Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 20:15

Йўқчилик туғилишни камайтирди


Иқтисодий тақчиллик кучаётган бир пайтда ўзбек аёллари иккита фарзанд туғиш билан чекланишни афзал кўрмоқдалар.
Иқтисодий тақчиллик кучаётган бир пайтда ўзбек аёллари иккита фарзанд туғиш билан чекланишни афзал кўрмоқдалар.

Ўнта бўлса ўрни¸ қирқта бўлса қилиғи¸ деган нақлга амал қилиб келган болажон ўзбекларнинг серфарзандлик анъанасига ҳам замона қийинчиликлари таҳрир киритмоқда.

Хўш, бугунги кунда ҳам ўзбек оилалари кўп фарзандлими, ўзбек аёллари қанча фарзанд кўришни xоҳлаётир?

Хоразмлик 57 ёшли Роза опа ўн нафар фарзанд кўрган. Олти қиз тўрт ўғилнинг онаси Роза опага кўра, авваллари аёлларнинг аксарияти кўп фарзанд кўришни хоҳлаган.

- Бизнинг замонамизда юрт, замон яхши эди. Турмуш яхши эди. Ҳамма нарса етарли эди. Шунинг учун биз бола туғаверганмиз¸ боқаверганмиз. Менинг ўнта болам бор. Бу ерда яна Моможон опа¸ Энажон опа деганлари бор. Уларда 11-12 тадан бола бор. Ҳатто 18 бола туққан аëллар бор.

Роза опанинг катта келини Манзуранинг уч нафар фарзанди бор. Манзурага кўра, ҳозирги пайтда кўп фарзанд кўришга иқтисодий муаммолар тўсқинлик қилади.

- Ҳозир кўпи билан иккита бола туққан маъқул. Ундан кўпи кўп. Ҳозирги пайтда шу иккитани боқиш ҳам қийин бўлиб турибди. Бола кўп бўлса¸ боқиш қийин, - дейди Манзура.

Кузатувларга кўра, ҳозирги пайтда ёш оилалар асосан икки нафар фарзанд кўришни хоҳлайди. Оилада тўрт ёки беш фарзанд бўлса, бундай оилалар кўп фарзандли ҳисобланмоқда.

Лекин Тошкент шаҳрида яшовчи Сурайёнинг айтишича, ҳозирда ҳам ўн фарзандли оилалар учраб туради.

- Саккиз-ўн болали ўртоқларим ҳам бор. Қўни-қўшниларимнинг ичида ҳам тўққизта бола туққан биттаси яқинда битта бола асраб олди. Битта ўртоғимнинг саккизта боласи бор, - дейди Сурайё.

Бундай оилалар кўп фарзанд кўришда “Ўнта бўлса ўрни бошқа”, “Ҳар бир фарзанд ўз ризқи билан туғилади” деган нақлларга амал қилишади. Ислом динидан яхши хабардор бўлган Аюбхон фарзанд кўришни режалаштириш масаласига қаршилигини айтади.

- Оилани режалаштириш деган нарса бу дунëқарашга боғлиқ масала. Дунëда лаззат олиш¸ бу дунëда фақат моддий лаззат олиш деган дунëқарашдан келиб чиққан оилани режалаштириш деган нарса бор. Лекин шариатда Пайғамбар (с.а.в) “Мен сизларнинг кўплигингиз билан фахрланаман”, деган, - дейди Аюбхон.

Тошкентлик Сурайёга кўра, кўп фарзандли оилаларда иқтисодий муаммолар боис болалар қийналиб яшамоқда.

- Худо ризқи билан беради, дейди. Ризқ дегани фақат ейиш-ичиш эмас. Уни маърифатли қилиш ҳам ризқ. Маънавий ризқ. Уларга илм ўргатиш¸ ҳунар ўргатиш учун ҳам моддий маблағ керак.

Ўша ўнта боласи бор қўшнимнинг боласи 2-3 ойлаб мактабга чиқмайди. Чунки пойафзал тополмайди. Ўнта болага бирданига оëқ кийим олиб бериш ҳазилми?

Пешингача биттаси мактабга боради. Мактабдан югуриб келади ва унинг курткасини кийиб¸ иккинчиси мактабга кетади. Қанча марта унинг уйига чиққан бўлсам¸ шундай аҳволга дуч келганман. Мана, яқинда ўнинчисини туғиб олди.

Менда учта бор. Мен ҳам туғишни хоҳлайман. Лекин бошқа тарафларини ҳам ўйлайман, - дейди Сурайё.

Тиббий мутахассислар ҳам кўп фарзанд туғиш аёл соғлигига жиддий таъсир қилишини таъкидмоқдалар.
XS
SM
MD
LG