кун Россия билан бирга, бир кун Америка билан бирга. Ҳали ҳам президентимиз ва ҳукумат иккита отни минмоқчи экан. Ҳали ҳам шу эски ҳаммом, эски тос.

Иккинчи томондан халқ ҳам, сиëсатчилар ҳам ҳозирги курснинг бўлмайдиган курс эканлигини тушунаяпти. МДҲ давлатларининг ичида, мен ўйлайман, Грузия, Тожикистон ва Ўзбекистон энг оғир аҳволда.

Грузияда тушунарли.

Тожикистоннинг ҳам ўзи муаммоси бор.

Ўзбекистоннинг шунча имкониятлари бор, шунча бойлиги бор, лекин 5 миллион ўзбек хорижда мардикор. Бу йил, мен ўйлайман, ҳамма одамларга бу тарзда яшаш мумкин эмаслигини кўрсатди. Келаси йилдан мен анча-мунча ўзгаришлар кутаяпман.

Озодлик: Демак, Анвар ака Ўзбекистон аҳолиси бундай яшаш мумкин эмаслигини тушуниб қолди, деган муждани йўллаяпти. Ҳақиқатан ҳам шундайми? Биз бу савол билан инсон ҳуқуқлари фаоли Абдусалом Эргашевга мурожаат қилсак. Абдусалом ака ассалому алайкум.

Абдусалом Эргашев: Ваалайкум ассалом.

Озодлик: Бу йил¸ сизнинг назарингизда¸ қандай кечди?

Абдусалом Эргашев: 2008 йилнинг сиëсий ҳаëтидан умидларим жуда катта эди.

Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш бўйича бошқа кўплаб демократик мамлакатлардагидай мамлакатдан чиқиб кетиш ва қайтиб келиш тартиби нормал йўналишга қўйилади деган умидда эдим. Яъни ОВИР визаси бекор қилинади деган умидда эдим. (ОВИР – Ўзбекистондан ташқарига чиқиш ҳуқуқини берувчи ички виза) Бу бўлмади.

Бундан ташқари¸ бир кишини яшаëтган жойига маҳкам боғлаб қўйиш, дейлик фарғоналик бир одамнинг Тошкентга бориб қисқа муддат яшаши борасида ҳам мен ўйлаган кўп ислоҳотлар амалга ошмади. Шунинг учун мен унчалик мамнун эмасман.

Мен ўлим жазосини бекор қилишдан ташқари кенгроқ эркинликлар, демократияни таъминлашга йўналтирилган ислоҳотларни кутган эдим.

Маҳсулот олиб келиш ва олиб чиқиш бўйича божхона тўловлари туширилармикин деб ўйлаган эдим. Афсус, бу йил менинг умидларим рўëбга чиқмади.

Озодлик: Жорий йилнинг катта воқеаларидан бири сифатида ўзбек миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ëқубовнинг Британиядан қочқинлик мақоми олиш баробарида Ўзбекистон ҳукуматини Андижон қатлиомида айблагани бўлди. Икромжон, сизнинг назарингизда йил сарҳисоби нималардан иборат бўлди?

Икром Ëқубов: Менинг бу борадаги фикрим бироз кескин ва қатъийроқ. Бу йилда ҳам худди аввалги йиллар каби Ўзбекистонда давлатчилик ва давлат анъаналарининг ўлиши давом этди.

Каримов ҳокимият тепасида қолар экан, жамиятда қандайдир озгина бўлсада ўзгаришлар бўлишини кутиш, менинг фикримча, ахмоқликдан бошқа нарса эмас.

Ўзбекистоннинг бутун ички ва ташқи сиëсати бир нарсага, яъни Ислом Каримовнинг шахсий ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратилган. Ташқи ва ички сиëсат ўшандан келиб чиқиб юритилади.

Шунинг учун барча муаммоларнинг асосини, илдизини Каримовнинг шахсий ҳокимиятини мустаҳкамлашга қаратишидан излаш керак.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистоннинг ташқи сиëсати Анвар Усмон айтганидай доим беқарор. Худди енгилтак аëлга ўхшаб бир кун бу кучли давлатнинг қучоғига, эртага иккинчи кучли давлатнинг қучоғига қараб чопади.

Бу Ўзбекистонда давлатчилик системасининг Каримов томонидан ўлдириб бўлинаëтганидан далолат беради.

Озодлик: Эшитганларимиз анча ғамгин, анча пессимистик. Анвар ака, наҳотки йил давомида бирон-бир яхши нарса бўлмаган бўлса?

Анвар Усмонов: Биринчидан, инқироз унча Ўзбекистонга тегмади. Кейин Ўзбекистон катта кредитларни олмасдан сал ўз позициясини тутган. Бу ҳам яхши.

Ундан кейин Ўзбекистоннинг уфқлари ҳам оз-моз кўрсатилган. Нима учун? Чунки бутун дунë ҳозир оз-моз Ўзбекистонга ҳам қарайдиган бўлиб қолди. Бу ҳам ëмон эмас.

Камолиддин Раббимов: Биласизми, аслида мен бу фикрга қўшила олмайман. Чунки инқироз Ўзбекистонга таъсир қилишни энди бошлаяпти.

Кўпчилик кузатувчилар Россия ва Қозоғистондаги кўпчилик ўзбек меҳнат муҳожирларининг Ўзбекистонга қайтаëтганини айтмоқда. Ўзбекистонга пул жўнатиш кескин камайган. Бу Ўзбекистондаги ижтимоий вазиятни таранглаштиради.

Ҳар қандай нарса Ўзбекистонда ижтимоий-сиëсий трансформация¸ яъни кўчишга таъсир қилар экан, бу ҳолатни ижобий деб билиш керак.

Аксинча, бу режимни мустаҳкамлайдиган ҳатти-ҳаракатларга биз эҳтиëткорона қарашимиз керак. Шу нуқтаи назардан, инқироз таъсир қилаяпти ва бунинг ижобий таъсирлари бўлади деб ўйлайман.

Озодлик: Сизнингча¸ йил давомидаги ëруғ нуқталар нималардан иборат? Балки ўлим жазосининг бекор қилиниши яхшилик аломатидир.

Камолиддин Раббимов: Ўлим жазосини бекор қилиш тўғрисидаги президент фармони 2005 йилнинг охирида чиққан эди. Адашмасам август ойининг охирида чиққан эди. Бу ҳолатни Каримов Андижон воқеаларига компенсация сифатида имзолаган эди.

Иккинчи томондан¸ ўлим жазоси бекор қилинишининг асосий сабабларидан биттаси, Каримовнинг Андижон воқеалари билан 10-20 йиллик режани бир кунда бажаргани бўлди.

Озодлик: Тошпўлат ака, бу йилнинг яхши тарафларини айта оласизми?

Тошпўлат Йўлдошев: Мана Мўътабар Тожибоева, Саиджаҳон Зайнобиддинов ва бошқа ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар қамоқдан чиқди. Бу билан бизнинг бошимиз осмонга етди.

Бундан ташқари¸ Мўътабар Тожибоева ҳуқуқ ҳимоячиларининг олий мукофоти Мартин Энналсга эга бўлди. Мана Францияга бориб мукофот олди. Албатта¸ бу хурсандчилик.

Лекин бунинг олдида ҳукуматнинг қилаëтган иши, бизни тушкунликка йўллаши мумкин, холос.

Озодлик: Икромжон, сиз кечган йилдаги Ўзбекистоннинг бирор ютуғини санай оласизми?

Икром Ëқубов: Аввало айтишим керакки, мен Камолиддин аканинг фикрларига қўшиламан. Мен қандайдир бир ютуқни кўрмаяпман.

Кечирасизлару, менга бир ютуқ кўрсатинглар. Тошпўлат ака айтганидай Мўътабар Тожибоева озод қилинди. У киши Ўзбекистондаги қаҳрамонликларини намунаси сифатида Европада юрибди. Лекин битта ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилиб, унинг ўрнига 10тасини тиқиб қўяяпти.

Яна бир марта кечирасизлару, лекин Каримов ҳокимият тепасида қолар экан, бирор ижобий ўзгариш бўлишига мен мутлақо ишонмайман.

Озодлик: Анвар ака, сиз нима дейсиз?

Анвар Усмонов: Президентнинг кучи оз-моз камайди. Ҳозир президентнинг ўзи раҳбарлигини қила олмайди. Ҳали ҳам эски президент эмас. Ҳозир унинг бутун атрофи ўз иши билан яшаяпти. Шунинг учун Ўзбекистон мана шу аҳволга тушгандир.

Озодлик: Канадада яшаëтган журналист Ғофур Йўлдошев ҳам Каримовни қулаëтган деворга ўхшатди. Бу гап 10 йиллардан бери айтиб келинаяпти. Бошқалар назарида Каримов анча мустаҳкам қўрғон. Анвар ака Каримов чарчади деган гапни айтаяпти. Тошпўлат ака бунга қўшимча қила оласизми?

Тошпўлат Йўлдошев: Чарчаганлиги кўриниб турибди. Бир томондан¸ мана кадрларни тезроқ алмаштирадиган бўлди. Бу дегани¸ энди малакали кадрлар қолмади демак.

Ислом Каримов бор малакали кадрларни ë четга сиқиб чиқарди, ë қамоққа ташлади, ëки улар ўзларини панага олиб, қачон Каримов тахтдан тушаркан деган фикрлар билан ўзларини мансабга ураëтганлари йўқ. Бу Ислом Каримовнинг чарчаганидан битта далолат.

Иккинчи далолат бир Кремлга бош уради, бир Ғарбга қараб ҳаракат қилади. Хуллас¸ қиладиган ишининг маъноси ҳам, мантиғи ҳам йўқ.

Бу ҳам унинг сиëсий чарчоқлигидан, қариб қолганлигидан, қўлидан бир иш келмаëтганидан, Ўзбекистондай бой мамлакатни бошқара олмаслигидан далолат беради.

Бундан ташқари ëши ҳам 70дан ошиб қолди. Буларнинг ҳаммаси унинг яқин орада тахтдан кетишининг бир белгиси деб ўйлаймиз.

Албатта¸ олдинлари ҳам шу гаплар бўлган, лекин ҳозирги пайтда бунинг далолатлари кўпроқ бўлиб қолаяпти.

Икром Ëқубов: Биринчидан, Ислом Каримов шунақа бир вазиятни яратдики, у ҳеч қанақасига ҳокимиятни ташлаб кета олмайди. Иложи йўқ.

Агар бугунми, эртагами ҳокимиятни ташласа, уни биринчи бўлиб унинг атрофида турганлар дор остига олиб келади. Шунинг учун Каримов жисмоний жиҳатдан ўлгунча ҳокимият тепасида қолишга ҳаракат қилади.

Иккинчидан, у максимал даражада ўзидан кейин фарзандини ҳокимият тепасига ўтказишга ҳаракат қилади. Нега? Чунки унинг фарзандигина у ва оиласининг келажаги учун кафолат бўла олади. Каримов ўз қизи Гулнора Каримованинг ўзидан кейин бир кун ëки олти ой бўлсада, ҳокимият тепасида туришига ҳаракат қилади.

Озодлик: Жорий йилнинг тимсолларидан бири сифатида Гулнора Каримованинг БМТнинг Женевадаги доимий вакил этиб тайинланиши ва Лола Каримованинг ЮНЕСКОдаги доимий вакил этиб тайинланишини келтириш мумкин. Бу нимани билдиради? Каримовнинг оиласи унинг жисмоний ўлимидан кейин ҳам ҳокимиятда қолишда давом этадими?

Анвар Усмонов: Эсингизда борми, Мао Цзедундан кейин мамлакат раҳбарлигига унинг аëли биринчи номзод бўлди. Бир ойнинг ичида йўқ бўлиб қолди. Мен ҳеч қачон ишонмайман.

Биринчидан¸ иккита қизи ҳам сиëсатчи эмас.

Иккинчидан¸ иккала қизи ҳам анча ëмонликлар қилган. Коррупция ишларини амалга оширган. Бу иккала қизни одамлар ëмон кўради.

Менимча¸ булар ҳеч қачон номзод бўлмайди, ҳеч қачон уларга нон йўқ.

Озодлик: Нон йўқ деб¸ менимча¸ Анвар Усмонов имкони йўқлигини билдирди. Камолиддин, сиз ворислик масаласида нима дейсиз? Бунинг мисоли мана Озарбайжонда бор.

Камолиддин Раббимов: Биласизми, Каримов Гулнорани ҳокимиятда кўришни¸ албатта ¸хоҳлайди. Лекин айни пайтда Каримов яхши тушунадики, Гулнорада ҳокимиятни ушлаб қолиш потенциали йўқ.

Каримов ўзининг ўриндошига иккита катта фундаментал талаб қўяди. Биринчиси содиқлик, иккинчиси ҳокимиятни ушлаб қолиш.

Гулнорада содиқлик табиий бор, аммо унда ҳокимиятни ушлаб қолиш потенциали йўқ.

Гулноранинг Женевага келишини мен бошқачароқ баҳолаган бўлардим. Чунки биз қонуниятнинг сабабини энди тушунаяпмиз.

Гулнора Андижон воқеаларидан кейин 2-3 йил давомида Москвада фаолият кўрсатди. Йилнинг бошида Москвадан Тошкентга олиб келинди ва ташқи ишлар вазирининг ўринбосари этиб сайланди. Сентябр ойида эса Женевага юборилди. Яъни Каримов ўзининг геосиëсий ориентирини олдиндан режалаштирди ва олдин Гулнорани Москвадан узиб, кейин Ғарбга жўнатди.

Иккинчи томондан, Гулнорада Ғарб билан муносабатларни шакллантириш ва унинг Ғарб билан бўлган тизимини мустаҳкамлашга қаратилган ҳатти-ҳаракат мавжуд.

Мана яқинда¸ Ўзбекистон бўйича инсон ҳуқуқлари борасида ҳисобот тингланди. Гулнора Ўзбекистон ҳисоботини ҳимоя қилмади. Унга мана шундай бир вазифа юкланмади. Бу Анвар ака айтганидай ¸ундаги сиëсатчилик потенциали жуда ҳам заиф эканидан дарак.

Каримов Гулнорадан бошқага ишона олмайди ва айни пайтда Гулнора ҳокимиятни ўз қўлида ушлаб қола олмайди. Бу жуда ҳам муаммоли.

Ўзбекистонда Каримов кимни хоҳласа, ўша шахс президент бўлади. Бошқа ҳеч ким бу нарсани аниқлай олмайди. Мен буни шартли равишда айтаяпман. Лекин ҳокимиятни ушлаб қолиш потенциалига келадиган бўлсак, бу мураккаб масала.

Озодлик: Икромжон, сиз бу масалада нима дейсиз?

Икром Ëқубов: Мен юқорида Каримов ўз қизи Гулнора Каримованинг ўзидан кейин бир кун ëки олти ой бўлсада, ҳокимият тепасида туришига ҳаракат қилади¸ деб айтиб ўтдим.

Бу деганим, Камолиддин ака айтганларидай, ҳокимиятни ушлаб қолиш масаласи оғир. Буни ҳамма тушунади. Буни мен тушунаман, Камолиддин ака тушунади, сиз тушунасиз, анави кўчада писта сотиб ўтирган аëл тушунади.

Лекин буни Каримов тушунмайди. Агар Каримов бу нарсани тушунганида эди, Ўзбекистонни ҳозирги мана бу аҳволга олиб келмаган бўларди. Ҳатто ҳозиргидай ўзини хароб аҳволга солиб қўядиган система яратмаган бўларди.

Озодлик: Тошпўлат ака, ўтаëтган йил давомида Ўзбекистонда ворис танлашга ишоратлар кузатилдими?

Тошпўлат Йўлдошев: Мен бу масалада ўз суҳбатдошларимга маълум даражада қўшиламан. Лекин бошқа бир фикрларим ҳам бор. Каримов ворис сифатида ўз қизини қолдиришдан жуда ҳам манфаатдор. Лекин масаланинг бошқа томони бор.

Гулнора бу ëққа келадиган бўлса, президент лавозими эмас, 100 миллиардлаб долларга етадиган пул тақсимоти ҳам бор бу ерда. Ислом Каримовнинг атрофидаги сафдошлари шу пайтгача Каримовдан қўрққанлиги ва Каримов ҳокимиятнинг барча ҳуқуқий ва молиявий томонларини ўзининг қўлига олиб олгандан кейин, унинг қўлидан олиб қўйиш имконияти бўлмагандан кейин Ислом Каримовга тоқат қилиб турибди.

Лекин агар Гулнора Каримова президент бўладиган бўлса, унинг бу мансабни сақлаб қолиши¸албатта¸ қийин. Гулноранинг Маҳмуд Худойбердиев ëки бошқа кўзга кўринган террорчилар раҳбарлари ëрдамида тахтни ушлаб туриши пуч хаëл эканлигини била туриб¸ эҳтимол Гулнора билан Лолани мамлакатдан четга чиқариб юборгандир.

“Биз Ўзбекистондан оладиганимизни олиб бўлдик. Энди невараларимиз чет элда хавфсиз яшасин” деган фикрга бормаганмикан деган ўйдаман.

Бошқа томондан ворис танлайдими, деган фикр ҳам туғилаяпти. Мен ўйлайманки, Ислом Каримовдай одам ҳеч қачон халқни ҳам, мамлакатни ҳам ўйламайди. У қизларидан ташқари ворисни ҳатто хаëлига ҳам келтирмайди.

Ўша ворис олдин айтилганидек тахтга ўтирган куниëқ ëки эртасига Каримовнинг ўзини ҳам, қизларини ҳам, невараларини ҳам қамашга мажбур бўлади. Бошқа иложи йўқ.

Шуларни ҳисобга олиб Каримов ворис тайинлаëтгани йўқ. У мамлакатни фуқаролар уруши даражасига, қон тўкилиш даражасига тушириб¸ дунëни тарк этади.

Озодлик: Жорий йилда Ўзбекистон ЕвроосиëИҲдан чиқди. Бундан ташқри Ғарб билан ҳам алоқалар яхшиланди. Бунга мисол сифатида санкцияларнинг қисман бекор қилиниши¸ яъни 12 нафар мулозимга белгиланган виза таъқиқи олиб ташланганини айтишимиз мумкин. Шундан кейин октябр ойида, мана Рустам Иноятов, Германияга сафар қилди. Анвар ака, жорий йилдаги бу юмшоқ муносабатни сиз қандай баҳолаган бўлардингиз?

Анвар Усмонов: Биласизми¸ бунинг икки томони бор. Бу санкция сал юмшаган бўлса ҳам, Ўзбекистон ҳам ўзгариши мумкин. Мана Умида Ниëзова чиқди.

Озодлик: У ўтган йил чиққан эди. Бу йил қайтанга яна иккита одамни қамашди.

Анвар Усмонов: Бу сиëсатнинг ўзи арқон тортиш. ЕИ Ўзбекистонга картбланш берган. Яъни ЕИ Ўзбекистонга “Мана кўринглар. Биз санкцияни юмшатдик, лекин сиз ҳам ўзгаринглар. Ўзгариш ҳам бўлсин” деган.

Озодлик: Камолиддин мана шу картбланш деган сўзга изоҳ берсангиз. ЕИ Ўзбекистонда ўзгаришлардан умид қилаяптими? Санкцияларнинг бекор қилиниши шунинг олдиндан тўловими?

Камолиддин Раббимов: Бу ерда бир қанча омиллар бор.

Биринчидан, санкциялар тўлақонли санкциялар эмас эди. Чунки Андижон воқеалари ва унда кейинги вазият дунëда кўп қутблилик шаклланаëтган бир даврга тўғри келди.

Ғарб ҳақиқатан Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказишга лаëқатини кўрсатди. Лекин Ғарб бундан тўхтади¸ чунки бир ойнинг ичида Каримов Путин билан иттифоқчилик шартномасини тузди ва Андижон воқеаларидан тўрт кун ўтар-ўтмас 17 май куни Хитойга кетди.

Каримов ўзини қутқариш учун ҳамма нарсага тайëрлигини кўрсатгандан кейингина Ғарб Ўзбекистон мутлақо ўзининг мустақиллигини йўқотиб қўйиш даражасига бориши мумкинлигини тушуниб етди.

Иккинчи асосий омил¸ бу назаримда Афғонистон. Ғарбни жуда катта ташвишга солаëтган ҳолат транспортировка яъни Афғонистонни тиклаш учун қайси давлатдан бориш масаласи.

Ўзбекистон билан мулоқот бутунлай чилпарчин бўлган. Покистондаги вазият алғов-далғовлигича қолаяпти. Шунинг учун Ғарб авторитар режим билан мулоқот қилишга маҳкум эканлигини тушунаяпти.

Вақт ўтиши ва режимнинг ҳам у ëқ бу ëққа ўйнашга лаëқати борлигига сигналлар берилиши Ғарб томонидан қабул қилинди. Лекин Ғарб ҳам жуда мураккаб бўлган мулоқот олиб бораяпти.

17 январда Каримов Пьер Морел билан учрашганда Ўзбекистон оммавий ахборот воситаларида шундай бир маълумот кетдики, гўë Пьер Морел Каримовни Хавъер Солано номидан сайловларда ғолиб чиққани билан табриклабди. Бу маълумот ғирт ëлғон. Пьер Морел Каримовни янги йил билан қутлади¸ холос.

Бу маълумотлар афсуски, Ўзбекистон жамоатчилигига номаълум. Аслида Ғарб ҳалигача ҳам Каримовнинг легитимлигини тан олгани йўқ. Лекин мулоқот қилишга маҳкум, мажбур.

Озодлик: Тошпўлат ака, ЕИ ва Ўзбекистон муносабатларининг юмшаши борасида сизнинг фикрингиз борми?

Тошпўлат Йўлдошев: Мен Камолиддиннинг гапларига қўшиламан. Кўпгина омилларнинг ичидаги энг асосийси Афғонистондаги вазият.

Кейинги пайтларда мана Покистондан Ҳайбар довони орқали юкларнинг ўта олмаëтганлиги, 147 та машинанинг портлатиб юборилганлиги, ҳайдовчиларнинг “Биз Ғарб ва НАТО фойдасига Афғонистонга юк олиб бормаймиз. Бизга ўз хавфсизлигимиз керак” деганлиги ҳақида гап-сўзлар бўлди.

Шунинг учун ҳам Ғарб кўпроқ Ўзбекистондаги инфраструктураларни¸ яъни транспорт коридорларини кенгайтириш, замонавийлаштириш, ўшалардан фойдаланиш, қолаверса Қарши-Хонобод базасини ишлатишга ҳам тайëр бўлишаяпти.

Озодлик: Анвар ака¸ картбланш деяпти.

Тошпўлат Йўлдошев: Энди у даражада эмаску, шу улар билан мулоқотда бўлиб туриб, демократияни ривожлантириш ва инсон ҳуқуқларини вақтинча бир чеккага қўйиб туриб, ўзимизнинг прагматик масалаларимизни ҳал қилайлик деган фикрга бораëтгандир. Лекин ҳали гап картбланшгача бориб етмайди¸ деб ўйлайман.

Озодлик: Йил сарҳисоб қилинар экан, албатта янаги йилга тилаклар бўлади. Марҳамат¸ бирин-кетин янги йил тилакларини изҳор қилсак.

Анвар Усмонов: Биринчидан¸ янги йилда катта ўзгаришлар бўлсин. Иқтисод ривожлансин.

Иккинчидан¸ кўп одамлар мардикорлигидан қайтсин.

Учинчидан¸ ҳар йили пастга тушаверадиган иқтисодни, сиëсатни ўзгартириб, Ўзбекистон ҳамма томондан нафас олсин.

Президентнинг ўзи шуни оз-моз тушунсин. Айтмоқчиманки, президентга ҳам сал ақл кирсин.

Камолиддин Раббимов: Биласизми, 2009 йил катта сана ҳисобланади. Нима учун? Чунки Каримовнинг ҳокимиятга келганига роппа-роса 20 йил бўларкан. У 1989 йилда Ўзбекистоннинг биринчи шахси этиб тайинланган эди.

20 йил Ўзбекистон учун жуда ҳам катта бир давр. Бу¸ албатта¸ тарихда қоладиган давр.

Менинг назаримда¸ келаси йил анчагина ижтимоий-иқтисодий нуқтаи назардан трансформацияларни тақозо қиладиган йил бўлади. Яъни ўзига яраша мураккаб, лекин айни пайтда умидли йил бўлади деган фикрдаман.

Икром Ëқубов: Тилакларим халқимиз бахтли бўлсин. Фаровон ҳаëт кечириш насиб қилсин. Каримовдай шахснинг ўзбек давлати устида ҳокимлик қилиб туришига 2009 йилда зора барҳам берилса. Шу менинг энг катта тилагим.

Тошпўлат Йўлдошев: Менинг тилакларим кўп.

Энг биринчи тилакларимдан бири Юсуф Жума, Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Турғунов, Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев, ака-ука Бекжонлар ва бошқаларнинг озод қилиниб¸ оиласининг бағрига боришини истайман.

Бундан ташқари диний-сиëсий туҳматлар билан қамалган минглаган маҳбусларни ҳам дарҳол озод бўлиб, оилалари бағрига боришларини истайман.

Халқимиз сал эркин нафас олсин деган ниятларим бор. Оллоҳ мени ва халқимизни шунга етказсин.
XS
SM
MD
LG