Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 07:14

Ойдин кўчалар...


70-80-йиллар Ўзбекистонида Муҳаббат Шамаева энг машҳур хонандалардан бири эди.
70-80-йиллар Ўзбекистонида Муҳаббат Шамаева энг машҳур хонандалардан бири эди.

Чодирхаëлнинг “Таниш қўшиқлар” деб номланган саҳифаси бугун 1964 йилда ижро қилинган “Кўчалар” қўшиғига бағишланади.

1964 йилда кинорежисссер Али Ҳамраев ëзувчи Раҳмат Файзий сценарийси асосида “Ëр-Ëр” фильмини суратга олди.

Бу фильмда ижро қилинган "Кўчалар" қўшиғи ва унинг ижрочиси Муҳаббат Шамаева эл орасида бирдан машҳур бўлди.

Шоир Туроб Тўла ëзган анчайин жўн сатрлар Муҳаббат Шамаеванинг жозибали овози билан хит қўшиқ шамойилига кириб¸ тилларга тушди.

Муҳаббат Шамаева айтган “Кўчалар” қўшиғи шу қадар машҳур бўлдики¸ ҳатто Хоразмда яшайдиган бир қизалоқ шу қўшиқни айтган аëлни ўз кўзим билан кўрмагунча ўрнимдан турмайман¸ деб касал бўлиб ëтиб олди.

Қизалоқнинг отаси минг километр йўл юриб¸ қизини Муҳаббат Шамаева билан учраштиргани айтилади.

70-йиллар бошидаги Тошкент манзараси.
Кўчалар¸ ойдин кўчалар¸
Бунча ҳам гўзалсиз
қайдин кўчалар?
Тағин у ўтдими,
Ўша бепарво?
Кўнгиллар соҳиби,
айтинг, кўчалар...




Муҳаббат Шамаева "Кўчалар" қўшиғини ижро қилганидан кейин нафақат тингловчилар меҳри¸ балки ҳукумат ардоғига ҳам эга бўлди.

Шамаевага бирин-кетин "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист", сўнгра эса "Ўзбекистон халқ артисти" унвонлари лойиқ кўрилди.

Ўзбекистондаги яҳудийлар оиласида туғилиб¸ катта бўлган ва ўзбек замонавий мусиқа оламида Муҳаббат исми билан танилган бўлишимга қарамасдан асли исмим Люба¸ дейди суҳбатдошимиз.

Муҳаббат Шамаева: Ўзи менинг исмим Люба Шамаева. Лекин менинг тахаллусим Муҳаббат Шамаева.

Муҳаббат Шамаева ижросидаги "Ўрик гуллаганда", "Гул диёрим", "Кўчалар", "Уяламан", "Тошкент наҳори", "Бухоро", "Келди тонг билан бир наво..", қўшиқлари¸ ўзбек замонавий мусиқаси шаклу-шамойилини белгилайдиган асарлар сифатида тарихда қолди.

Муҳаббат Шамаевага телефон қилганимиз яҳудийларнинг Ҳанукка¸ яъни ëруғлик байрами қутловига тўғри келди. Бу байрам насронийларнинг мавлуд байрами ва янги йил байрамлари билан деярли бир ҳафтага тўғри келди.

Бундан икки ҳафта олдин эса мусулмонлар қурбон ҳайитни байрам қилишган эди. Хуллас қўша-қўша байрамлар.

Муҳаббат Шамаева: Худога минг марта шукур меҳмонлар келишаяпти. Бугун ўғилларим¸ қизларим¸ невараларим¸ ҳамкасбларим¸ дугоналарим меҳмон бўлишади. Чойхона ошини қилаяпмиз. Ëнимизда кўк чой. Чак-чак дейсизми¸ норин дейсизми¸ сомса дейсизми ҳамма нарса бор. Келинг¸ сиз ҳам меҳмон бўлинг.

Шамаева хоним бу йилга Ҳанукка байрамини умр йўлдоши Илëс Маллаевсиз кутаëтганини айтиб қайғурди. Илëс ака оламдан ўтса ҳам¸ унинг хотираси қалбимда¸ дер экан Муҳаббат опа мана бу сатрларни ҳам ўқиди.

Меҳрибонликдин саодат айлаган ўзбек эрур¸
Меҳр ила шафқатни одат айлаган ўзбек эрур¸
Доимо белбоғ белида¸ тер тўкиб меҳнат қилиб¸
Ўлкани боғи-малоҳат айлаган ўзбек эрур.

Нотаниш бир кимсани кўрганда эшик олдида¸
Кимлигин сўрмай зиëфат айлаган ўзбек эрур¸
Қизлари ўғлонларига чин ҳаë дарсин бериб¸
Соҳиби ақлу-заковат айлаган ўзбек эрур.

Муҳаббат Шамаева барча тингловчиларни янги йил билан табриклади.

Муҳаббат Шамаева: Янги йилда янги муваффақиятлар тилайман. Тинчлик бўлсин¸ саломатлик бўлсин. Янги ижодлар¸ янги бахтлар тилайман.

Муҳаббат Шамаева 1992 йилдан бери Ню-Йоркнинг яҳудиялар яшайдиган Квинс маҳалласида яшаб келади.

Агар Ўзбекистон билан солиштирганимизда¸ Квинс маҳалласидаги кўчалар анчайин обод кўринади.

Шу ўринда Шамаевалар оиласини чирпирак қилиб учириб Ўзбекистондан Ню-Йоркка элтган давр шамолларини ҳам эсласак.

Ўтган асрнинг 70- йилларида халқ орасида Шамаевалар ҳақида турли миш-мишлар урчий бошлади.

Муҳаббат Шамаева Исроилнинг жосуси эмиш¸ Муҳаббат Шамаева давлат сирларини сотаëтган пайтда қўлга олинган эмиш¸ Муҳаббат Шамаевага америкалик жосус гулдастага антисовет варақа ўраб берган эмиш ва ҳоказо.

Одатда бу миш-мишлар эрталаб айтилар ва кечқурун Муҳаббат Шамаева телевизорга чиқиши биланоқ¸ ëлғонлиги фош бўлиб тумандек тарқалиб кетар эди.

Муҳаббат Шамаева ўзбек қўшиқчилигининг ўзбеклардан-да номдорроқ устасига айланган эди.
Аммо 90- йиллар бошида Шамаевлар оиласи АҚШга ҳижрат қилишди.

Улар антисемитизм таъқибларидан зада бўлган сиëсий қочқинлар мавқеида Ўзбекистонни тарк қилишди.

Ню-Йорк таймс газетасига интервью берган Муҳаббат Шамаеванинг турмуш ўртоғи Илëс Маллаев¸ Ўзбекистонда маиший антисемитизмдан жабр кўргани ва мусулмонларнинг ола қарашларидан зада бўлганини таъкидлайди.

Ўлимидан олдин Озодлик радиосига берган интервьюсида эса Илëс Маллаев Ўзбекистон халқидан миннатдор эканлигини шеър билан айтган эди.

Муқаддас Ўзбекистоним шараф-шонингга қойилман¸
Зафар бирла эришган давру-давронингга қойилман¸
Муяссар этди истиқлол қуëшига улуғ халқинг¸
Бугун оламга достонсан¸ бу достонингга қойилман.

Гўзал Тошкент¸ Наманган¸ Андижону Марғилон Жиззах¸
Самарқанду¸ Бухорою Зарафшонингга қойилман¸
Ëзарман кўп ғазаллар Ўзбекистон васфини куйлаб¸
Жаҳон айтсинки¸ Илëсдек ғазалхонингга қойилман.

Бу гапларнинг қайси рост¸ қайси ëлғонлиги қиëматга қолди. Қиëматга эса биз қози эмасмиз.

Биз бугун Муҳаббат Шамаева айтган қўшиқлар жозибасининг йиллар синовига бардош бергани ҳақида гапирдик.

Ростдан ҳам у гўзал чоғлар ¸ ойдин кўчалар ҳақида Муҳаббат Шамаевадан ҳам яхшироқ айтган ашулачи бормикан?

Кўчалар¸ кўчалар¸
ойдин кўчалар¸
Бунча ҳам гўзалсиз¸
қайдин кўчалар?
Тағин у ўтдими,
Ўша бепарво?
Кўнгиллар соҳиби,
айтинг, кўчалар...
Кўчалар, кўчалар,
ойдин кўчалар.
XS
SM
MD
LG