Линклар

logo-print

"Э қойил! "

  • Фаррух Юсуфий

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистон ҳукумати сиëсатини оқлашга уринган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов¸ танқидларни тап тортмай рад этиш йўлини тутди.

БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистон ҳукумати сиëсатини оқлашга уринган Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ раҳбари Акмал Саидов¸ танқидларни тап тортмай рад этиш йўлини тутди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи халқаро ташкилотлар Ўзбекистон расмийларининг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги баëнотларига қойил қолганларини айтмоқдалар.

11 декабр куни Женевада БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашида Ўзбекистон ҳисоботини тақдим қилган делегация етакчиси Акмал Саидов нутқини якунлар ҳамоно унинг ëнида ўтирган Ўзбекистон бош прокурори ўринбосари Алишер Шарофиддинов, “Э қойил!”, деб юборди.

Ҳақиқатан, Акмал Саидов учун уч ярим соатлик мажлисда ўтириб бериш, устига устак ёғилаётган танқидларнинг ҳар бирини рад этиб, жавоб қайтаришнинг ўзи бўлмагандир ва Саидов иши “Э қойил!”, деган мақтовга лойиқдир.

Маркази Парижда жойлашган Инсон ҳуқуқлари халқаро федерациясининг (ИҲХФ) Марказий Осиё дастурлари ходими Франсуаза Петре ҳам Ўзбекистоннинг БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши мажлисида ўз ҳисоботи билан қатнашгани олқишга сазовор, дейди.

Лекин ҳисоботда акс этган фактларнинг ҳақиқатдан йироқлиги ва Ўзбекистон расмийларининг бундай нуфузли мажлисда мавжуд муаммоларни ҳеч бир хижолатсиз рад этиши Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси хавотирларига сабаб бўляпти, деб давом этади Петре хоним.

- Биз Ўзбекистон ҳукуматининг бу мажлисда қатнашгани ва ҳисоботни ишлаб чиқишга вақт сарфлаб¸ унга жиддий ёндашаётганларини намойиш этганидан мамнумиз. Лекин афсуски, Ўзбекистон ҳукумати ҳамон инсон ҳуқуқлари вазиятига оид муаммоларни инкор қилишда давом этмоқда.

Уларнинг таъбирича, масалан, инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларининг қамоқларга ташлангани қуруқ иддаолардан иборатдир. Лекин федерациямизга аъзо ташкилотнинг 9 вакили ва кўплаб бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларининг қамоқда қолаётгани бутун дунёга маълум.

Бундан ташқари, Ўзбекистон ҳукуматининг Андижон воқеалари масаласини муҳокама қилишдан бош тортиб келаётгани ҳам ташвишли ҳолдир.

Ўтган ҳафтадаги Женева муҳокамаларидан баъзи давлатларнинг бу масалани ҳеч бўлмаганда БМТ доирасида муҳокама қилиш истаги борлигини кўрдик, дейди ИҲХФ вакили.

11 декабр куни БМТ инсон ҳуқуқлари кенгашидаги муҳокамаларда Швеция, Британия, Канада каби давлатлар вакиллари ўзбек делегациясининг ҳисоботига ишончсизлик билдириб, Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти янада ёмонлашгани, фикр ва сўз эркинлиги бостирилаётгани, қамоқларда қийноқлар систематик тарзда қўлланилаётгани, кўплаб инсон ҳуқуқлари фаоллари қамоққа ташлангани, пахта етиштирилишида болалар меҳнатидан фойдаланилаётгани ва бошқа муаммолардан чуқур ташвиш билдирди.

Йиғин иштирокчилари, шунингдек, Андижон воқеалари хусусида ноаниқликлар сақланиб қолаётгани ва фожеа қурбонлари учун адолат қарор топмаганини айтиб, бу воқеалар юзасидан халқаро текширув ўтказиш масаласи долзарблигини йўқотмаганини баён қилишди.

Бунга жавобан Ўзбекистон бош прокурорининг ўринбосари Алишер Шороффиддинов 2005 йилнинг 13 майида Андижонда тинч намойиш эмас, террор хуружи амалга оширилгани ва халқаро текширувга оид чақириқлар мутлақ ассосиз эканини таъкидлади.

- Ортиқча куч ишлатилганига оид таъкидлар асоссиздир. Ўтказилган тергов ва жиноий ишнинг судда кўриб чиқилиши буни тасдиқлади.

2006 – 2007 йиллар давомида Европа Иттифоқи мутахассислари икки маротаба Ўзбекистонга келиб, жиноий иш материаллари билан танишиш, расмийлар, судланганлар ва уларнинг адвокатлари билан суҳбатлашиш имконига эга бўлди.

Андижон воқеалари юзасидан мустақил халқаро текширув, деб аталаётган терговни ўтказмасликка доир Ўзбекистоннинг принципиал позицияси ўзгаргани йўқ, чунки халқаро қонунларнинг ҳеч бирида халқаро текширув ўтказилишига оид талаб йўқдир, деди бош прокурор ўринбосари Шарофиддинов.

Ўзбекистон делегацияси вакиллари йиғин иштирокчиларидан ёғилаётган бошқа танқидлар, жумладан болалар меҳнати муаммоси, қийноқларнинг кенг қўлланилаётгани, халқаро ташкилотларга қамоқларга кириш имкони берилмаётгани, ҳуқуқ фаоллари ва диссидентларнинг ноҳақ қамоққа ташланаётганига оид кўплаб эътирозларни инкор қилдилар.

ИҲХФ вакили Петре хоним БМТ инсон ҳуқуқлари кенгаши йиғинида қатнашган Ўзбекистон расмийларининг бундай баëнотларини сурбетлик дея баҳолайди.

- Ўзбекистон делегацияси ўзини жуда ишончли тутди. Улар мажлисда билдирилган тавсияларнинг баъзилари аллақачон амалга оширилганини ишонч билан баён қилишди.

Масалан, Ўзбекистонда болалар меҳнати йўқ, деган таъкидлар мутлақ куракда турмайди. Чунки бу йилги пахта мавсумида ҳам болалар далага ҳайдалгани ва бу муаммо янада кескинроқ тусга кираётгани ҳеч кимга сир эмас.

Ёки уларнинг Ўзбекистонда ҳуқуқ фаоллари қамоққа ташланганини инкор қилгани, ёхуд Ўзбекистон инсон ҳуқуқларига оид ўзи қабул қилган барча халқаро ҳуқуқий меъёрларга тўла амал қилаётганини катта завқ билан уқтиришга уринганини тушунтириш қийин.

Менимча¸ ўзбек делегацияси бу гапларга бошқаларни ишонтира олганига ўзи ҳам ишонмаган бўлса керак, дер экан инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси вакили Франсуаза Петре, Ўзбекистон делегациясининг расмий ҳисоботига эмас, балки ундаги ёлғон фактларни БМТ миқёсидаги тадбирда тап тортмай баён қилганига қойил қолиш керак, дея хулоса қилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG