Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 21:16

Душанбенинг умидлари пучга чиқди


Ўзбекистон газ нархини кўтаргани муносабати билан Тожикистондаги кўпгина хонадонлар "зангори олов"дан маҳрум бўлиши мумкин.
Ўзбекистон газ нархини кўтаргани муносабати билан Тожикистондаги кўпгина хонадонлар "зангори олов"дан маҳрум бўлиши мумкин.

Расмий Душанбе Ўзбекистон қўшни давлатлар учун газ нархини 145 доллардан оширмаслигига умид боғлаб турган эди. Аммо Тошкент ўз баҳосини туширмади.

Тошкентда ўтган музокараларда Ўзбекистон томони 2009 йилда табиий газнинг ҳар минг куб метрини 300 доллардан кам баҳода сотмаслигини қатъийлик билан билдирган.

- Биз бу нархга рози бўла олмаймиз. Бу биз учун жуда қимат.На саноат корхоналари ва на аҳоли бу пулни тўлай олади.

Аммо газ нархи борасида ўз норозилигимизни Ўзбекистон томонга айта олмаймиз ҳам. Чунки норози бўлсак, Ўзбекистон бизга ажратилган газни 1 январдан эътиборан бошқа давлатга бериб юбориши мумкин.

Айни пайтда¸ Тожикистон президенти ва бош вазир Ўзбекистон билан музокараларни давом эттирмоқда, деди «Тожикгаз» раиси ӯринбосари Шавкат Шоимов.

Унинг билдиришича, ўтган йили ўзбек газининг ҳар минг куб метри 145 доллардан сотиб олинган. Шу нарх билан ҳам Тожикистон табиий газ учун Ўзбекистондан тахминан 10 миллион доллар қарз бўлиб қолган.

-Табиийки¸ 2009 йилда аҳвол бундан ҳам ёмонлашади. Аммо ўзбекистонликлар нарх шу деб туриб олса¸ шартномани имзоламай иложимиз йўқ. Чунки бошқа муқобил таъминотчига эга эмасмиз, дейди «Тожикгаз» расмийси Шавкат Шоимов.

Қарамликдан қутилиш йўллари изланмоқда

Айни пайтда¸ Тожикистондаги нефт ва газ заҳираларини аниқлаш ҳамда ӯзлаштириш борасида фаолият кўрсатаётган “Тетис Петролиум Лимитед” халқаро нефт ва газ ширкати келгуси икки йил давомида бу мамлакат аҳолиси ва саноат корхоналарини маҳаллий газ билан таъминлашни ваъда қилмоқда.

«Тетис Петролиум Лимитед» ширкати раиси Дэвид Робсон маҳаллий ахборот воситаларига яқин кунларда Душанбе аҳолиси ўзбек газига қарам бўлмаган ҳолда бир кеча- кундузда 150 минг куб метр табиий газ билан таъминланишини билдирди.

Дэвид Робсоннинг айтишича, Тожикистондаги нефт ва газ заҳираларини аниқлаш ишлари учун мазкур ширкат 25 миллион доллар маблағ сармоя ётқизган.

Аммо таҳлилчилар фикрича, Тожикистон ва умуман минтақада нефт ва газ масалалари бўйича фаолият бошлаган хориж компанияларининг асосий мақсади, бу ҳудудларда рус ширкатлари нуфузини камайтиришдан иборатдир.

Бироқ Девид Робсон “Тетис Петролиум Лимитед” халқаро ширкати Тожикистоннинг жанубий ҳудудларидаги Ренгон ва Саргазон майдонларида газ ва нефт заҳираларини аниқлашга доир геологик қидирув ишларини бошлаган Россиянинг «Газпорм»и билан рақобатчи эмаслигини таъкидлайди:

- “Тетис Петролиум Лимитед” ва «Газпром» нинг асосий мақсади газ ва нефт заҳираларини аниқлашдан иборат. Бизнинг мақсадимиз русларнинг «Газпром» ширкати билан рақобат қилиш эмас.

Биз Тожикистон ҳукумати билан имзолаган шартнома асосида Хожа Сартез конидаги газ ва нефт заҳираларини аниқлаш, уни қайта ишлаш ҳамда мамлакат жанубидаги аҳолининг газга бўлган эҳтиёжини қондиришдир холос, дейди Девид Робсон.

Рақобатни кучайтириш керак

Таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммадов эса Ўзбекистон йил сайин табиий газ нархини қимматлаштириб Тожикистонга иқтисодий босим ўтказаётган бир пайтда мамлакат газ заҳираларини аниқлаш борасида рақобат бўлиши мамлакат учун фойдали эканини таъкидлайди:

- Албатта¸ хорижий ширкатларнинг мамлакатимиздаги газ ва нефт заҳираларини аниқлашга доир рақобатлари яхши. Чунки ўзаро рақобат натижаси ўлароқ Тожикистоннинг табиий газ тақчиллиги билан боғлиқ муаммоси тезроқ ҳал бўлади, деган ишончда мустақил таҳлилчи Қосим Бегмуҳаммадов.

Таҳлилчига кўра, Ўзбекистон ўз ихтиёридаги табиий газдан минтақа давлатлари учун сиёсий босим усули сифатида фойдаланади ва ўзи истаганча газ нархини оширади ҳамда истаган вақтда бу мамлакатларга табиий газ ирмоғини беркитади.

-Шуни назарга олган ҳолда,- дейди мустақил кузатувчи Абдуғани Мамадазимов, - Тожикистон Канада ва Россия ширкатлари билан газ заҳираларини аниқлаш ва ўзлаштиришга доир ҳамкорликни кенгайтириши ва шу йўл билан Ўзбекистонга қарамликдан қутилиши шарт.

Россиянинг «Газпром» ширкати олиб борган тадқиқот натижасига кўра¸ Тожикистонда келгуси 50 йилга етадиган уч триллион куб метр газ заҳираси мавжуд.

“Аммо шунга қарамай тожикистонликлар яқин 5 йиллик ичида ўзбек зангори оловидан фойдаланишга мажбурлар”, демоқдалар соҳа мутахасислари.
XS
SM
MD
LG