Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:27

Россия тожик матбуотидан норози


Рус дипломатлари тожик расмийларидан "Россия раҳбарияти обрўсига путур етказаётган журналистлар"ни жазолашни талаб қилмоқда.
Рус дипломатлари тожик расмийларидан "Россия раҳбарияти обрўсига путур етказаётган журналистлар"ни жазолашни талаб қилмоқда.

Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси тожик журналистлари фаолиятига эътироз билдирилган норозилик нотасини Душанбе расмийларига топширди.

24 декабр куни Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота юборган Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси республикада чиқаётган мустақил рўзномалар Россияни тожик халқига душман қилиб кўрсатаётганидан норозилик билдирган.

Элчихона расмийси Комил Магомедовга кўра, “Фараж”, “ФК-капитал”, “Миллат”, “Нигоҳ” ҳамда “СССР” рўзномалари Россия элчихонасининг тожик мардикорлари ўлими билан боғлиқ изоҳларини ўзгартириб, ёлғон далиллар асосида нашрга берган:

- Россиядаги айрим жиноий гуруҳлар томонидан тожик мардикорларини ўлдирилишини Тожикистондаги баъзи мустақил рўзномалар вакиллари Россия раҳбарияти расмий сиёсий йўналишининг бир қисми сифатида кўрсатишга уринмоқдалар. Бу эса тожик халқини қасддан авраб-алдашдан бошқа нарса эмас, - дейди рус дипломати Комил Магомедов нота мазмунини изоҳларкан.

Нотада россиялик дипломатлар тожик журналистларининг бу ҳаракати ўзларини бефарқ қолдирмаганини таъкидлаб, Тожикистон расмийларидан бундай мазмундаги мақолаларни ёзаётган журналистларга нисбатан кечиктирилмас чоралар кўришни ва ҳатто уларни жиноий жавобгарликка тортишни ҳам сўраганлар.

Аммо “Фараж” ҳафтаномаси бош муҳаррири Хуршед Атоуллоев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига йўлланган норозилик нотасини таҳқирдан ўзга нарса эмас, деб билади:

- Бу катта аканинг кичик укасига норозилиги шўролар даврини эсга солади. Россия ҳукумати аввало бошқа кичик давлатларни Россиянинг душмани қилиб кўрсатаётган ўз Интернет нашрларини назорат қилсин, агар кучи етса.

Тожикистон ва тожиклар Россиянинг душмани ҳам эмас, унга ғарази ҳам йўқ. Шунинг учун, менимча, бундай баёнотлар таҳқирдан ўзга нарса эмас, - деди Хуршед Атоуллоев.

“Тожикистон журналистлар миллий уюшмаси” раиси Нуриддин Қаршибоев ҳамкасби фикрларини қувватлар экан, Тожикистон томони Россия элчихонаси йўллаган нотага муносабат билдириш баҳонасида мамлакатда сўз эркинлигини чеклаб қўймаслиги кераклигини таъкидлади:

- Биз - тожик журналистлари Россиянинг бу ҳаракатини нотўғри, деб биламиз. Чунки бу тожик жамиятида сўз эркинлигини бўғиб қўйишнинг бир йўли.

Шуни ҳам таъкидлаш керакки, тожик мардикорлари ўлими билан боғлиқ мақолаларни нашрга берган рўзномаларимиз Россия назоратидаги РУНЕТ (Россия интернети) манбаларига таянганлар.

Агар Россия элчихонасининг кучи етса, аввал ана шуни сайтларни жиноий жавобгарликка тортиб кўрсин-чи, -дейди “Тожикистон журналистлар миллий уюшмаси” раиси Нуриддин Қаршибоев.

Айтиш жоизки, Россиянинг Тожикистондаги элчихонаси томонидан Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси топширилиши вазирликнинг тожик мардикори Салоҳиддин Азизовнинг Москва шаҳри яқинида ваҳшийларча ўлдирилганига нисбатан Россия Ташқи ишлар вазирлигига норозилик нотаси йўллаган бир пайтга тўғри келди.

Нотада Тожикистон томони ирқий камситилиш қурбони бўлган Салоҳиддиннинг қотиллари тез орада топилиб, жиноий жавобгарликка тортилишини Россия томонидан талаб қилган эди.

Аммо Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигининг маълум қилишича, ҳозирча Россия бунга жавоб қайтармаган.

Эслатиш жоизки, 2008 йилда Тожикистонга Россиядан 600 та тожик мардикорининг тобути олиб келинган. Шундан 84 нафари рус миллатчилари томонидан ўлдирилган.
XS
SM
MD
LG