Линклар

Истиқболсиз келажак


Ўзбекистонлик аксар ëшлар учун эркин дунë билан мулоқот қилиш ва ўз келажаги учун имкон қидиришнинг ягона воситаси Интернет бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистонлик аксар ëшлар учун эркин дунë билан мулоқот қилиш ва ўз келажаги учун имкон қидиришнинг ягона воситаси Интернет бўлиб қолмоқда.

Президент Каримов ëшлар йили деб эълон қилган 2008 йил адоғига етаркан¸ ўзбек ëшлари берилган ваъдалар ўз ҳаëтларига ўзгариш олиб келмаганини айтмоқдалар.

2007 йил сўнггида 2008 йилни ëшлар йили деб қилган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов бу йилда таълим сифатини ошириш, ёшлар учун иш ўринлари яратилажагини ваъда қилган эди.

Хўш¸ ëшларга фаровон келажак ваъда қилинмиш 2008 йил поёнига етиши арафасида Ўзбекистон раҳбарининг берган ваъдалари нечоғли бажарилди?

Биз суҳбатга тортган аксар ўзбекистонлик “Ёшлар йили”да аҳвол ижобий томонга ўзгара бошлаганини сезмаганларини қайд этдилар.

Саволга тутганимиз ўзбек ёшларидан кимдир давлатга таъна оҳангида, кимдир эътироз оҳангида сўз бошлади.

Бишкекдаги университетларнинг бирида таҳсил олаётган андижонлик Фазлиддин Абдукаримов эса “Ёшлар йили”да Ўзбекистонда кузатилган ижобий ўзгаришлар ҳақидаги саволимизни эшитиб, кутилмаганда қаҳ-қаҳ отиб юборди. Ўзининг хандон кулгуси сабабини эса Фазлиддин мана бундай изоҳлади:

- Биринчидан, кулганимнинг боиси, бу давлатнинг гапларига ишончнинг йўқлигида. Шунча йилдан бери кўрган сиёсатимиз шу бўлдики, ёшларнинг ўқишига илож йўқ. Ўзбекистон ёшларининг ҳозир чет элда ўқишининг иложи борми?

Йўқ. Ҳамма бор грантлар ҳам ёпилиб кетди, хориж компанияларини ҳайдаб чиқаришди. Ўзимизда мен уч йил давомида ўқишга топширганман ҳуқуқшунослик факультетига. Шу вақт оралиғида ҳаттоки контрактга ҳам илина олганим йўқ. Қандай юз бўлиши керак одамда.

Мен, масалан, ўқишга топшираётганимда домлалар келиб: “10 минг доллар берсанг, ўқишга киргизиб қўямиз”, деб айтишди, - дейди айни пайтда хорижда таҳсил олаётган Фазлиддин исмли ўзбекистонлик йигит.

Ўзбекистонлик кузатувчиларнинг келтиришича, ҳар йили мамлакат ўрта мактабларини 450 мингга яқин ўқувчи битириб, шуларнинг тахминан 45 минги, яъни битирувчиларнинг 10 фоизи Олий ўқув юртларига қабул қилинар эканлар.

Олий ўқув юртларига кириш имконидан маҳрум бўлган ёшларнинг қолган қисми эса кўпроқ ишсизлар армияси сафларини тўлдирмоқда ёки мардикорлик қилиш учун чет элга чиқиб кетаяпти.

Хорижга чиқиб кетган ўзбекистонликлар эса юртга қайтишга шошилмаяпти. Боиси...

- Кўпчилик чет давлатларида ўқиб, шу ерларда ишлагиси келади. Чунки мен ҳам ўртоқларимдан: ”Қайтиб борасанми?” деб сўрасам, ўйланиб қолишади-да, “қайтиб боргандан кейин бизни у ерда нима кутаяпти, бирор нарса кутаяптими, ундан кўра, мана бу ерда ишлаганим яхши”, деган гапни кўп айтишади, - дейди Фазлиддин.

Ҳозирда хорижий мамлакатлардан бирида тириклик ғамида юрган наманганлик Бобур ҳам Ўзбекистонда йил сайин муаммолар камайиш ўрнига кўпайиб бораётганини айтади.

- Масалан, ёшлар учун 2007 йилда 2007 та муаммо бўлган бўлса, энди 2008 та муаммо пайдо бўлди. Мен шунга ўхшатаман, бошқа нарса йўқ. Ёшлар учун Ўзбекистонда шароит борми? Ёшлар учун Ўзбекистонда пахта бор, шароит нима қилсин.

Пахта терсин бойлигимиз, ғўза ойлигимиз дегандай. Оддий нарса свет йўқ, нафақат қишлоқларда, Тошкентнинг ўзида ҳам свет ўчаётганини эшитаяпман.

Гап шундаки, борган сари ўзбек бўлиш қийин, борган сари ўзбек бўлиш қимматга тушаяпти. Ўзбек бўлиш учун жуда кўп талабларга жавоб бериш керак.

Энг биринчи талаб, камида Андижон машинаси тагингда бўлиши керак. Нексия-2 бўладими, Дамасми. Ўшанда тўлақонли, ҳеч кимдан ўзингни кам ҳисобламаган ҳолда ўзбек ҳисоблайсан¸ дейди Бобур.

Лекин ўзбекистонлик ёшларнинг ҳаммаси ҳам “Ёшлар йили”да расмийлар томонидан ҳеч қандай ижобий ишлар қилинмади, деган фикрга қўшилмайди. Тошкентлик Жаҳонгир ана шундай некбин ёшлар жумласидан.

- 2008 йилда ёш оилалар учун уйлар ажратилди. Ёш оилалар уй олиши учун, уйга ҳар хил техника олиши учун, мебеллар олиши учун кредитлар ажратилди. Эшитишим бўйича мана шу кредитлар айнан кам таъминланган ёш оилаларга ажратилди.

Менинг бир танишим ҳам мана шу кредитдан фойдаланиб, ўз кучи билан ҳамма ҳужжатларни йиғиб-топшириб, кредит олиб, ҳозир янги уйда яшаяпти. Кам таъминланган ёш оилаларнинг тўйлари қилиб берилди, - дейди тошкентлик Жаҳонгир.

Суҳбатдошимиз Жаҳонгирнинг бу сўзларини эшитар эканмиз, чиндан ҳам Ўзбекистонда ана шундай хайрли ишлар амалга оширилаётганига, янги йилда эса ўзбек ёшларининг энг эзгу мақсадлари амалга ошишига ишонгимиз келди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG