Линклар

logo-print

Ўзбекистон иқтисоди бўҳрондан фориғ

  • Ҳурмат Бобожон

ХВЖ расмийлари Ўзбекистоннинг иқтисодий истиқболи ҳақида оптимистик руҳда баëнот бераëтган айни пайтда¸ жамғарма раҳбари бутун дунëни 2009 йилнинг оғир келишидан огоҳлантирмоқда.

ХВЖ расмийлари Ўзбекистоннинг иқтисодий истиқболи ҳақида оптимистик руҳда баëнот бераëтган айни пайтда¸ жамғарма раҳбари бутун дунëни 2009 йилнинг оғир келишидан огоҳлантирмоқда.

"Ўзбекистон иқтисоди жаҳон савдо тизими, хусусан молиявий бозорига кўп ҳам қўшилмагани боис, ҳозирги инқирознинг 2009 йилда унга бевосита таъсири бўлмайди".

Бу ҳақда Ўзбекистон ҳукумати ва Марказий банкининг Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан қўшма баёнотида билдирилган.

ХВЖ миссияси ўтган ҳафта Ўзбекистонга ташриф буюрган эди.

Жамғарманинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё бўлими бошлиғи муовини Сен Экен бошлиқ делегация ташрифидан мақсад¸ Ўзбекистон иқтисодидаги 2008 йилги вазият ҳамда ҳозирги глобал иқтисодий бўҳроннинг 2009 йилда Ўзбекистонга эҳтимолий таъсирини ўрганиш бўлган.

8-19 декабр кунлари Тошкентга сафар қилган ХВЖ делегацияси хулосасига кўра, Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш истиқболлари 2009 йилда умумиятла кўнгилдагидек бўлади.

Иқтисодий ўсиш суръати бироз оқсоқланиши мумкин, лекин савдо ва тўлов балансидаги ижобий сальдо ҳамда бюджетдаги профицит сақланиб қолади.

"Ўзбекистон иқтисоди халқаро молия бозоридаги мураккабликларга қарамай барқарорлигини йўқотмаган. 2008 йилдаЎзбекистон ички ялпи маҳсулотидаги ўсиш 9 фоизни ташкил этган.

Ўзбекистон иқтисоди ривожланган давлатлар молиявий тизимига интеграциялашмаган ва шу сабабдан Ўзбекистон иқтисоди кредитларга қўйилаётган чекловлар ёки капитал оқимининг кескин камайганидан жиддий зарар кўрмайди", - дейилади Ўзбекистон ҳукумати ва Марказий банкининг Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) билан эълон қилган қўшма баёнотида.

Шунингдек, ХВЖ мутахассислари жаҳон иқтисодидаги бўҳрон оқибатлари Ўзбекистон иқтисодида қисман акс этиши мумкинлигини ҳам эҳтимолдан қочирмаган.

Жумладан¸ Ўзбекистон чет давлатларга экспорт қиладиган товарлар нархининг тушиш оқибатлари бу давлат иқтисодига салбий таъсир қилиши мумкин бўлган омилдир.

Аввалроқ Ўзбекистон президенти Ислом Каримов жаҳон иқтисодий тизимидаги молиявий инқирознинг Ўзбекистон иқтисодига эҳтимолий оқибатлари бўлиши мумкинлигини эътироф этган эди.

- Тобора чуқурлашиб бораëтган жаҳон молиявий инқирози мамлакатимизга таъсир кўрсатмайди¸ бизни четлаб ўтади деган хулоса чиқармаслигимиз зарур. Масалани бундай тушуниш ўта соддалик¸ айтиш мумкинки¸ кечириб бўлмас хато бўлади¸ деган эди жумладан Ислом Каримов.

Ўзбекистонлик таҳлилчилар эса глобал иқтисодий бўҳрон ўзбекистонликлар ҳаётида аллақачон акс эта бошлаганини айтишмоқда. Тошкентлик иқтисодий таҳлилчи Бахтиёр Файзулло гапиради.

- Айнан ҳозирги кунда шу молиявий инқирознинг таъсири сезила бошлади. Мисол учун пул ўтказмаларининг камайишидан билса бўлади.

Бир таниш банкиримиз бор. Унинг айтишича, илгари кичик бир банкка, уни бошқарадиган банк бир ойда 2-3 миллион доллар нақд пул ажратган экан.

Ҳозир ташқаридан жуда нари борса, 400-500 минг пул келаяпти деган гапни айтди. Четдан келаëтган пул оқими кескин камайди¸ дейди Бахтиëр Файзулло.

Бошқа бир ўзбекистонлик таҳлилчи Бахтиёр Султонов фикрича, жаҳон молиявий инқирозининг оқибатлари Ўзбекистон учун ҳали олдинда.

- Мана ҳозир сиз кузатиб бораëтган бўлсангиз, 2008 йилнинг тўртинчи чораги бўйича иқтисодий кўрсаткичларнинг натижалари ҳали эълон қилингани йўқ, лекин жуда кўп кузатувчилар кутаяптики, Ўзбекистоннинг экспортида қисқариш юз беради.

Ялпи ички маҳсулотнинг ўз-ўзидан қисқариши юз беради, ўз-ўзидан инфляциянинг ошиши, узоқ муддатли истеъмол товарларининг уй-жой, автомобил нархи тушиши, ўрта муддатли истеъмол товарларининг нархи тушиши кузатилаяпти, дейди иқтисодчи Ойбек Султонов.

Бошқа кузатувчилар эса ўзбек сўми борган сари ўз қадрини йўқотиб боряпти¸ дея иқтисодий ўсиш ҳақидаги расмий кўрсаткичларни шубҳа остига қўйишмоқда.

Бугунги кунда мамлакат аҳолисини безовта қилаётган муаммо нарх-навонинг узлуксиз ўсаётганидир. Ўзбекистон иқтисодиётини инқироздан сақлаб турган нарса эса ҳукумат тадбирлари эмас, миллионлаб муҳожирлар меҳнатидир.

Иқтисодий инқироз кескинлашиб борар экан, ўзга юртлардаги юз минглаб ўзбек мардикорлари ўз ватанига қайтиб кетмоқда.

Бу эса глобал бўҳроннинг ўзбек иқтисодига келтириши мумкин бўлган яна бир салбий таъсиридир.
XS
SM
MD
LG