Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:45

Россия Украинани жазолаши мумкин


Россия ва Украина бош вазирлари ўртасида октябр ойида бўлиб ўтган илиқ учрашув¸ ҳозирча томонларнинг газ масаласида муросага келишига ëрдам бермади.
Россия ва Украина бош вазирлари ўртасида октябр ойида бўлиб ўтган илиқ учрашув¸ ҳозирча томонларнинг газ масаласида муросага келишига ëрдам бермади.

“Агар Украина ҳукумати тез орада газ учун қарзининг сўнгги рублигача тўламас экан¸ Россия украин иқтисодига санкциялар жорий қилади”.

24 декабр куни Россия телевидениеси орқали чиқиш қилган мамлакат президенти Дмитрий Медведев шундай баëнот берди.

- Вазият бу тарзда ортиқ давом этиши мумкин эмас. Улар қарзларини тўлаб қўйишлари шарт¸ деди жумладан Медведев.

Гарчи Россия Украина иқтисодига нисбатан айнан қандай жазо чоралари қўллаши мумкинлигини очиқламаган бўлса-да¸ Кремл раҳбари бу борада кенг кўламли чоралар ишлаб чиқилганидан огоҳлантирди.

Россиянинг давлатга қарашли “Газпром” ширкатига кўра¸ Украинанинг бу ширкатдан қарздорлиги 2 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган.

Бу маблағнинг 805 миллион доллари ноябр ойи¸ 862 миллион доллари декабр ойи учун тўловлар бўлса¸ қолган 450 миллион доллари пулни ўз вақтида тўламаганлик учун жаримадир.

“Газпром” матбуот котиби Сергей Куприяновга кўра¸ Украинанинг давлатга қарашли Нафтогаз ширкати мамлакатнинг бунча қарзни тўлашга қурби етмаслигини билдирган.

- Улар йўқ деганда¸ октябр учун қарзларини тўлашди. Аммо ноябр ва декабр учун тўлай олмасликлари кўриниб турибди. Бугунги сўзлашув давомида Нафтогаз вакиллари қолган қарзини нақд пулда тўлай олмасликларини тасдиқладилар¸ деди “Газпром” расмийси.

Украина президенти Виктор Юшченконинг чоршанба куни айтишича¸ томонлар қарзлар тўловини бир неча ой учун қайта тақсимлаганлар ва расмий Киев ўз заҳирасидаги газнинг бир қисмини “Газпром”га қайтариб беришга рози бўлган.

Аммо “Газпром” матбуот котиби¸ муаммо Киев раҳбари айтган тарзда ечим топмаганини билдирди.

Сергей Куприянов айни пайтда¸ Украина билан қарз масаласида бораëтган тортишувнинг қайнаш нуқтасига етганини ҳам қўшиб қўйди.

- Агар 2009 йил давомида Украинага сотиладиган газ борасидаги келишув саноқли кунлар ичида имзоланмаса¸ 1 январдан бошлаб биз Украинага ўзаро шартномасиз газ узата олмаймиз¸ деди “Газпром” расмийси.

Глобал молиявий бўҳрондан жиддий зарба еган Украина 2008 йил давомида Россияга ҳар минг куб метр газ учун 179¸5 доллардан тўлаб келди.

Эндиликда “Газпром” 2009 йилги газ нархининг 400 доллардан кам бўлмаслигини айтмоқда.

Айни жанжал бундан икки йил аввал ҳам юзага чиққан ва Москва 2006 йилнинг 1 январидан бошлаб Украинага газ узатишни тўхтатган эди.

Тўхтатилган газ ўрнини тўлдириш учун Киев ҳукумати ўз ҳудудлари орқали Европага ўтадиган Россия газидан олишга ўтган¸ оқибатда эса¸ европаликлар қаттиқ қишда газ босимининг кескин пасайишидан азият чеккан эдилар.

Яна айни жанжал қизиб борар экан Москва ва Киев раҳбарлари¸ улар орасидаги келишмовчиликдан европаликлар зиëн кўрмаслигини таъкидламоқдалар.


- Украина ҳудудлари орқали европалик истеъмолчиларимизга табиий газни тўлиқ ҳажмда етказиб беришнинг ҳуқуқий ва техникавий асослари тўлиқ амалда¸ деди “Газпром” матбуот котиби Куприянов.

Украина президенти Юшченко ҳам¸ Украина заҳираларида етарли газ борлиги боис¸ Европага узатилаëтган газга дахл қилинмаслигини ваъда қилмоқда.

Европа Иттифоқи табиий газга нисбатан эҳтиëжининг 40 фоизини Украина орқали келадиган Россия гази ҳисобига қоплайди.

Газ масаласи Кремл қўлидаги сиëсий қуролга айланиб бораëтганидан ташвишга тушган Европа раҳбарлари эндиликда бу қарамликдан қутулиш йўлларини изламоқда.
XS
SM
MD
LG