Линклар

logo-print

Ўзбек-тожик чегараси тўлиқ очилмади

  • Гулнора Равшан

Тожик расмийлари шу кунда ўзбек-тожик чегарасидаги яна олтита назорат-ўтказиш масканида тожиклар Ўзбекистон ичкарисига қўйилмаётгани ҳақида билдирмоқдалар.

Тожик расмийлари шу кунда ўзбек-тожик чегарасидаги яна олтита назорат-ўтказиш масканида тожиклар Ўзбекистон ичкарисига қўйилмаётгани ҳақида билдирмоқдалар.

Тожикистон чегара қўшинлари бошқармаси ўзбек-тожик чегарасидаги айрим ўтказиш пунктларининг ҳозиргача ёпиқ қолаётганига норозилик билдирди.

Тожикистон миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара қўшинлари бош бошқармаси матбуот хизмати бошлиғи Хушнуд Раҳматуллоевнинг билдиришича, ўзбек-тожик чегарасидаги “Навбунёд”, “Ҳавотоғ”, “Қўштегирмон”, “Ўратепа”, “Дўстлик” назорат-ўтказиш чегара постлари белгиланган тартибда фаолият қилиб турибди.

Аммо ҳозирга қадар “Айваж”, “Фотиҳобод”, “Работ”, “Саразм”, “Ҳаштияк” ва “Зафаробод” чегара постларида икки давлат фуқаролари ҳамда турли хилдаги товарлар ўтказиш таъқиқланган.

Тожикистон чегара қўшинлари бош бошқармаси масъуллари Ўзбекистон томони икки давлат чегараларидаги ўтиш постларининг тўла фаолият қилмаётгани сабабларига изоҳ бермаётгани юзасидан норозилик билдирмоқдалар.

Бу постлар жорий йилнинг 27 ноябрида Ўзбекистон томонидан ёпиб қўйилганини маълум қилган Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Давлат Назриев чегараларнинг Ўзбекистон томондан бир томонлама ёпиб қўйилишини таъкидлади.

Бу эса, ўз навбатида, Тожикистон томонга қатор муаммолар туғдиради¸ дейди бу расмий.

- Вазирлигимиз жорий йилда “Жартепа” ва “Саразм” назорат-ўтказиш постларининг ёпиб қўйилиши юзасидан Ўзбекистон томонга расмий нота йўллаган эди. Шундан сўнг чегара постларининг бир қисми очилди.

Аммо ўзбек-тожик чегарасидаги тахминан олтита чегара пости фуқаролар учун ҳамон ёпиқ қолмоқда. Ўзбекистон томони бунинг сабабларини маълум қилмаётир.

Албатта, уларнинг чегараларини ёпиб қўяётганига биз қарши эмасмиз, бу Ўзбекистоннинг ички сиёсати. Аммо бу ишлар маълум бир тартибда амалга оширилиши керак ва биз фуқароларимизни бу борада огоҳлантиришимиз зарур. Афсуски, кўп ҳолларда тожикистонликлар чегара ёпиқлигини чегарага борганларида билишади, дейди Давлат Назриев.

Ташқи ишлар вазирлиги расмийсига кўра, фақат тожик-ўзбек чегараларидагина шундай муаммолар муттасил тарзда юз бериб туради.

- Тожикистоннинг Қирғизистон билан ҳам чегараларида муаммолар бўлиб туради, аммо у ўзбек-тожик чегарасидаги муаммолардан катта фарқ қилади, дейди тожик дипломати.

Мавзу юзасидан биз билан микрофонсиз суҳбатлашган Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихона расмийси Миродил Абдураззоқов чегара постларидан айримларининг ҳануз ёпиқ қолаётганини “Ўзбекистон ҳукумати ўз миллий хавфсизлиги йўлида амалга ошираётган чора-тадбир” экани билан изоҳлади.

Таҳлилчилар эса бу превентив чора-тадбирдан кўра икки давлат дипломатик алоқаларидаги ўзаро тушунмовчилик эканини таъкидламоқдалар.

Ўзбекистон Евросиё иқтисодий ҳамжамиятига аъзо бўлиб кирган 2005 йилда тожикистонликлар билан бир қаторда ўзбек фуқаролари ҳам икки давлат ўртасида виза тартибининг бекор қилиниши ва эркин борди-келдилар йўлга қўйилишига қаттиқ ишонган эдилар.

Аммо Андижон воқеаларига доир санкциянинг бекор қилиниши ортидан бу ташкилотни тарк этган Ўзбекистон жорий йилнинг декабр ойи бошида ўз ҳудудига ўтувчи тожикистонлик фуқаролар учун квота жорий қилди.

Мустақил кузатувчи Нўъмонжон Фахриддиновга кўра, бунинг ортидан Ўзбекистоннинг Тожикистондаги элчихонаси виза расмийлаштириш тартибини ҳам ўзгартирган.

- Ўзбекистонга борадиган тожикистонликлар учун бериладиган рухсатномалар сони анча қисқартирилди. Кеча бир дўстим билан суҳбатдан маълум бўлишича, у бир ой аввал ҳужжат топширган экан, аммо шу кунга қадар виза расмийлаштирилмаган. Дўстимнинг айтишича, у рўйхат бўйича 200-одам экан. Бу бирор қонун-қоидага тўғри келмайдиган иш-ку, - дейди Нўъмонжон Фахриддинов.

Яна бир кузатувчи Абдуғани Мамадазимов эса¸ Ўзбекистон билан алоқаларнинг рисоладагидек йўлга қўйилмаётгани учун Тожикистон ҳукуматини айблайди.

- Бу ҳам бўлса ҳукумат раҳбарларининг заифлигидир. Биз Ўзбекистоннинг бу каби хатоларига бефарқ бўлмаслигимиз керак.

Улар чегарани ёпса, унга жавобан биз ўзбекларнинг Сўғд ҳудуди орқали ўтувчи поездлари ҳаракатини таъқиқлашимиз зарур. Бундай муносабат уларнинг ўйлаб иш тутишларига туртки бўлади.

Илгари биз қўшниларимизга қарам эдик ва уларга кескин муносабат билдиришдан ҳадиксирардик. Энди эса узоқ хорижга чиқиш учун муқобил йўллар талайгина, - дейди сиёсатшунос Абдуғани Мамадазимов.

Акс ҳолда, бу кузатувчига кўра, икки давлат чегараларидаги вазият узоқ йиллар шу тариқа муаммоли бўлиб қолаверади.
XS
SM
MD
LG