Линклар

Немислар далил қидирмоқда

  • Фаррух Юсуфий

Ўзбекистон ҳукумати илк бор Исломий жиҳод иттифоқи номини 2004 йил баҳорида Бухоро ва Тошкентда рўй берган портлашлардан сўнг тилга олган эди.

Ўзбекистон ҳукумати илк бор Исломий жиҳод иттифоқи номини 2004 йил баҳорида Бухоро ва Тошкентда рўй берган портлашлардан сўнг тилга олган эди.

“Штерн” журналининг ëзишича¸ Германия терговчилари Ўзбекистонга келиб Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда гумон қилинган шахсни сўроқ қилган.

Нуфузли немис нашрида эълон қилинган мақолага кўра, сўроқ қилинган ўзбек маҳбуси ўтган йили Германияда фош этилган террор фитнасига алоқадорликда айбланмоқда.

Германия федерал прокуратураси тергов ишлари ниҳоясига етиб қолганини айтган бўлса-да, бу ишда ноаниқликлар сақланиб қолгани, хусусан¸ Исломий жиҳод иттифоқи ҳақиқатан ҳам мавжудлигига оид шубҳалар борлиги¸ немис терговчиларини Ўзбекистонга етаклаган бўлиши мумкин.

Штерндаги мақола муаллифи Мартин Кноббе Би-Би-Си радиосига берган интервьюсида ана шундай тахминни илгари сурди.

“Тошкентда сўроқ қилинган маҳбус Германия федерал прокуратураси учун энг муҳим гувоҳлардан бири эди. Чунки айни шахс орқали немис терговчилари Германия ҳудудида ҳужумларни режалаштиргани гумон қилинган Исломий жиҳод иттифоқи амалда мавжуд эканлигини исботлаб, ташкилот раҳбарлари ким ва унинг Германияда қандай алоқалари бўлган, каби саволларга жавоб топиш мумкин эди.

Прокуратура терговчиларининг Тошкент қамоқхонасидаги гувоҳни сўроқ қилиши сабаби ҳам шунда. Мен аминманки, Германия жиноий адлия тизими қоидаларига мувофиқ, барча қонун талабларига риоя қилинган.

Лекин албатта, бу гувоҳга қанчалик ишонса бўлади, деган савол келиб чиқади. Ҳюман Райтс Уотч ва БМТнинг қийноқлар бўйича ҳисоботларида Ўзбекистонда маҳбусларни қийноққа солиш ҳоллари кенг тарқалгани айтилган.

Шундай экан, демак, терроризмда айбланаётган гувоҳ ўтмишда қийноққа солингани эҳтимоли катта. Бу эса гувоҳ берган кўрсатмалар Германия судида ишлатилиши мумкинми, ишлатилса, улар қанчалик ишончли, деган саволлар очиқ қолмоқда”.

Штерн мухбири Кноббе илгари сурган тахмин, яъни Германия ҳуқуқ-тартибот идораларининг Исломий жиҳод иттифоқига оид шубҳалари борлиги ҳақидаги хабарлар бундан бир неча ой аввал пайдо бўлган эди.

Октябр ойида Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов Германияга сафар қилганида, бу идорадаги манба Озодлик радиосига¸ раиснинг Берлинга сафаридан асосий мақсад немис ҳукуматига Исломий жиҳод иттифоқи ҳақидаги ҳужжатларни тақдим этиш эканлигини айтган эди.

Энди немис терговчиларининг Ўзбекистонга келиб¸ бу ташкилотнинг ҳақиқатан мавжудлигига оид далилларни шахсан қидираётгани, Иноятов тақдим қилган ҳужжатлар Германия расмийларининг шубҳаларини тарқата олмаганига ишора қилиши мумкин.

Айтиб ўтиш жоиз, Ўзбекистон Исломий ҳаракатидан ажраб чиққани айтилаётган Исломий жиҳод иттифоқига аъзоликда гумонланиб 2007 йилнинг августидан бери Германия ҳудудида ҳибсга олинганлардан бирортаси ҳам Ўзбекистон фуқароси эмас.

Исломий жиҳод иттифоқига нисбатан шу пайтгача фақат Ўзбекистон ва Германия ҳукуматлари томонидан айбловлар илгари сурилган.

Бу эса таҳлилчилар фикрича, радикал гуруҳнинг келиб чиқишига оид мавжуд шубҳаларни янада кучайтиради.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича шарҳловчиси Брюс Панниер гапиради:

- Исломий Жиҳод иттифоқи номли гуруҳ ҳақида биринчи марта 2004 йилда Тошкент ва Бухородаги портлашлардан кейин эшитганмиз. Ундан кейин узоқ вақтга йўқолиб кетди. Ўтган йили эса, ғалати тарзда яна Германияда пайдо бўлди.

Ўзбекистонга алоқаси бўлган радикал гуруҳнинг ўз фаолиятини мамлакатдан ташқарига кўчирганини тушуниш мумкиндир, лекин нега улар айнан Ўзбекистондан жуда олис бўлган Германияни танлашган?

Бу гуруҳга нисбатан фақатгина Ўзбекистон билан Германияда расман айбловлар илгари сурилган. Балки¸ бошқа мамлакатларда ҳам бу гуруҳ фаолият олиб борар, лекин бу ҳақда ҳозирча маълум эмас.

Немис ва ўзбек расмийлари ҳам Исломий жиҳод иттифоқи ҳақида жуда чекланган маълумотларни эълон қилган ва унга нисбатан илгари сурилган айбловларни исботловчи далилларни тақдим этганича йўқ. Гуруҳнинг келиб чиқишига оид кўплаб саволлар сақланиб қолмоқда.

Агар Исломий жиҳод иттифоқи ҳақиқатан ҳам бор бўлса, унинг қанча аъзоси бор?

Нега улар Ўзбекистонда ички сиёсатни издан чиқариш ёки хорижий иншоотларни нишонга олиш ўрнига Германияга кетиб қолди?

Улар фикрича немис хавфсизлик идоралари ўз ишида ўзбеклардан нўноқроқми? Бу мен учун жуда ғалати, дейди Брюс Панниер.

Ўзбекистон миллий хавфсизлигининг собиқ майори Икром Ёқубов ҳам, ўтмишдаги иш тажрибасига таяниб, Исломий жиҳод иттифоқи ташкилоти мавжудлигига катта шубҳа билан қарайди.

Лекин, дейди МХХ собиқ майори, Германия тергов органлари ҳам шу пайтгача Ўзбекистон махсус хизматлари тақдим этган маълумотларни текшириб кўришни ўзлари учун эп кўрмай келди.

- Германиялик прокурорнинг¸ терговчининг нега Ўзбекистонга келгани¸ сўроқ жараëнида иштирок этгани энди очилаяпти. Бу ҳам журналистларнинг тадқиқотига кўра очилаяпти.

Германия томонининг ўзи бу ишни қилганини шу вақтгача ҳеч қачон очиқча айтамагани¸ бу биринчи муҳим томони эди.

Иккинчи муҳим томони эса¸ биласизми мен шу Исломий жиҳод иттифоқи бўйича бироз кузатувлар олиб бориб¸ шунақа фикрга келдимки¸ бу менинг шахсий фикрим¸ бунақа ташкилот йўқ.

Бу ташкилотни ўзбек махсус хизматлари яратиб қўйган, дейди Ўзбекистон миллий хавфсизлик хизматининг собиқ ходими Икром Ёқубов.
XS
SM
MD
LG