Линклар

Ҳамдўстлик ичида янги "ҳамдўстлик"

  • Барно Анвар

19 декабр куни Назарбоевнинг Боровойдаги қароргоҳига МДҲ га аъзолиги айтилаëтган 12 давлат раҳбаридан атиги бештаси тўпланди. Бу эса¸ кузатувчилар фикрича¸ МДҲ умри тугаб бораëтганидан мужда бўлиши мумкин.

19 декабр куни Назарбоевнинг Боровойдаги қароргоҳига МДҲ га аъзолиги айтилаëтган 12 давлат раҳбаридан атиги бештаси тўпланди. Бу эса¸ кузатувчилар фикрича¸ МДҲ умри тугаб бораëтганидан мужда бўлиши мумкин.

МДҲ раҳбарларининг Қозоғистонда ўтган сўнгги норасмий учрашувида глобал молиявий бўҳрон оқибатларига қарши 10 миллиард долларлик қўшма дастур имзоланди.

19 декабр кунги Боровой учрашуви норасмий деб аталган бўлса-да, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев ҳузурида меҳмон бўлган тўрт ўлка президенти бу галги тўпландида анчагина жиддий ҳужжатларни имзолади, дея хулоса қилмоқда Қозоғистон расмийлари.

Учрашувда жаҳондаги иқтисодий тузилмаларни ўз домига тортиб бораётган бўҳрон оқибатлари олдини олишда беш республикага фавқулодда ёрдам чоралари учун кўзланган дастур имзоланди.

Умумий қиймати 10 миллиард АҚШ доллари бўлган аксилинқироз жамғармаси тузишга оид бу ҳужжатдан ташқари беш давлат раҳбари Коллектив хавфсизлик шартномаси доирасида тезкор ҳарбий қўшин бўлинмаларини шакллантириш тўғрисидаги келишувга ҳам қўл қўйдилар.

Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати раҳбари Иляс Умаров Озодлик билан суҳбатда, хусусан, аксилинқироз жамғармасини тузиш режасининг жиддийлиги ва унинг яқин келажакда амалга оша бошлашини билдирди.

- Жамғарма ҳажми 10 миллирад АҚШ долларини ташкил этади. Албатта, ҳали жамғарма тафсилотлари ҳақида гапиришга бироз эрта. Лекин уни таъсис этиш тўғрисидаги келишув имзоланганининг ўзиёқ¸ томонлар бўҳронга қарши биргаликда курашишга тайёрлигидан далолат беради, деди Қозоғистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Иляс Умаров.

Иқтисодий бўҳронга қарши бирга курашмасак бўлмайди, деган қарорга келган МДҲ нинг бу беш давлати орасида Ўзбекистон ва Туркманистон йўқ.

Иляс Умаров бу давлат раҳбарлари ҳам учрашувга таклиф этилганини айтар экан, норасмий саммит бўлгани боис¸ уларнинг Боровойга келмаганини жиддий олиш ўринсиз, деб қўшимча қилди.

Бироқ, минтақа иқтисодчилари фикрича, бундай эмас.

Биринчидан, ҳали тафсилотлари аниқ бўлмаган бу жамғарманинг¸ унинг ташкилотчилари учун самарали бўлиши шубҳа остига олинмоқда.

Ўзбекистонлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов МДҲ саммити, деб тақдим этилган бу учрашувда 12 аъзо давлатдан атига бештаси раҳбарининг иштирок этганини бунга асос, деб ҳисоблайди.

- Ҳақиқатан ҳам соф интеграцион руҳда МДҲ аъзоларининг ҳаммаси бир ëқадан бош чиқариб дегандек¸ иш кўришганда эди¸ менимча¸ салоҳият бўларди. Балки мана шу бешта давлатнинг ҳам қандайдир салоҳияти бордир ва чораларни ўйлаб топар.

Бундай молиявий инқирозлар олдин ҳам бўлиб турарди. Иқтисодчи бўлмасам ҳам¸ буни жуда бўрттириб юбориш керак деб ўйламайман.

Гуруҳбозлик¸ ўша учта давлат бўладими¸ бешта давлат бўладими йиғилиб олиб¸ қандайдир қарорга келганининг ўзи МДҲ нинг ўзи носоғломлигидан далолат беради. Мен сиëсатшунос сифатида фақат шуни таъкидлашим мумкин¸ дейди Фарҳод Толипов.

Қозоғистонлик сиёсатшунос Азимбой Ғали фикрича эса¸ МДҲ давлатлари молиявий инқирозга барҳам бериш борасида кўпроқ ўз ички сиёсий ва иқтисодий имкониятлари доирасида чекланишга мажбур ва бу чекловлар уларнинг иқтисодий жиҳатдан бирлашувига ҳануз халақит бериб келмоқда.

МДҲ давлатлари, хусусан, аксилинқироз жамғармасини тузган беш республиканинг бугунги иқтисодий салоҳияти ва ўзаро алоқаларнинг бугунги аҳволини назарда тутсак, буни аксилғарб кайфиятидаги Россия бошқаруви остида тузилган навбатдаги сиёсий гуруҳ, дейиш мумкин холос, дейди Азимбой Ғали.

- Бунинг ортида молиявий бўҳронга қарши курашиш истагидан кўра кўпроқ МДҲ ўлкаларини Ғарбга қарши қайрашга уриниш ҳаракати устун, деб гумон қиламан.

Бу учрашувда Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти доирасида қўшимча тезкор ҳарбий бўлинма тузишга келишилгани ҳам шундан далолат.

Зеро, сўнгги пайтларда Россия намойишкорона тарзда собиқ совет ўлкаларини ўз таъсирига олиш истагини намоён қилмоқда, деб ҳисоблайди қозоғистонлик таҳлилчи Азимбой Ғали.

Минтақанинг аксар таҳлилчилари бу борада Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев устамон сиёсат юргизаётганини эътироф этиб келади.

Улар фикрича¸ Боровойда ўтгани каби норасмий учрашувларни уюштириб, Россияга мойиллигини намойиш қилиш билан бирга Қозоғистон раҳбари принципиал масалалар, жумладан, КХШТ доирасидаги ҳарбий битимлар каби масалаларда барибир Россиядан масофа сақламоқда.

Аммо, Қозоғистон билан солиштирганда, Ўзбекистон Россияга нисбатан сиёсатда анча кескин қадам ташламоқда, дейди Азимбой Ғали.

- Ўзбекистоннинг Россияга нисбатан сиёсати, менимча, жуда самимий. Балки у қадар айёрона бўлмаган, очиқ сиёсат, десак тўғрироқ бўлар.

Мисол учун, минтақада фаол бўлган Қозоғистон билан солиштирилса, шундай хулоса қилиш мумкин.

Чунки миллионлаб ўзбек мардикорига иш бераётган Россиядан узоқлашиш Ўзбекистон учун жуда хавотирли иқтисодий муаммоларни келтириши мумкин ва ўйлайманки, Каримов буни билади.

Гарчи, Ғарбга умид қилаяпти, деб ҳисоблаган тақдиримизда ҳам Россиядан ошкора узоқлашиш Ўзбекистон учун жиддий қадам, дейди қозоғистонлик сиёсатшунос Азимбой Ғали.
XS
SM
MD
LG