Линклар

Олтин яратгувчи олтин қуллар

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистон туман-қишлоқларида яшовчи аксар болаларнинг 2008 йилги ëзи ҳам¸ кузи ҳам яна пахта далалари қўйнида ўтди.

Ўзбекистон туман-қишлоқларида яшовчи аксар болаларнинг 2008 йилги ëзи ҳам¸ кузи ҳам яна пахта далалари қўйнида ўтди.

2008 йил - Ўзбекистондаги болалар меҳнати манзараси бобида зоҳиран бир, ботинан эса тамоман бошқа-бошқа ҳодисалар бағрида кечди.

2008 йил бошида Ўзбекистон ҳукумати болалар меҳнатига қарши ва болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақидаги БМТ Конвенциясига имзо чекди.

Ўзбекистон Олий Мажлиси сенаторларининг барчаси, Ўзбекистонда болалар меҳнатидан фойдаланмаслик ҳақидаги БМТ конвенциясини бир овоздан маъқулладилар.

Бундан эса ўтган йиллар давомида далаларда нозик кафтлари қавариб кетмон чопган, ғўза яганасидан нозик панжалари қовжираб қолган, тонгдан шомга қадар пахта терган болаларнинг ота-оналари андак эмас, жуда хурсанд бўлдилар.

Зеро, мустақилликнинг 17 йилида илк бор Ўзбекистон Вазирлар маҳкамаси болаларни пахта теримига жалб этмаслик ҳақида қарор қабул қилди.

Ота-оналар билан бирга болаларнинг ҳам бу қарордан қувончи чексиз бўлган эди.

- Болалар жуда хурсанд. Энди болалар бемалол мактабда ўқишади¸ бемалол билим олишади. Бу қарор жуда ўринли бўлди¸ деган эди Олий мажлис қароридан шодланган ота-оналардан бири.

Ўзбекона таъбир билан айтганда, бу қарордан болалар дўппиларини осмонга отишди. Бироқ¸ осмонга отилган дўппи қайтиб бошга тушмади.


Биз пахтакор¸ севамиз ахир¸
Заҳматларнинг
бўронларини.
Биздан бошқа
ким ҳам кўтарар-
Ўзбекистон хирмонларини...












Шу қарордан кейин атиги бир ҳафта ўтмасдан аввал мактабларнинг юқори синфлари¸ кейинроқ эса қуйи синф ўқувчилари ёппасига пахта теримига жалб этилди.

Ваҳолангки, ҳукумат бошлиғининг бу қароридан сўнг, ҳатто ота-оналардан болаларини теримга чиқармаслик ҳақида тилхат ҳам ёздириб олинган эди.

- Шунақа нарсалар ҳам бўлаяпти. Милициялар автобусдан тушириб олиб қолаëтган жойлари ҳам бўлаяпти лекин.

Яқин икки ойлик пахта теримидан сўнг, 31 октябр куни болалар мактабга қайтишди.Чунки совук тушиб колган эди. Лекин кунлар сал илий бошлагач¸ болалар йўқ пахтани ёхуд сўнгги чаноқни тергани яна пахта далаларига ҳайдалди:

- 31 октябр куни жавоб беришган эди. Кейин яна олиб чиқишди. Синфларни навбатма-навбат олиб чиқишаяпти. Бир кун иккита синф¸ кейинги кун иккита синф¸ деган эди мактаб ўқувчиларидан бири.

Фарғоналик мактаб ўқувчилари эса ёмғирли кунларда ҳам даладан қайтишмади.

- Қишлоқ мактаблари ҳали пахтадан қайтгани йўқ. Уларнинг ҳаммаси ҳозир далаларда. Энди билмадим¸ совуқ тушиб қолганига қарамасдан аниқ бир жавоб йўқ.

Туманларда жуда қаттиқ бўлиб қолди ҳозир. “Пахта термасанг мактабингдан ҳайдаттираман¸ у қиламан¸ бу қиламан” деган гаплар ҳам бўлаяпти¸ деган эди ҳуқуқ ҳимоячиларидан бири.

Ўзбекистондаги оғир ижтимоий ҳаёт қишлоқ болаларининг ўз ихтиёри ëхуд ота-оналар қистови билан пахта теримига чиқишга мажбур қилди.

Зеро, ана шу мавсум давомида бошқа жойдан даромади бўлмаган оилалар ҳеч бўлмаганда болалар кам-кўстини уларнинг ўзлари меҳнати ҳисобидан қоплашга ҳаракат қилишади.

- Болаларнинг 50 фоиз вақти пахтада ўтади. Мажбур бўлади шунга. Чунки ейиш керак¸ ичиш керак¸ кийиш керак¸ маблағ керак. Болалар китобга пул тўлаймиз¸ ремонтга пул тўлаймиз деган мажбурият билан чиқади¸ деган эди ота-оналардан бири.

Ҳар йилгидек бу йилги пахта мавсуми ҳам қурбонларсиз бўлмади. Озодлик олган маълумотларга кўра¸ ўнга яқин бола пахта терими мавсумида турли хил шароитларда нобуд бўлдилар.

Кам пахта тергани учун ўқитувчиларидан қаттиқ дашном эшитган Жиззах давлат педагогика институтининг биринчи курс талабаси пахтазор чеккасидаги дарахтга ўзини осиб қўйди.

Жиззах вилоятининг Зарбдор туманида эса 9 октябр куни пахта теримига Зомин туманидан олиб келинган 5-синф ўқувчиси сувга чўкиб ҳалок бўлди.

Шундай қилиб¸ Ўзбекистон болалар меҳнатидан воз кечиш тўғрисидаги БМТ конвенциясини имзолади, Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси бу ҳақда қарор ҳам қабул қилдию, амалда эса бу қонун ҳам, бу қарор ҳам бажарилмади. Нега?

Бу саволга мустақил кузатувчи Абдураҳмон Ташанов шундай деб жавоб берди:

- Бу муаммо Ўзбекистон ҳукумати истаган тақдирда ҳам ҳал бўлмаслиги мумкин. Ўзбекистон иқтисоди¸ Ўзбекистон аграр тармоқлари ниҳоятда инқирозга учраган. Пахта машиналари ва техника етишмайди.

Шунинг учун пахтани териб олувчи¸ Ўзбекистон ҳукуматининг измида юрувчи¸ Ўзбекистон ҳукуматининг эксплуатациясига нишон бўлувчи болалардан бошқа куч йўқ.

Асосий ишчи кучлари мигрант сифатида чет элга кетган. Шунинг учун истаймизми йўқми¸ болалар ҳукумат эксплуатациясига нишон бўлаверади¸ - дейди Абдураҳмон Ташанов.
XS
SM
MD
LG