Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 06:07

Лукашенко тиланчиликка маҳкум


22 декабр куни Александр Лукашенконинг Кремлда қучоқ отиб кутиб олинганига қараганда¸ Россия ўз кичик инисини бўҳрон домига ташлаб қўйиш фикридан йироққа ўхшайди...
22 декабр куни Александр Лукашенконинг Кремлда қучоқ отиб кутиб олинганига қараганда¸ Россия ўз кичик инисини бўҳрон домига ташлаб қўйиш фикридан йироққа ўхшайди...

Душанба куни Москвага келган Беларус президенти Александр Лукашенко Кремлдан ўз мамлакати иқтисодини қутқаришни сўрамоқда.

Шу кунларда аксар дунëдан изоляцияда яшаб келган Беларус¸ туяни шамол учирса¸ эчкини осмонда кўр¸ нақлидаги эчки ҳолига тушиб қолди.

Дунëнинг йирик иқтисодлари ўз асосий куч ва маблағларини глобал молиявий бўҳрон оқибатларини бартараф этиб¸ унинг янада кенгайишини тўхтатишга қаратаëтган бир пайтда¸ Беларус иқтисоди том маънода ҳаëт-мамот мужодаласини бошдан ўтказаëтир.

Минсклик иқтисодий таҳлилчи Андрей Фëдараунинг Озодлик мухбирига айтишича¸ айнан ана шу вазият боис Лукашенко Москвага шляпасини қўлига олган ҳолда¸ содда қилиб айтганда¸ тиланчиликка келди.

- Биринчидан¸ мамлакатдаги ниҳоятда ночор иқтисодий вазият уни шунга мажбур қилмоқда. Мамлакатда ишлаб чиқариш кўрсаткичи мисли кўрилмаган даражада пастлаб кетди. Аҳоли бунинг зарбасини аллақачон ўз танасида ҳис этмоқда. Коммунал хизмат ҳақлари кескин ошиб бормоқда. Беларус иқтисодининг тўлиғича Россияга қарамлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис Беларус раҳбари ўз иқтисодий муаммоларини ҳал этиш учун Москвага йўл олди¸ дейди маҳаллий таҳлилчи Фëдарау.

Аммо Москвада президент Медведев билан ëнма-ëн турган ҳолда президент Лукашенко¸ бу каби фикрларга кескин эътироз билдирди.

- Мен Беларус Кремлга тиз чўккан ҳолда тиланчилик қилиб келди¸ деган миш-мишларни очиқ рад этаман. Мен шу ернинг ўзидаëқ¸ биз ҳеч кимдан ҳеч нима тиламаëтганимизни очиқ айтиб қўймоқчиман¸ деди халқаро майдонда ўз кибри билан танилган Александр Лукашенко.

Аммо мутахассисларга кўра¸ бундай баландпарвоз баëнотга қарамай¸ авторитар бошқарувдаги Беларус ўз ҳисобидаги олтин заҳираларини еб тугатгач¸ энди келаëтган қишдан қандай омон чиқиш саволига жавоб изламоқда.

Бу саволларнинг энг оғири эса¸ мамлакат тўлиғича қарам бўлган Россия газига 2009 йил давомида қандай тўлаш ва қанча тўлаш масаласидир.

Айнан ана шу савол президент Лукашенконинг ўз ҳамкасби Дмитрий Медведев билан сўзлашувларидаги белгиловчи мавзудир.

Ҳозирга қадар Беларус Россиядан олинаëтган ҳар минг куб метр газ учун имтиëзли асосда 128 АҚШ доллари тўлаб келаëтган эди.

Айни шу газни Европага уч баравар қимматга сотаëтган Россия эндиликда Минскдан ҳар минг куб метр газ учун 240 доллар сўрамоқда ва 200 дан пастига зинҳор кўнмаслигини писанда қилмоқда.

Беларус томони эса¸ минг куб метр газ учун 140¸ нари борса 160 доллар тўлаши мумкинлигини айтиб¸ нархни бундан ошириш¸ белини чиқаражагидан нолимоқда.

Душанба куни шу масалада муросаю мадора топиш учун Москвага келган Лукашенко¸ кузатувчилар фикрича¸ ўзини бечора ини қиëфасига солиб¸ катта оғани мурувватлироқ бўлишга ундайди.

- Лукашенко¸ аввал кризисдан биргалашиб чиқиб олайлик¸ ҳисоб-китоб қилиш қочиб кетмас¸ демоқда. Газ нархи¸ сўзлашувлардаги бир мавзу холос.

Лукашенко оға-инилик туйғуларини пеш қилиб¸ Москвадан ўз иқтисодини бўҳрондан омон сақлашни сўрамоқчи.

Аммо Москва бу кўз ëшларга ишонадими? Москванинг ўзи ҳам тушиб қолган ҳозирги вазият инобатга олинса¸ йўқ.

Россия ҳам ўз олтин заҳираларини тезлик билан еб битираëтир¸ фонд биржалари қулаб бормоқда¸ ишлаб чиқариш чўкмоқда. Ўзи чўкаëтган бир кезда Россия ҳеч кимга ëрдам бермайди.

Бунинг устига Россия яқиндагина Беларус ва Қирғизистонга икки миллиард доллар қарз берди. Москвадан бугун бундан ортиғини кутиш¸ асоссиздир¸ дейди россиялик сиëсий таҳлилчи Андрей Суздалцев.

Авторитар бошқарув¸ ялпи изоляция ва эндиликда глобал молиявий бўҳрон оқибатида чоҳ ëқасига келиб қолган Беларус иқтисодини қутқариш ўтинчида Лукашенко тўрт тарафга бош урди.

Аммо унинг АҚШ¸ Халқаро Валюта Жамғармасига қилган сўровлари жавобсиз қолди.

Айрим кузатувчилар¸ ўзи ҳам ўта оғир вазиятга тушиб қолганига қарамай¸ Кремл Лукашенко жонига оро кирадиган ягона қудрат экани ва газ нархи борасидаги сўзлашувларда муросага эришиш учун Минск раҳбари катта қурбонлик қилишга маҳкум эканини айтмоқдалар.

Россия кўпдан ўз домига ютишга уриниб келган Беларусдаги Белтрасгаз транзит тизими устидан назоратни Москва қўлига топшириш ва Кремл кўпдан талаб қилиб келган каби Абхазия ва Жанубий Осетияни мустақил давлат деб тан олиш¸ ана шу қурбонликнинг илк ифодалари бўлиши мумкин.

Россия президенти Дмитрий Медведевнинг Лукашенко билан учрашувда қилган мана бу баëноти¸ икки қардош ва иттифоқчи ўртасида савдолашув давом этаëтганидан берилган муждадек янгради.

- Глобал молиявий бўҳронга қарамай¸ биз ҳамкорликни давом эттирамиз ва бу муаммолардан чиқиш йўлларини излаб топамиз¸ деди Лукашенкони бағрига босиб қаршилаган президент Медведев.
XS
SM
MD
LG