Линклар

Покистон-Ҳиндистон: муносабатлар таранглашмоқда

  • Ҳасанжон

Покистон Ҳиндистон билан чегарадош ҳудудларда аскарлар сонини кўпайтираяпти.

Покистон Ҳиндистон билан чегарадош ҳудудларда аскарлар сонини кўпайтираяпти.

Покистон ҳарбийлари қўшинларнинг бир қисми Афғонистонга чегарадош бўлган Вазиристон вилоятидан Ҳиндистон чегараси яқин бўлган Касур ва Сиалкот шаҳарларига кўчирилаётганини билдирди.

Покистон расмийлари бу мудофаа мақсадида амалга оширилаётган кичик бир тадбир эканини таъкидлаётган бўлса ҳам, бу икки қўшни давлат ўртасидаги муносабатлар таранглашаётгани белгиси сифатида талқин қилинмоқда.

Ҳиндистон ўтган ой Мумбай шаҳрида амалга оширилган террор ҳужумлари учун покистонлик жангариларни айблаган. Мувофиқлашган ҳолда уюштирилган террор ҳужумлари оқибатида 170 дан зиёд одам халок бўлган эди.

Покистон эса Ҳиндистондан ишончли далиллан кўрсатишни талаб қилган. 27 декабрь куни Покистон Бош вазири Юсуф Риза Жилоний ўз мамлакати қўшни давлат билан уруш олиб боришни хоҳламаслигини аммо босқинга қарши туришга тайёр эканини айтди.

Собиқ Бош вазир Беназир Бхутто ўлдирилганининг бир йиллигини хотирлаш учун ўтказилган маросимда сўзлаган Жилоний дўст мамлакатлар Ҳиндистонни агрессия уюштирмасликка кўндириш учун бор имкониятни ишга солаётганини айтди.

- Аммо бизнинг қуролли кучларимиз юқори малакали профессионал ҳарбийлардан иборат. Улар ҳар қандай вазиятга тайёр ва мен сизларни яна бир бор ишонтириб айтаманки, биз биринчи бўлиб ҳаракат қилмаймиз. Биз фақат жавоб берамиз, – дея баёнот берди Покистон бош вазири.

Хабарларга кўра, Покистон ҳарбийлари Ал-Қоида ва Толибон жангарилари хавфсиз бошпана топгани айтилаётган Афғонистон билан чегарадош Вазиристон вилоятидан йигирма минг аскарни Ҳиндистон чегараси яқинига кўчиришни режалаган.

Айни пайтда Покистоннинг ўз қўшинларини Вазиристондан бошқа минтақага кўчириши қабилалар яшайдиган минтақада Ал-Қоида ва Толибон жангариларига қарши АҚШ етакчилигида олиб борилаётган аксилтеррор кампаниясига путур етказиши мумкинлиги айтилмоқда.

Бироқ Исломободдаги юқори лавозимли расмийлар қўшинлар қайта жойлаштирилиши АҚШ етакчилигидаги аксилтеррор амалиётларига таъсир этмаслигини таъкидлаган.

АҚШ икки қўшни давлатни вазиятни кескинлаштирмасликка чақирди. АҚШ Миллий хавфсизлик кенгаши матбуот вакили Гордон Жондроу Вашингтон расмийлари икки томон кескинликни юзага келтириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатдан ўзини тийишига умид қилаётганини айтди.

Жондроу сўзига қўшимча қилиб АҚШ Покистон ва Ҳиндистон билан мулоқотни давом эттиришини айтди.
XS
SM
MD
LG