Линклар

“Бакиев база ҳақида гапирмаган”


Президент Бакиевнинг Қирғизистондаги Америка базасини ëпиш ҳақидаги баëноти¸ АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтснинг 11 декабр куни Бишкекка келиб¸ бу ерда расмийлар қатори Манас аэропортидаги АҚШ ҳарбийлари билан учрашувидан кўп ўтмай пайдо бўлди.

Президент Бакиевнинг Қирғизистондаги Америка базасини ëпиш ҳақидаги баëноти¸ АҚШ Мудофаа вазири Роберт Гейтснинг 11 декабр куни Бишкекка келиб¸ бу ерда расмийлар қатори Манас аэропортидаги АҚШ ҳарбийлари билан учрашувидан кўп ўтмай пайдо бўлди.

Қирғизистондаги айрим ахборот воситалари президент Бакиевнинг Бишкекдаги АҚШ ҳарбий базасини республика ҳудудидан чиқариш ҳаракатини бошлагани ҳақида хабар тарқатди.

Россиянинг “Свободная пресса” газетасида президент Қурманбек Бакиевнинг интервьюси чоп этилди. Бу суҳбат давомида Қирғизистон президенти АҚШ ҳарбий базасининг мамлакатдаги ҳозирлиги муддатини узайтириш илтимосини рад этганини айтади.

Шунингдек, рус журналистлари билан мулоқотда Бакиев Афғонистондаги аксилтеррор амалиётлари самарасиз қолаëтганини ҳам эътироф этган.

Қирғизистон ҳукуматига қарашли “Кабар” ва мустақил “Акипресс” агентликлари ҳам бу ҳақда хабар берган эдилар. Бироқ орадан бир кун ўтгач, бу ахборот агентликлари сайтидан мазкур хабар олиб ташланди.

Бундан ташқари, "Свободная пресса" нашри сайтида президент Бакиевнинг интервьюси чоп этилган саҳифа Қирғизистонда очилмаяпти.

Москвадаги "Время новостей" газетаси шу мавзуда ёритар экан, “Қирғизистондан фарқли ўлароқ, Москвада президент Бакиевнинг катта сурати билан берилган интервью жойлашган бу саҳифани бемалол очиб ўқиш мумкин”, деб билдирди.

Қирғизистон президенти матбуот котиби Нурлан Шакиев эса президент Бакиевнинг Россия газетасига интервью бермаганини айтди:

- Бу ҳақиқатдан узоқ бўлган ахборот. Бундай интервью бўлмаган. Бу интервью ким томонидан ёзилгани ва қандай мақсадда газетада чоп этилганини текшириш керак, - деди Нурлан Шакиев.

Бироқ москвалик журналист Аркадий Дубновнинг “Время новостей” газетасида чоп этилган “Бакиев Америка базасини “ёпмоқда”” сарлавҳали мақоласида айтилишича, “ қирғиз президенти билан россиялик журналистнинг учрашуви бўлиб ўтгани аниқ ва бу учрашув президент матбуот хизмати ўртамчилигисиз амалга оширилган".

Шу ўринда журналист “Нега энди Қирғизистонда президентининг катта шов-шувга сабаб бўлган бу интервьюси яширилмоқда?” деган саволни ўртага ташлайди.

Аркадий Дубновга кўра, президент Бакиев бутун дунё сиёсатчиларининг диққат-марказида бўлган Афғонистон масаласида маълумотга эга эмаслигини намоён қилган.

Шунинг учун ҳам Қирғизистонда президент обрўсини сақлаб қолиш мақсадида мана шундай чоралар қўлланилмоқда.

Матбуотдаги АҚШ ҳарбий базаси юзасидан тарқатилган бу маълумотлар Россия бош вазири Владимир Путин томонидан Қирғизистонга узоқ муддатга ва имтиёзли тарзда 2 миллиард доллар қарз бериши ваъда қилингач пайдо бўлди.

Айрим кузатувчиларга кўра, Россия сармоя эвазига Қирғизистондан АҚШ ҳарбий базасини чиқаришни талаб қилаётган бўлиши мумкин. Бу масала “Время новостей” газетаси мақоласида ҳам акс этган.

“Албатта¸ Москва қарз бериш шартларидан бири сифатида Бишкекдан АҚШ ҳарбий базаси олиб чиқиб кетилишини тезлатишни талаб қилган бўлиши мумкин. Устига устак¸ Бакиев 2005 йили Остонада ўтган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти саммитида ташкилотга аъзо давлатлар раҳбарлари қаторида бу борада махсус ҳужжатни ҳам имзолаган”, деб ёзади "Время новостей".

АҚШнинг Бишкекдаги элчихонаси ходими Туратбек Макенбаев кўп агентликлар қатори¸ Франс-прессда ҳам чоп этилган бу маълумотдан элчихонанинг хабардор экани ва айни пайтда қирғиз ҳукумати билан бу борада текширув олиб бораётганини айтди.

- Франс-пресс агентлиги тарқатган ахборотдан хабардормиз. Бу ахборот юзасидан қирғиз ҳукумати билан ҳамкорликда аниқлаш ишларини олиб бораяпмиз.

Қирғизистон ҳукумати ҳозирча элчихонага АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш тўғрисида бирон бир ҳужжат жўнатгани йўқ.

Ҳар на бўлганда ҳам¸ АҚШ ҳарбий базаси Бишкекка вақтинчалик жойлаштирилган. Афғонистондаги миссиямиз якунланиши билан база мамлакат ҳудудидан чиқарилади, - дея билдирди Туратбек Макенбаев.

Айни пайтда¸ Қирғизистон президенти матбуот котибининг “Бакиев интервью бермаган” деган раддиясига қарамай, мамлакатда бу баëнот сиёсатчи ва сиёсатшунослар ўртасида муҳокама қилинмоқда.

АҚШ базасини Қирғизистонда қолдириш керакми ёки уни олиб чиқиб кетиш пайти етдими, деган савол бу муҳокамаларнинг асосий мавзуси бўлмоқда.

- Ҳар ҳолда президент Россия ва Хитой манфаатларига қарши бормаса, бундан мамлакатимиз ютар эди. Чунки Қирғизистон Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти ва Шанхай ҳамкорлик ташкилотлари доирасида мажбуриятларга эга ва биз ўзини ҳурмат қилган давлат сифатида бу мажбуриятларни бажармоғимиз керак, -дейди Бишкек матбуот клубида берган суҳбатида таниқли ҳарбий эксперт Леонид Бондарец.

Қирғизистондаги ижтимоий сиёсат институти директори, собиқ ташқи ишлар вазири Муратбек Иманалиев эса бундай фикрга қарши.

- Афғонистон Марказий Осиё хавфсизлиги билан боғлиқ жиддий масаладир. Шунинг учун қирғиз ҳукумати АҚШ ҳарбий базасининг аҳамиятини фақат Қирғизистон ва Америка муносабатлари доирасидагина баҳоламаслиги лозим, -деди Муратбек Иманалиев.

Масаланинг бошқа томони ҳам бор. АҚШ ҳарбий базасининг Қирғизистонга қанча ижара ҳақи тўлаши шу кунгача аниқ маълум эмас.

Масалан, Қирғизистон молия вазири Тажиқан Қалимбетова парламентда қилган чиқишида “база йилига 17 миллион доллар ижара ҳақи тўлайди”, деб айтган эди.

Бироқ парламент депутатларининг АҚШ ҳарбий базасига қилган сафарлари чоғида база раҳбарияти йилига 80 миллион доллар ижара ҳаққи тўланишини айтган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, айрим кузатувчилар АҚШ ҳарбий базаси ўз манфаатини кўзлаган ҳукумат амалдорлари учун манфаатли даромад манбаидир, деган фикрни билдирмоқдалар.

Қирғизистондаги бир қатор нодавлат ташкилотлари эса АҚШ базасини мамлакатдан чиқарилишига эришиш мақсадида бир неча йилдан бери норозилик тадбирлари ўтказиб келадилар.

Бишкекдаги Нодавлат ташкилотлари ассоциацияси ҳам бу борада АҚШ президенти Жорж Бушга, яқинда эса Барак Обамага мазкур талаб билан мурожаатнома жўнатган.

Ассоциация раҳбари Тўқтайим Уметалиевага кўра, АҚШ ҳарбий базасининг Қирғизистонда мавжудлиги мамлакат хавфсизлигига таҳдид туғдирмоқда.

- Халқаро хавфсизлик нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, база Ал-Қоиданинг қора рўйхатига киритилганини ҳаммамиз биламиз. Бу ҳақда ахборотлар ҳам берилган.

Афсуски, беш йилдан бери АҚШ базасини мамлакатдан чиқариш юзасидан қилаётган ҳаракатларимиз натижа бермаётир, - дейди Тўқтайим Уметалиева.
XS
SM
MD
LG