Линклар

Бушга отилган туфлининг бозори чаққон

  • Ҳурмат Бобожон

14 декабр куни ўзига қилинган туфли ҳужумини Жорж Буш¸ Ироқда эркин жамият қарор топаëтгани белгиси сифатида талқин қилди.

14 декабр куни ўзига қилинган туфли ҳужумини Жорж Буш¸ Ироқда эркин жамият қарор топаëтгани белгиси сифатида талқин қилди.

Ўзини Бағдодда АҚШ президенти Бушга ирғитилган пойабзал ишлаб чиқарувчиси деб атаëтган Туркиянинг "Baydan Shoes" ширкати туфлиларига талаб шу кунда ниҳоятда ортган.

Талабнинг бениҳоя кучайиб кетгани муносабати билан ширкат ўз ходимлари сонини ҳам 100 нафарга кўпайтирган.

"Baydan Shoes" матбуот вакили Саркан Туркнинг Озодлик мухбирига айтишича, айнан Жорж Бушга ирғитилган ва бугунги кунда "Бушнинг пойабзали" деб ном чиқарган 271 номерли моделга талаб¸ айниқса¸ катта.

Ширкат биргина Американинг ўзидан шу туфли учун 18 минг жуфт ишлаб чиқаришга буюртма олган.

- Ўша воқеадан аввал бу моделдаги туфлимиз йилига 15-20 мингтадан сотиларди. Бағдоддаги воқеадан кейин Яқин Шарқ, Ироқ, Сурия, Америка, Ҳонг-Конг каби давлатлардан бу модел туфлимизга ҳаммаси бўлиб 400 минг жуфт ишлаб чиқаришга буюртма олдик ва талаб кун сайин ортиб бораяпти, - дейди Саркан Турк.

Ўтган ҳафта 28 ёшли ироқлик журналист Мунтазир aл-Заидийнинг АҚШ президентига қараб отиш учун янги пойабзални Бағдод дўконларининг биридан сотиб олгани билдирилган эди.

Журналистнинг акаси Дарғам Заидий Бушга ирғитилган пойабзал Ироқда ишлаб чиқарилганини айтиб, турк ширкатини сохта обрў қозонишга уринаётганликда айблади.

- Сурияликлар бу туфли Сурияда ишлаб чиқарилган, турклар эса Туркияда демоқда. Лекин, менинг билишимча¸ укам бу туфлини Бағдодда сотиб олган ва у Ироқда ишлаб чиқарилган, - деди Дарғам Заидий Франс пресс агентлиги мухбирига.

Бушга ирғитилган пойабзалнинг воқеа жойидаëқ Америка ва Ироқ махсус хизматлари томонидан йўқ қилиниши¸ унинг ишлаб чиқарувчисини аниқлашга имкон қолдирмади.

Лекин Туркиянинг "Baydan Shoes" ширкати ходимлари бу туфли бизники, деган қатъий ишончда.

- Бизнинг Бағдоддаги дистрибютеримиз буни тасдиқлади. Қолаверса, бу туфли бизники эканини телевидениедаги лавҳалар ва газетадаги фотосуратлардан ҳам билиш мумкин. Чунки худди шу моделни ширкатимиз 10 йилдан бери ишлаб чиқармоқда ва хато бўлиши мумкин эмас, - дейди "Baydan Shoes" матбуот вакили Саркан Турк.

Бағдодлик журналист пойабзалини президент Бушга қараб отишдан ташқари уни "кўппак" деб ҳам ҳақоратлаган эди.

Журналист отган пойабзал АҚШ президентига келиб тегмаган бўлса-да, бу воқеа асосида ал-Заидий хорижий давлат раҳбари ва воқеа юз берган маҳалда Америка президенти билан ёнма-ён турган Ироқ Бош вазири Нури ал-Маликийни ҳақоратлашда айбланмоқда.

"Пойабзалингиз АҚШ президентига қараб отилишига қандай қарайсиз?" деб сўрайман "Baydan Shoes" ширкати матбуот вакилидан.

- Маънавий жиҳатдан билмадиму, лекин шу туфлининг ишлаб чиқарувчиси сифатида биз бундан мамнунмиз. Чунки бу воқеа бизнинг ширкатимиз учун, айниқса¸ бугунги иқтисодий таназзул даврида жуда яхши бўлди, - дейди "Baydan Shoes" ширкати матбуот вакили Саркан Турк.

"Ал-Бағдодия" телеканалининг яқин-яқингача унчалик таниқли бўлмаган журналисти Мунтазир Заидийнинг Жорж Буш шаънига айтган сўзлари ортидан нафақат Ироқ, балки бутун Яқин Шарқда ҳақиқий қаҳрамонга айлангани айтилмоқда.

Пойабзалини ирғитиши ортидан Мунтазир жаноб Бушга қарата, "Бу сенга видо бўсаси, кўппак," деб қичқирган эди.

Яқин Шарқ бўйича мутахассисларга кўра, кимгадир пойабзал ирғитиш араб дунёсида кучли нафрат ифодаси саналади.

Мунтазир Заидий эса, туфлисини Оқ уйнинг Ироққа уруш очган раҳбарига қарата отаркан¸ бу билан билан ироқлик бевалар ва етимлар учун ўч олганини айтди.
XS
SM
MD
LG