Линклар

Шошилинч хабар
16 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:07

Йўлкира ошиши тасдиқланмади, лекин...


Ҳозирда кўплаб ўзбекистонликлар жамоат транспортига чиқишдан аввал¸ чиптага етгулик ақчаси бор-йўқлигини олдиндан кўриб олишга мажбур.
Ҳозирда кўплаб ўзбекистонликлар жамоат транспортига чиқишдан аввал¸ чиптага етгулик ақчаси бор-йўқлигини олдиндан кўриб олишга мажбур.

Ўзбекистонда янги йилдан бошлаб йўлкира ҳақи яна кўтарилармиш, деган интернет хабарлари аҳоли орасида тарқаб¸ қимматчиликдан норозиликнинг кучайишига сабаб бўлмоқда.

Йўлкиранинг сўнгги бор ошганига ҳали бир ой ҳам бўлгани йўқ. Янги йилдан бошлаб Тошкентдаги транспорт хизмати 20 фоизга, яъни 400 сўмдан 500 сўмга ошармиш, деган хабарга аниқлик киритиш учун “Тошшаҳартрансхизмат” ҳиссадорлик жамиятига телефон қилдик.

Озодлик радиоси билан суҳбатда бўлган корхонанинг нақд бўлмаган пул муомаласи бўлими раҳбари Наталья Завялова бу гаплардан хабари йўқлигини айтди:

- Ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай фармойиш йўқ.

Озодлик: Ўзи йўлкира нархларини доим ким оширади, корхонами ёки...

Наталья Завялова: Йўлкира ошиши ҳақидаги масала бизнинг транспорт вазирлигимизда кўрилиб, Президент девонига юборилади ва шахсан Президент томонидан тасдиқланади. Чунки биз вазирлик қошидаги хўжалик ҳисобидаги ташкилотмиз.

Нархларни эса Молия вазирлиги ҳал қилади. Биз шунчаки юқоридан тушиб келган фармойишни бажарамиз. Гарчи биз монополиячилар бўлсак ҳам, нарх-наволарни биз белгиламаймиз.

Озодлик: Сизнинг ташкилотингиз хўжалик ҳисобида бўлса, ҳиссадорлик жамияти бўлса, нега йўлкира сиз томондан белгиланмайди? Бу ажабланарли эмасми?

Наталья Завялова: Ҳа, бу ажабланарли, лекин бу ҳақиқат. Йўлкира қанча бўлиши ҳақидаги барча қарорларда Президентнинг имзоси бор.

Сўнгги бор йўлкира биринчи декабрда оширилганди. Ўшанда шаҳар транспортидаги йўлкира 400 сўм қилиб белгиланганди.

Тошкентликлар эса белгиланган йўлкира билан маошларнинг бир-бирига мувофиқ келмаётганини гапирадилар.

- Ҳозир йўлкира чўнтакка умуман тўғри келмайди. Мисол учун, энг кам ойлик оладиганлар бор. Шулар агар иккита-учта транспортга чиқадиган бўлса, чўнтак кўтармайди-да, дейди тошкентлик Раҳбарой ая.

Раҳбарой ая тиббиёт ҳамшираси бўлиб ишлайди. Унинг оладиган маоши 80 минг сўм атрофида. Агар иккита транспортга минса -

- Бир бориб келишнинг ўзига 1600 сўм кетиб турибди, - дейди Раҳбарой ая.

Агар ҳамшира йигирма беш кун ишга қатнаш учун транспортга ҳар куни 1600 сўмдан сарфласа, 40 минг сўм пулнинг ўзи йўлкирага сарф бўлар экан. Бу эса¸ оддий ҳамшира маошининг тенг ярми.

Раҳбарой аяга кўра, айниқса, метронинг ойлик умумий чиптадан олиб ташлангани, шаҳарликларни яна қийин аҳволга солиб қўйди. “Ҳозир метрога фақат нақд пул тўлаш керак”, дейди у.

Олий ўқув юртида ўқиётган талаба Акбаржон ҳам стипендиянинг анча қисми йўлкирага кетиб қолаётганини айтади:

- Баъзи талабаларнинг метрода келиб кетишига 400 сўмдан 800 сўм кетади. Агар уни бир ойда ҳисобласангиз, анчагина пул кетиб қолади. 30 кундан тўртта якшанбани чиқарган тақдирингизда ҳам талабага барибир оғирлик қилади.

Ҳам ойлик йўл чиптаси (проездной) олади, метронинг жетонига эса 21000 сўм сарфлайди. Агар талаба учлик стипендия, яъни 60 минг оладиган бўлса, 40 минг сўмини йўлкирага йўқотса, у нима еб-ичади?

Ноннинг ўзи 350-400 сўм бўлса, ëпган нон 500 сўм бўлса, - дейди талаба йигит Акбаржон.
XS
SM
MD
LG