Линклар

Йўлда солиқ йиғиш кучайди


Ўзбекистон Давлат автомобил назорати хизмати ходимларининг таъмагирликлари ҳақидаги ҳикоялар халқ оғзидан тушмайдиган мавзулардан бири.

Ўзбекистон Давлат автомобил назорати хизмати ходимларининг таъмагирликлари ҳақидаги ҳикоялар халқ оғзидан тушмайдиган мавзулардан бири.

Сўнгги кунларда Ўзбекистоннинг деярли барча асосий йўлларида йўл ҳаракати устидан кучли назорат ўрнатилган.

Айтилишича¸ ҳукумат бўшаб қолган давлат ғазнасини шу йўл билан тўлдириш пайида.

Айниқса, Тошкент-Термиз магистрал йўлининг аҳоли яшайдиган ҳудудларидан ўтувчи айрим участкаларида деярли ҳар бир километрда йўл-патрул хизмати (ЙПХ) ходимлари навбатчилик қилаётганини кўриш мумкин.

Шунингдек, аҳоли яшаш пунктларида ҳам кўплаб ЙПХ ходимларини учратиш мумкин. Ҳатто участка нозирларига ҳам ўз ҳудудларидаги автомобил қатнови устидан назоратни кучайтиришга буйруқ берилгани айтилмоқда.

Кузатувчиларга кўра, бу ҳар йили янги йил арафасида кўриладиган анъанавий тадбир бўлиб, йўлларда турли кўнгилсизликларни камайтириш мақсадида ўтказилади.

Ўзбекистонда турли байрамлар арафасида йўлларда назорат кузатилиши анъанавий тус олган. Чунки айнан шу даврда, ЙПХ ходимларининг айтишича, йўл қоидаларини бузиш ҳолатлари кўпаяди. Айниқса, ичиб машина ҳайдаш каби қўпол қоидабузарликлар кўпайиши айни шу даврга тўғри келади.

Лекин янги йил арафасида йўл ҳаракати назоратини кучайтиришга қараталган бу галги тадбирлар аввалги йиллардагидан фарқ қилмоқда. Бунга жаҳонда ҳукм сураётган молиявий инқироз омили ҳам аралашган кўринади.

"Илгари қоидабузарликка йўл қўйсангиз юз фоиз ҳолатларда ЙПХ ходимига пора бериб, бемалол ҳайдовчилик гувоҳномангизни қайтариб олиб, йўлингизда давом этаверардингиз",- дейди ўз хусусий машинасида таксичилик қиладиган ҳайдовчи Мансур ака.

- Кейинги ўн кунлардан бери ЙПХ ходимлари билан тил топишиш қийин бўлиб қолди. Қарийб 70 фоиз ҳолатларда улар қоидабузарликни расман қайд этиб, дарҳол баённома тузяпти. Нима эмиш, дунёда инқироз сабабли бюджет бўшаб қолибди.

Йил охирида бюджетда камомад бўлмаслиги учун уриб жарима ёзиб ётишибди. Шундай қилмаса ишдан ажраб қолиши мумкин-да.

Шахсан бош вазир Шавкат Мирзиёев бир мажлисда ЙПХни роза тузлабди. Шунинг учун улар ҳам тўхтатган машинасига жарима ёзиб ётибди. Ҳайдовчи билан келишиб, порасини олиб, индамай қўйиб юбораётгани ҳам бор. Лекин аввалгидек эмас, дейди Мансур ака.

Бошқа маълумотларга кўра, Ўзбекистон йўлларида назоратнинг кучайтирилиши йўл ҳаракати қоидаларини бузиш, айниқса, автоҳалокат оқибатида ўлим ҳолатлари жуда кўпайиб кетгани билан боғлиқ.

Кўп йиллик иш стажига эга ҳайдовчи Абдувоҳид аканинг сўзларига кўра, ҳақиқатан ҳам сўнгги вақтларда қоидабузарлик жуда кўпайиб кетди.

- Бунга автомобиллар сони кўпайгани асосий сабаб эмас, деб биламан. Қоидабузарлик кўпайганига бош сабаб ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқиб олаётганлар камайиб кетганидадир. Рулда ўтирганларнинг 80 фоизи гувоҳномани сотиб олганлар.

Ўқимасангиз ҳам 100 долларга “В” тоифа (асосан, енгил автомобил ҳайдаш ҳуқуқини берувчи) гувоҳномани бемалол сотиб ола оласиз.

2-3 йил енгил автомобил ҳайдаган бўлсангиз 700 минг сўмдан 1 миллион сўмгача пора бериб “D” тоифа (автобус ҳайдаш ҳуқуқини берувчи) гувоҳномани ҳам сотиб олиш мумкин.

Бундай бўлгандан кейин қоидабузарлик кўпаймай, нима кўпайсин, дейди Абдувоҳид ака.

Кўпгина ҳайдовчилар эса¸ автоҳалокатлар сони ортиб бораётганига йўлларнинг жуда ёмон аҳволга келиб қолганини сабаб сифатида келтиради.

Бундай иддаоларга асос ҳам бор. Вилоятлар четда турсин¸ пойтахт Тошкентнинг ўзида ҳам талабга жавоб бермайдиган юзлаб километр йўл бор.

Масалан, Чилонзор метросидан Ал-Хоразмий мавзесига олиб борадиган йўл ёки Ширин кўчасидан юрган ҳар қандай ҳайдовчи ҳукуматни бир сўкиб олади.

Кузатувчилар фикрича, йўлларда назорат қанчалик кучаймасин, кўчалар талаб даражасига келтирилмас ва ҳайдовчилик гувоҳномасини ўқимай сотиб олиш ҳолатларига чек қўйилмас экан, қоидабузарликлар яқин орада камаймайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG