Линклар

Қўшнининг кампири қиз кўринар...


Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижасини шарҳлаëтган қозоғистонлик таҳлилчилар¸ президент Назарбоевнинг постсовет ҳудудларидаги юксак имиджи асосан Россия ахборот воситалари иши эканини айтмоқдалар.

Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўров натижасини шарҳлаëтган қозоғистонлик таҳлилчилар¸ президент Назарбоевнинг постсовет ҳудудларидаги юксак имиджи асосан Россия ахборот воситалари иши эканини айтмоқдалар.

МДҲ фуқаролари орасида ўтказилган сўровга кўра¸ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев постсовет президентлари ичида энг ишончли раҳбар деб топилган.

Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази ўтказган сўровда иштирок этган Озарбайжон, Арманистон, Украина ва белоруссияликларнинг ҳар бешинчиси айнан Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевга ишонишини айтган.

Ушбу сўровга киритилган раҳбарлар рўйхатига Россия президенти номи киритилмаган¸ шунингдек сўровда россияликлар ҳам иштирок этмаган.

Қозоғистонлик аксар кузатувчилар мазкур сўров натижасидан қониқмаганини айтмоқдалар.

Уларга кўра, ҳокимиятнинг энг юқори поғоналарида авж олган коррупция, мамлакатда содир бўлаётган йирик сиёсий ва иқтисодий жиноятлар, сўз ва эътиқод эркинлигининг расмийлар томонидан сиқувга олинаётгани айнан президент Назарбоев юритаётган сиёсат маҳсулидир.

Шу боис қозоғистонлик жамоат арбоби Маржон Аспандиёрова Бутунроссия жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази келтирган сўров натижалари холис ўтказилганига шубҳа билан қарайди.

- Президент Назарбоевни “ажойиб, буюк ва оқил раҳбар” деб ҳисоблайдиган қўшни давлатлардаги одамлар, афсуски, Назарбоев бошқаруви пайтида Қозоғистонда юқори лавозимли мансабдорлар томонидан содир қилинган жиноятлар кўламини билмайдилар.

Бунга ҳалигача очилмаган сиёсий қотилликлар, коррупция билан боғлиқ кўплаб жанжаллар, иқтисодий жиноятларни мисол сифатида келтирса бўлади.

Ҳокимият ва амалдорларнинг ўта порахўрлиги Қозоғистон ва унинг халқини иқтисодий жарлик ёқасига келтириб қўйди. Бу ишлар учун Назарбоев шахсан жавобгар, деб ўйлайман, - деди Маржон Аспандиёрова.

Бундан аввал Назарбоевнинг собиқ куёви Роҳат Алиев, уч йилча аввал ўлдирилган таниқли икки мухолифатчининг ўлими айнан давлат раҳбари буюртмаси асосида амалга оширилгани, мамлакат пойтахти Остонанинг қурилиш учун давлат ғазнасидан ўғирланган пуллар чет эл банкларидаги Назарбоев ва унинг оила аъзоларига тегишли бўлган ҳисоб рақамларига ўтказилгани ҳақида шов-шувли баëнот қилган эди.

Шунга қарамай, қозоғистонлик сиёсатчи Айдос Саримовга кўра, Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоевнинг имиджи қўшни давлат фуқаролари орасида юқорилигича қолмоқда.

- Қозоғистон МДҲнинг кўп давлатлари учун тушунарли ва очиқ давлат ҳисобланади. Бу ерда формал жиҳатдан тўс-тўполонлар бўлмайди, доимий иқтисодий ўсиш хусусида тез-тез гапириб турилади, бу эса қўшни давлат фуқароларининг мана шундай субъектив хулоса чиқаришига туртки бўлаяпти, - дейди Саримов.

Қозоғистонлик мустақил сиёсатшунос Дўсим Сатпаев эса¸ Бутунроссия маркази ўтказган сўровлар холислигига шубҳа қилмайди.

Унга кўра, МДҲ давлатлари аксар фуқароларининг Қозоғистон президенти юритаётган сиёсатга юқори баҳо беришига Россия оммавий ахборот воситаларининг таъсири катта.

- Россия ахборот воситалари собиқ совет давлатларида жуда катта таъсирга эга, яъни улар нафақат Россия, балки бошқа МДҲ давлатлари ҳақидаги фикрнинг шаклланишига ҳам қайсидир бир маънода таъсир ўтказа оладилар.

Кавказда содир бўлган сўнгги воқеалар ҳам Россия оммавий ахборот воситаларининг одамлар онгига қанчалик самарали таъсир ўтказа олишини кўрсатди.

Шунингдек, Россия ахборот воситаларида Назарбоев имиджининг ижобий кўрсатилиши ҳам бунга туртки бўлган бўлиши мумкин.

Путин даврида ҳам, Медведев даврида ҳам Қозоғистон Россиянинг энг ишончли ҳамкори эканига урғу бериб келинди, - дейди Дўсим Сатпаев.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG