Линклар

Мухолифат Бакиевга қарши бирлашаëтир


Сиёсий қарашлари кўп ҳолларда бир-бирига мувофиқ келавермайдиган қирғиз мухолифати вакиллари иқтидордаги расмийларни ҳокимиятдан кетказиш ва мамлакатни тараққиёт сари буриш мақсадларини амалга ошириш учун кучларни бирлаштиришга қарор қилдилар.

Сиёсий қарашлари кўп ҳолларда бир-бирига мувофиқ келавермайдиган қирғиз мухолифати вакиллари иқтидордаги расмийларни ҳокимиятдан кетказиш ва мамлакатни тараққиёт сари буриш мақсадларини амалга ошириш учун кучларни бирлаштиришга қарор қилдилар.

Қирғиз мухолифатидаги етти партия ва тўрт ҳаракат президент Бакиевни муддатидан аввал ҳокимиятдан кетказиш мақсадида “Бирлашган халқ ҳаракати”га асос солди.

Қирғизистон инқилобий қўмитаси раиси Азимбек Бекназаровга кўра, “Бирлашган халқ ҳаракати” президентни муддатидан олдин ҳокимиятдан кетказиш истагида бўлган партияларни ҳамда партияларга аъзо бўлмаган оддий одамларни жипслаштиради.

Унинг айтишича, кичик партиялардан ташкил топган йирик ҳаракатни халқ амалдаги ҳокимиятга қарши реал куч сифатида баҳолай олади.

- Бугун халқ ҳокимиятга қарши кураш учун тайёр бўлиб қолди. Халқ ҳеч нарсадан қўрқмайди. Худо хоҳласа биз¸албатта¸ ғалаба қозонамиз. Халқ биздан мана шуни талаб қилаяпти, - деди Азимбек Бекназаров янги ҳаракат таъсис қурултойида сўзлаган нутқида.

Бироқ иқтидордаги расмийлар сиёсатини ёқловчи сиёсий партиялар мухолифатнинг “Бирлашган халқ ҳаракати” ғоясини қораламоқдалар.

Мазкур партия вакилларининг билдиришларича, президентни муддатидан олдин ҳокимиятдан кетказиш учун бирлашиш мамлакат Конституциясига зид келади.

- Президентни Қирғизистон халқи 90 фоиз овоз билан сайлаган. Ўзини мухолифат деб атаган беш-ўн киши “биз президентни ҳокимиятдан туширамиз”, деб бирлашганининг ўзи қонунчиликка зид келадиган ишдир.

Конституцияда президентни қачон ва қандай фаолияти учун муддатидан олдин ҳокимиятдан четлатиш мумкинлиги аниқ кўрсатиб қўйилган. Мухолифат ҳам мана шу қонун доирасида ҳаракат қилмоғи зарур, деди иқтидордаги “Ақ жўл” партиясидан парламент депутатлигига сайланган Табилди Ўрозалиев.

“Бирлашган халқ ҳаракати” ташкил этилиши мухолифатнинг бирлашиш сари ташлаган яна бир қадами бўлди. Бундан аввалроқ бир қатор сиёсий партиялар ва сиёсатчилар “Бирлашув меморандуми”ни имзолаган эдилар. Лекин бу меморандумга мухолифатдаги айрим партиялар қўшилмаган эдилар.

- Шунинг учун ҳам янги ҳаракатга асосий мухолифат партияларининг якдиллик билан бирлашуви катта ютуқ бўлди, - деб ҳисоблайди “Ақ шумқар” партиясининг лидери Темир Сариев.

“Бирлашган халқ ҳаракати”га қўшилган партиялар раҳбарлари “бирлашиш тўғрисидаги шартнома” ҳамда “Мухолифат учун янги шартлар” деб номланган ҳужжатларни ҳам имзоладилар.

Президент Бакиев сиёсати билан келиша олмай, Қирғизистон Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимидан истеъфо берган Исмоил Исақов “Янги Қирғизистон” партиясининг ҳам “Бирлашган халқ ҳаракати”га қўшилганини эълон қилди ва ҳужжатларни имзолади.

- Бугун имзоланган ҳужжатлар бир-биримизга бўлган ишончни янада кучайтиради. Шунинг учун, ишонч билан айта оламанки, биз ўз кўзлаган мақсадимизга етамиз, - деди Исмоил Исақов.

Бироқ 25 декабр куни кечга яқин “Янги Қирғизистон” партияси Исмоил Исақов партия сиёсий кенгаши қарори билан Бош котибликдан бўшатилгани тўғрисида баёнот тарқатди.

Баёнотда айтилишича, Исмоил Исақов “партия нуқтаи назаридан ўзгача бўлган позицияга эга бўлгани ҳамда мухолифатга қўшилгани учун” мана шундай қарор қабул қилинган.

“Исмоил Исақов бундан буён партия номидан гапириш ҳуқуқига эга эмас”, дейилади “Янги Қирғизистон” партияси баёнотида.
XS
SM
MD
LG