Линклар

Подшоҳ яхши¸ вазир ëмон...

  • Барно Анвар

Ўзбекистонда аҳолининг муайян қисми мамлакатдаги адолатсизлик¸ порахўрлик ва ҳақсизликлардан президент Каримовнинг хабари йўқ¸ деган ишонч билан яшайди.

Ўзбекистонда аҳолининг муайян қисми мамлакатдаги адолатсизлик¸ порахўрлик ва ҳақсизликлардан президент Каримовнинг хабари йўқ¸ деган ишонч билан яшайди.

2008 йил давомида Озодликка келган мурожаатлар мазмуни сарҳисоб қилинса¸ уларда ўзбек жамияти ичидаги энг долзарб муаммолар акс-садоси зуҳур этиши кўрилади.

Ортда қолаётган 2008 йил давомида Озодлик радиоси таҳририятига бўлган мурожаатлар мазмуни билан таништириб келган “Тингловчи минбари” эшиттиришининг аввалги сонларини сарҳисоб қилар эканмиз, унинг йил якунига бағишланган бугунги сонига шундай сарлaвҳалар қўйдик:

- Арзимни президентга етказинг, у бизнинг аҳволимиздан бехабар: ...қандай билсин президент¸ раҳбарлар етказмайдида. Дардингизга қулоқ соладиган одам йўқ;

- Ҳозир оқибат қочган, ака укани, бола отани қақшатяпти: ... бу ака¸ бу ука деган нарса узоқлашаяпти кун сайин. Замон шунақа бўлаяптида. Ҳаëтнинг қийинчилиги олиб бораяптида;

- Ўзбекистонда қонун халққа ҳам эмас, амалдорга ҳам эмас: ....чиқарган қонунлари бир тийинга қимматда.


Йил давомида таҳририятимизга бўлган мурожаатларнинг аксариятидан тахминан шундай хулосани чиқариш мумкин ва “Тингловчи минбари” эшиттиришининг йил якунларига бағишланган сони давомида, фикримизча, сиз ҳам бунга амин бўласиз!

Йил давомида Озодликка мактуб йўллаган, қўнғироқ қилган, жойлардаги мухбирларимизга учраган ўзбекистонлик тингловчиларнинг кўпчилиги, асосан, ўз шахсий муаммоларидан арз қилганига гувоҳ бўлдик.

Кимдир маҳаллий ҳокимиятдан, кимдир ўз яқинларидан, яна кимдир турмуш қийинчиликларидан арз қилди.

Баъзи ҳамкасбларим “Нодира, шу эшиттириш номини “Шикоятнома” деб ўзгартирсангиз дуруст экан”, дея ҳазил ҳам қилишди.

Дарҳақиқат, 2008 йил давомида сизга тақдим қилганимиз “Тингловчи минбари” эшиттиришининг аксарият сонлари тингловчиларнинг арзу-ҳолидан иборат бўлди.

Одатан, халқаро телефон қўғироқлари ёки почта хизмати учун маблағ ва вақт сарфлаб, бизга боғланган тингловчилар ўз арзини президент Каримовга етказиб қўйишни сўрайди.

Фуқароси ҳолидан бехабар президент

“Арзимни президентга етказинг, у бизнинг аҳволимиздан бехабар”, деб ишонган тингловчиларимиздан яна бири билан шу йилномани тайёрлаётган пайтимизда суҳбатлашдик.

2004 йилдан бери қўлида бир даста қоғоз билан идорама-идора югуриб юрган суҳбатдошимиз Фарғона вилояти, Бешариқ тумани, Тинчлик кўчаси 2 уйда яшовчи Шавкатжон Ўрмонов.

Унинг арзига сабаб кўп. Сув, газ, электр етишмовчилиги, маҳаллий амалдорларнинг халққа бепарволиги, порахўрлиги. Дарвоқе, айни муаммолар йил давомида Қашқадарё, Сурхондарё, Жиззах, Фарғона водийсидан бўлган бошқа мурожаатларда кўп тилга олинди.

Шавкат Ўрмонов: Ўзим мутахассис сифатида 22 йил Қўқон водаканалида ишлаганман. Кейин Бешариқ шаҳар водаканалини бошқарганман. Қаерда сув етишмаслигининг ҳаммасини чизиб президентга¸ вазирликка юборганман.

Иккинчи муаммомиз фуқароларга ер участкаси муаммоси. Бу ҳақда “Правда Востока” газетасига¸ бош вазирга¸ президентга¸ республика прокуратурасига ëзганман. Ҳалигача ҳал қилишгани йўқ.

Яқинда 20 декабрда шахсан президентнинг номига очиқ хат ëзиб¸ нусхасини миллий хавфсизлик хизмати раиси Рустам Иноятов ва бош прокурор Рашид Қодировларга жўнатганман. Жуда кўп муаммоларим бор.

Бу ерда ҳокимнинг давлат мулкини талон-тарож қилган жойлари бор. У Бешариқнинг халқини жуда қийнаб юборди. Газ йўқ¸ свет йўқ. Ҳозир қоронғида ўтирибмиз. Газ умуман йўқ. Ишонасизми¸ ҳозир қалтираб ўтирибмиз.

Озодлик: Бутун Бешариқ халқининг газсиз¸ светсиз совуқда байрам арафасида қалтираб ўтирганини президент билмасмикан? Нима деб ўйлайсиз?

Шавкат Ўрмонов: Ўшани президент билмайди. Раҳбарлар етказмайдида шуни. Мана мен мурожаат қилаяпман. Президент¸ бош вазирлар анча ëрдам берди.

Масалан 2-3 йил олдин халқнинг номидан газ масаласида ариза ëзган эдим. Келиб бир километр труба ëтқизиб берди. Ҳозир ўша трубадан ҳам газ бермаяпти. Ҳозир халқ насос билан ҳам торта олмаяпти.

Озодлик: Газга насос қўйганми?

Шавкат Ўрмонов: Яшаш учун курашиш керакку. Хавфлию¸ лекин нима қилиш керак? Бу дардингизга қулоқ соладиган одам йўқ. Ҳокимга ҳам айтганман¸ прокурорга ҳам айтганман.

Ўзим ўтган йил махсус президент девонига бориб хатни топшириб келганман. Лекин президент бу нарсани ўқимаса керак. Ўқимагандир деяпманда мен. Агар ўқиганда эди¸ буларга чора кўриларди.

Озодлик: Энди шу муаммолардан президент хабар топса¸ чора кўради деб ўйлайсизми?

Шавкат Ўрмонов: Билмадим энди бизга ëрдам бера олармикинсизлар. Озодлик орқали ëрдам берсангизлар миннатдор бўлардик¸ халқимиз ҳам миннатдор бўларди.

Бешариқлик Шавкат Ўрмонов каби арзини Озодлик орқали президентга етказиш истаги билдирилган мурожаатлар 2008 йил давомида таҳририятимизга жуда кўплаб келди. Мактублар, телефон қўнғироқлари.

Аксарият ҳолларда, арз эгалари судма-суд, идорама-идора юриб вақти, пули ва ишончини йўқотганидан сўнг, иложсиз Озодликка мурожаат қилганини айтишади.

Чунки, уларнинг кўпчилиги учун Озодлик радиоси орқали чиқиш – бу анчагина хавортирли қадам.

Йил якунига бағишланган бугунги дастурни тайёрлаш жараёнида бўлган навбатдаги мурожаат ана шу кузатувларимизга яна бир яққол далил.

Бир тийинга қиммат қонунлар

Қашқадарё вилояти, Чироқчи тумани, Ҳаканди қишлоғида яшайдиган ўқитувчи Ҳусанов Бобомурод таҳририятимизга сим қоқди. У сўнгги бир ярим йилдан буён ўзини қийнаб келаётган шахсий муаммодан гап очди.

Унинг 18 ёшли қизи оғир хаста бўлиб қолган ва уни даволаш учун шифохонама-шифохона юриш асносида нафақат уни, балки у каби хаста яқинлари ортидан қағуриб юрган кўплаб ўзбекистонликларни қийнаётган муаммоларга дуч келган.

Ҳусанов Бобомурод: Масалан бир ярим йилдан бери қизим касал. Онкологик оғир касал. Ўзбекистонда онкологик касалликларни бепул даволаш ҳақида қонун чиққан.

Лекин онкологик касалликлар шифохонасига борганимда ҳамма операцияларни нақд пул эвазига қилди ва яна устига пора олди. Пора бермасангиз қилмайди.

Бунинг устига бурнидан қон кетиб ëтганида тез ëрдам чақиртирдик. Тез ëрдамда бензин йўқ экан. Нимага бунақа¸ десам “10 кундан бери бензин бермаса нима қилай?” дейди.

Озодлик: Бир ярим йилдан бери докторма-доктор юрибсиз.

Ҳусанов Бобомурод: Менга ҳеч қандай имконият ҳам¸ моддий ëрдам ҳам йўқ. Қонунни шунчаки номига чиқариб қўйибдида.

Озодлик: Қаердаги шифохоналарга бордингиз?

Ҳусанов Бобомурод: Тошкентдагига бордим.

Озодлик: Қизингиз неча ëш?

Ҳусанов Бобомурод: Қизим 18 ëшда. Мана ҳозир пул қидириб оғайниларникига келаяпман. Шу ердан чапга ҳайдайсиз. Озроқ пул олиб кетмасам.

Ҳозир укол¸ э ҳамма нарса пулда. Худога шукур оғайниларимиз бор. Ҳаммаси Россияда ишлаб келаяпти. Ўғлим ҳам Россияда. Ойига 500 доллар жўнатаяпти.

Лекин ўғлимнинг юборëатган 500 доллари¸ ўзимнинг олаëтган 160 минг сўм пулим¸ хотинимнинг олаëтган 30 минг сўм пули ҳеч нарса бўлмайди.

Озодлик: Озодлик орқали нима демоқчисиз?

Ҳусанов Бобомурод: Айтмоқчиманки¸ Ўзбекистонда чиқарилган қонунлар бир тийинга қиммат. Ўзбекистондаги баъзи бир камчиликларни айтишга менинг ҳам ҳаққим борми¸ йўқми?

Озодлик: Шубҳасиз ҳаққингиз бор.

Ҳусанов Бобомурод: Эртага менга жабр бўлмайдими? Ўзингиз биласизку ҳукумат ҳозир Ўзбекистонда қанча одамларни қамаб ëтибди. Мен фақат ҳақиқатни гапираман. Мен Қуръонни тўлиқ ўқиб чиққанман. Мен умуман бировга ëлғон гапирмайман.

Хаста қизига қоғозда бепул, аммо амалда пуллик тез тиббий ёрдам учун пул сўраб, бунинг устига такси ёллаб, қариндошиникига кетаётган¸ ҳатто, ўзининг хаста қизи учун бепул тиббий ёрдам кўрсатилмаётгани ҳақидаги арзни ҳам хавотир билан сўзлаган қашқадарёлик Бобомурод Ҳусанов каби суҳбатдошларимиз йил давомида жуда кўп бўлди.

Маҳаллий ва республика идораларига арзи бесамар кетганидан сўнггина, хавотир билан бўлса-да, бизга сим қоқишга қарор қилган барча тингловчиларимизга шу ўринда ўз миннатдорчилигимизни билдирмоқчимиз ва албатта, бу муаммолар ечими йўлида оммавий ахборот воситаси зиммасидаги вазифалар ҳамда имкониятлар доирасида ҳаракат¸ хизмат қилишда давом этамиз.


“Ҳозир одамлардан оқибат кетди, ака укани, бола отани қақшатаяпти”...

Йил давомида таҳририятимизга бўлган кўпчилик мурожаатлар мазмунини бир сўз билан шундай ифодалаш мумкин.

Уй-жой, мол-мулкини ўз яқинлари олиб қўйган кўплаб ўзбекистонликлар бизга сим қоқди, мактуб йўллади. Шу мазмундаги кўплаб мурожаатларга навбатдаги, сўнгги яққол мисол – шу ҳафта таҳририятимизга ногирон пенсионер Нишонбой Ўрозалиевдан бўлган телефон қўнғироғидир. Бу тингловчимиз ҳам Бешариқ туманидан.

Нишонбой Ўрозалиев: Бешариқ тумани¸ Деҳқонзода қишлоғидан. Иккинчи гуруҳ ногирони Ўрозалиев Нишонбой. Менинг энди ишим бор. Менга ëрдам берасизлар. Суд тўғрисидада.

Озодлик: Бемалол гапираверинг.

Нишонбой Ўрозалиев: Суд менга билдирмасдан сохта қарор чиқариб¸ менинг уй-жойимни олиб қўйибди.

Озодлик: Ким олиб қўйди?

Нишонбой Ўрозалиев: Акамда. Боласининг номига ўтказиб қўйибди.

Озодлик: Ўзингизни туғишган акангизми?

Нишонбой Ўрозалиев: Ҳа¸ ўзимнинг акам.

Озодлик: Кейин судга бордингиз.

Нишонбой Ўрозалиев: Судга бордим. 2007 йил 20 сентябрда фуқаролик ишлари бўйича суд раиси Ҳамиджон Исмоилов суд қилди. Шу судда 47/7 қарори билан участка берилган деб мендан олиб қўйди.

Озодлик: Нимага олиб қўйди? Балки бу акангизни ҳаққидир?

Нишонбой Ўрозалиев: Йўғе¸ акамнинг ўзининг уй-жойи бор. У ота-онамиздан қолган уйнинг 10 сотихига уй-жой солиб чиқиб кетди. Менинг олдимда 6 сотих бор эди. Ўшани қарор чиқартириб олиб олибди.

Ҳозир қаëққа боришимни¸ нима қилишимни билмаяпман. 3 йилнинг ичида республика прокурорига¸ президент девонига¸ “Халқ сўзи” газетасига¸ “Инсон ва қонун” журналига¸ сенаторлардан Мавжудахон Ражабовага¸ адлия вазирлигига 120 марта ëздим.

Ëзмаган жойим қолмади. Ҳеч қайси инобатга олмаяпти. Мана шу хатларнинг жавоби ўзи¸ ҳаммаси турибди.

Жуда қийналаяпманда¸ қизим. Бирорта мухбирингиз бўлса¸ бизнинг қишлоққа жўнатиб юборсангиз¸ илтимос демоқчи эдимда.

Фарғона вилоятининг Бешариқ туманидан бизга сим қоққан пенсионер Нишонбой Ўрозалиев унинг отадан мерос қолган ҳовлисини тортиб олган ўз акасидан арз қилди. Бу ҳам айни мазмундаги ягона мурожаат эмас. Йил давомида бундай мурожаатлар жуда кўп бўлди.

Нишонбой аканинг ҳаққини ҳимоя қилаётган адвокат Салоҳиддин Низомиддинов бундай ҳолатларни турмушнинг тобора оғирлашиб бораётгани билан изоҳлар экан, муҳими, қариндош-уруғи билан жанжалдан эзилган фуқароларни камига маҳаллий ҳукумат органлари ҳам, одатан, норози қилади, дейди.

Салоҳиддин Низомиддинов: Кейинги пайтда одамлардан оқибат сал узоқлашди шекиллида. Илгаригидай эмас. Бу акам эди¸ бу укам эди деган нарсалар узоқлашаяпти шекиллида. Замон шунақа бўлаяптида. Ҳозир ҳамма ҳаëтнинг қийинчилигига бораяптида.

Озодлик: Дейлик озгина қийинчилик билан ака-уканинг ўртасида оқибат кетгандир. Нимага бу масалани маҳаллий судлар¸ фуқаролар йиғинлари ҳал қилиб бермаяпти?

Салоҳиддин Низомиддинов: Бошида қуйи судга ўша ҳужжатни қонунан тақдим қилиб олиш керакда. Булар ë шошиб қолаяпти ëки ҳал қиламан деб қонунни тушунмай қолаяпти.

Суд билан талашганда ҳам анча оқибатларини ўйлаб¸ ҳужжатларни талаб қилиб олиш ҳуқуқи борку. Мен оддий фуқаро билан адвокатнинг анча фарқи бор демоқчиманда.

Йил давомида биз билан суҳбатда бўлган кўплаб ҳуқуқшунослар, кузатувчилар аксар ҳолларда судяларнинг порахўрлиги ва судя адолат томонга эмас, балки пул берган томонга оғиши кузатилишини айтади. Зеро, бу ҳеч биримизга сир эмас.

Агар хулоса қилинса, 2008 йилги “Тингловчи минбари” эшиттириши ундан аввалги йиллардаги эшиттиришларимиз умумий мазмунидан катта фарқ қилмади.

Иқтисодий қийинчиликлар, қонунбузарликлар, амалдорлар порахўрлиги, судларнинг сансалорлиги ва бундан арз қилиб, бизга боғланаётган тингловчиларнинг ўзи яшаётган юртда адолат қарор топишига бора-бора ишончи йўқолаётгани кузатилди.

Аммо, ўз муаммолари ҳал қилинишига умид қилиб бизга боғланаётган барча тингловчиларимиз истакларига қўшилган ҳолда ният қиламизки, 2009 йил якунларига бағишланган “Тингловчи минбари” эшиттиришининг хулосаси аввалгиларидан яхши, ёруғ ва хурсанд қиладиган хулоса бўлади.

Яна бир бор йил давомида бизга мактуб ёзган, қўғироқ қилган, вақт ажратиб жойлардаги мухбирларимиз билан учрашган барча-барча тингловчиларимизга ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз ҳамда сизнинг мушкулингизни имкон қадар осон қилиш, муаммоларингизни ҳал қилиш йўлида доимо хизматингизда бўлишга астойдил ҳаракат қиламиз.
XS
SM
MD
LG