Линклар

logo-print

АҚШ генерали Тошкентда

  • Абдулла Искандар

Янги президент Обама томонидан Афғонистондаги урушни бир ëқлик қилиш ҳақида топшириқ олган генерал Петреус бошчилигидаги АҚШ Марказий қўмондонлиги Ўзбекистон ҳукуматининг бу жараëнда фаол иштирокига кўз тикмоқда.

Янги президент Обама томонидан Афғонистондаги урушни бир ëқлик қилиш ҳақида топшириқ олган генерал Петреус бошчилигидаги АҚШ Марказий қўмондонлиги Ўзбекистон ҳукуматининг бу жараëнда фаол иштирокига кўз тикмоқда.

Америка Марказий қўмондонлиги бош қўмондони ўринбосари генерал Жон Алленнинг Тошкент сафари¸ АҚШ-Ўзбекистон ҳарбий ҳамкорлигини кучайтириш уриниши сифатида баҳоланмоқда.

АҚШ нинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот хизмати вакили Саида Чориева америкалик ҳарбий мулозим ташрифи ҳақида қисқа маълумот берди.

- АҚШ Марказий қўмондонлиги қўмондони ўринбосари сифатида генерал Аллен Ўзбекистонга биринчи бор ташриф буюрмоқда. Бу унинг ушбу минтақадаги хавфсизлик муаммолари ва уларни ҳал қилишнинг энг яхши йўлларига оид Ўзбекистоннинг қарашларини эшитиш ва ўрганиш мақсадида қилаëтган сафари ҳисобланади¸ деди элчихона ходими.

Бундан олдин Uzmetronom.com интернет нашри “Генерал Дейвид Петреус ташриф буюрди” деган нотўғри маълумотни тарқатди¸ бу хато тўғриланиши лозим¸ дея гапида давом этди элчихона ходими.

- Биринчидан¸ бу сиз айтаëтган киши келмаган. Мен билмадим¸ сизлар қандай қилиб бу маълумотни олгансизлар? Генерал Жон Аллен ташриф буюрган¸ дея маълумот берди элчихона ходими.

Бу шунчаки танишув зиëрати¸ дейди бу хабарга муносабат билдирган таҳлилчи Санобар Шерматова.

- Ҳар ҳолда у ҳарбий мулозим. Барқарорлик борасидаги элчихона баëнотининг мағзига назар ташласак¸ гап ҳарбий бўлмаган юкларни Ўзбекистон орқали Афғонистонга олиб ўтиш ҳақида бормоқда. Бунга расмий Тошкент розилик берган эди¸ дейди Санобар Шерматова.

Санобар Шерматовага кўра¸ ëпиқ эшиклар ортида кечган учрашувлар пайтида бошқа масалалар ҳам кўрилган бўлиши мумкин.

Ўзбекистон ҳукумати бошқарув идораларида ишлаган ва исми номаълум қолишини истаган мулозимга кўра¸ АҚШ генералининг Тошкентга зиëрати Москванинг жиғига тегиши ва ўз навбатида Ўзбекистон учун ëмон оқибат касб қилиши мумкин¸ дейди мулозим.

- Бу Ўзбекистон учун ëмон деб ўйлайман. Чунки¸ ҳали Россиянинг империалистик ҳиссиëти кучли. Мана¸ Грузияга очиқдан-очиқ агрессия қилиб¸ босиб олди.

Агар ҳозир минтақада АҚШнинг роли кучаядиган бўлса¸ Россия ўзининг таъсир қиладиган механизмларини ишга сола бошлайди. Бундай ҳолда¸ биринчи навбатда¸ Ўзбекистоннинг иқтисодиëти ëмонлашиб кетади¸ дейди исми ошкор қилинишини истамаган мулозим.

Айни пайтда Санобар Шерматова ўзбек мулозимининг бу қарашини шубҳа остига олади.

- АҚШ генералининг Тошкентга саëҳати Кремлга ëқмаса нима бўпти? НАТО мулозимлари Москвага ҳам ташриф буюради¸ бунга бировнинг эътирози йўқ.

Каримов ва Путин Бухарестдаги НАТО йиғилишида “Ҳарбий бўлмаган юклар учун Ўзбекистон даҳлиз беради” деган қарорни биргаликда беришди. Яъни Каримов Россия изни билан¸ келишган ҳолда ҳаракат қилмоқда¸ дейди Санобар Шерматова.

Санобар Шерматова АҚШ генералининг Тошкентга ташрифи¸ Ўзбекистоннинг Россиядан масофалашганини англатмайди¸ деган фикрда собит.

- Келинг¸тарозига солиб кўрайлик. Тарозининг бир палласига Ўзбекистоннинг ЕвроосиëИҲдан чиқиши ва Каримовнинг КХШТ йиғилишига бормаганини¸ бошқа палласига Ўзбекистоннинг КХШТдан чиқиш учун баëнот бермагани ва сентябр ойида Россия Бош вазири Путининг Тошкентда илиқ кутиб олинганини қўйсак. Боз устига янаги йил январ ойида Россия президенти Медведев Тошкентга бормоқчи¸ дейди таҳлилчи Санобар Шерматова.

Бундан келиб чиқадиган хулоса шуки¸ Ўзбекистон ҳали ҳам Россияни ўзига ҳамкор деб билади¸ деб давом этади мустақил таҳлилчи.

Шерматовага кўра¸ бу ташриф доирасида рус генерали Макаров айтганидек ҳарбий база масаласи кўтарилмаган бўлса¸ АҚШ генералининг Тошкентга ташрифи бу ҳамкорликка соя сола олмайди.

Мазкур сафар арафасида АҚШ нинг Тошкентдаги элчихонаси Ўзбекистонда Америка ҳарбий базаси очилиши борасидаги тахминлар асоссиз¸ деган баëнот тарқатди.

Ўзбекистон АҚШ муносабатлари 2008 йил адоғида 2005 йил адоғидаги аҳволдан тубдан фарқ қилади¸ дейди Шерматова.

- АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги музлар эримоқда дейишимиз мумкин¸ холос. Аммо¸ АҚШ генералининг ташрифи икки давлат ўртасидаги муносабатлар аъло даражада деган мазмунни англатмайди¸ дейди таҳлилчи Шерматова.

Шерматова назарида¸ расмий Тошкент ташқи муносабатларда кўп векторли йўлни танламоқда.
XS
SM
MD
LG