Линклар

Мухолифат норозилиги давом этаëтир


Олмаота шаҳар ҳокимияти биноси олдида ўтказилган норозилик намойишида бир неча юз одам иштирок этди.

Олмаота шаҳар ҳокимияти биноси олдида ўтказилган норозилик намойишида бир неча юз одам иштирок этди.

Қозоқ мухолифати ҳукуматдан Желтўқсон қўзғолони бўлиб ўтган Республика майдонида кўнгил очар марказ қурилишини тўхтатишни талаб этмоқда.

1986 йили қозоғистонлик ёшлар Совет Иттифоқи Коммунистик партияси сиёсатига норозилик билдириб¸ Олмаотадаги Республика майдонига намойишга чиққан эдилар.

Бу намойиш кейинчалик Желтўқсон қўзғолони дея атала бошланди.

Қозоқ мухолифатининг Желтўқсонни хотирлаш учун уюштирган биринчи норозилик намойиши 19 декабр куни Олмаота шаҳар ҳокимияти биноси олдида ўтди.

Ўша куни ҳуқуқ-тартибот ходимлари ва аҳоли ўртасида тўқнашув чиқиши олдини олиш мақсадида Олмаота ҳокими норозилар вакиллари билан музокара ўтказди.

Ҳоким ваъда берди


Ҳоким билан музокараларда иштирок этган мухолифатчи Бўлат Абилов намойиш иштирокчиларига масала ҳал этилганини билдирди.

- Энди бу ерда савдо маркази бўлмайди. Бу масала ечилди. Иккинчидан, ҳокимият бу ерда машиналар учун тўхташ жойлари қурилиши ҳақида маълум қилди. Аммо биз бунга ҳам қаршилик билдирдик. Бу ерда фақат ёшлар қўзғолонида ҳалок бўлганлар учун ҳайкал ўрнатилишини талаб қилдик,- деди Бўлат Абилов.

Олмаотанинг республика майдонида бўлиб ўтган норозилик митингида кўплаб қозоқ ёшлари иштирок этдилар.

Озодлик мухбири митингдаги фаол ёшларнинг бирини суҳбатга тортди.

-Бизнинг мустақиллигимиз учун курашган ёшлар қўзғолони бўлиб ўтган ер хосиятли ҳисобланади. Сабаби бу ерда ёшлар қони тўкилган. Биз бу ерда ҳукуматнинг кўнгилочар марказ қуришига йўл қўймаймиз, дейди қозоқ ёшларидан бири.

Ваъда десанг қоп-қоп...

Бироқ Олмаота ҳокимининг ваъдасига қарамай, қурилиш ишларининг тўхтатилмагани маълум бўлди.

Шу боис 22 декабр куни бундан ғазабланган митинг иштирокчилари Республика майдонида ер ости савдо маркази қурилиши ишларини олиб бораётган ширкат биноси олдида ҳам норозилик намойиши ўтказдилар.

Митинг иштирокчилари кўзларида ëш билан яна бир бор Қозоғистон ҳукумати¸ шунингдек ер ости шаҳарчасини қураётган компания раҳбариятига Республика майдонида кўнгилочар иншоот қурилмаслигини сўраб мурожаат қилдилар.

Шунга қарамай Қозоғистон расмийлари Республика майдонида ер ости кўнгилочар марказининг қурилиши учун хориж сармоядорлари қидирилаётганини маълум қилди.

Ҳозирда Олмаота полицияси Республика майдонида йиғилганлар ҳаракатини ўз назорати остига олган.

Мавзу юзасидан маълумот

Бундан икки йил аввал, Олмаота шаҳридаги Республика майдонида ер остида шаҳарчаси, яъни кўнгилочар марказ қурилиши бошлаб юборилганди.

Бу ишлар учун давлат бюджетидан 24 млрд. тенге, яъни 200 млн. АҚШ доллари ажратилгани хабар қилинганди.

Бироқ бундан 22 йил аввал кўнгилочар марказ қурилаётган ерда совет ҳукумати сиёсатига қарши чиққан қозоқ ёшларининг фожеали якунланган қўзғолони содир бўлганди.

Ҳозирга қадар бу воқеада ҳалок бўлган ёшларнинг аниқ сони ошкор қилинмаган.

Баъзи норсмий маълумотларга кўра, қўзғолоннинг советлар армияси томонидан шавқатсизларча бостирилиши оқибатида мингдан ошиқ бегуноҳ ёшнинг қони тўкилган.

Желтўқсон воқеалари¸ қудратли советлар иттифоқида бошланган нозорилик чиқишларининг дебочаси бўлган эди.
XS
SM
MD
LG