Линклар

Пора беришдан талаба ҳам манфаатдор

  • Шерзод

Ўшлик талабаларнинг айримлари ўқиш ўрнига Россияда ишлаб топган пулларига диплом сотиб олишни афзал билар эканлар.

Ўшлик талабаларнинг айримлари ўқиш ўрнига Россияда ишлаб топган пулларига диплом сотиб олишни афзал билар эканлар.

Қирғизистон жанубидаги олийгоҳларда порахўрликнинг авж олишига ёшларнинг ўз ҳуқуқларини билмаслиги ва пора беришдан манфаатдор экани сабаб бўлмоқда.

“Ўш шаҳар ёшлари академик ҳақгўйлик учун” лойиҳасиси асосида ўтказилган тадқиқот натижасида мана шундай хулосага келинди. Бу лойиҳа Қирғизистондаги Интербилим халқаро ташкилоти томонидан молиялаштирилган бўлиб, унда асосан талабалар иштирок этдилар.

-Порахўрлик адолатсизлик муаммосинигина эмас, бир қатор иқтисодий, сиёсий ва маънавий муаммоларни ҳам юзага келтиради. Порахўрлик кўринишлари асосан мамлакат олий ўқув юртлари ва юқори лавозимларда ишловчи амалдорлар орасида кенг тарқалган. Бу эса билим бериш даражасининг, мутахасислар малакасининг, жамоатчилик онгининг пасайишига, давлат бошқаруви самарадорлигининг сусайишига олиб келади.

Олий ўқув юртларида муаммонинг пайдо бўлишига асосан талабаларнинг ўз ҳуқуқларини билмаслиги, ўқишни истамаслиги ва порахўрликдан талбаларнинг манфаатдорлиги сабаб бўлмоқда, - деди Лойиҳа раҳбари Тимур Иминов.

“21 аср ёш таъсисчилари” жамоатчилик фондининг президенти Туголбай Абдумаликов мамлакат мафкурасининг сустлиги сабабли порахўрлик ёшлар онгига сингиб бораётганидан хавотир билдиради:

-Ёшлар орасида “Ўқисанг ҳам пора берасан, ўқимасанг ҳам”, деган тушунча жуда кенг ёйилган экан. Шунинг учун талаба ёшларнинг айримлари, масалан, Россияга бориб бир йил ишлаб келиб, йиққан пулларидан бир қисмини диплом олиш учун порага бермоқдалар. Хатто диплом ишларини ҳам пул бериб ёздирмоқдалар.

Биз мана шундай нуқтаи назардаги талабаларга уларнинг фикри нотўғри эканини исботламоқчи, ёшларнинг орасида ҳам адолат, тўғрилик учун курашувчилар бор эканини кўрсатмоқчи бўлдик. Бунинг учун шаҳар кўчаларида тинчлик митинги ва юришларни ташкил қилдик, -деди Туголбай Абдумаликов.

Лойиҳа иштирокчиларидан бири Эдил Айбашов олий ўқув юртларида авж олган порахўрлик кўринишларига ўқитувчилар маоши миқдорининг озлиги ҳам сабаб бўлмоқда, деб ҳисоблайди.

- Олий ўқув юртларида порахўрликнинг авж олиши Қирғизистондаги иқтисодий вазиятга ҳам боғлиқдир. Чунки ўқитувчининг маоши тирикчиликка етмайди. Шунинг учун ҳам ўқитувчи “агар талаба яхши ўқимаса унга баҳо қўйиш учун пул олсам бўлаверади”, деб виждонини алдайди,- деди Эдил Айбашов.

Лойиҳа иштиркочиларига кўра, порахўрликка қарши кураш ишига 1шларни жалб қилиш жараёни 2009 йилда ҳам давом этади. Мана шу мақсадда халқаро донор ташкилотларга янги лойиҳа тақдим этилган.

“Иккинчи лойиҳамиз доирасида биз билим бериш тизимини ислоҳ қилиш ва порахўрликка қарши жазони кучайтириш бўйича хукуматга таклифлар киритмоқчимиз”, дедилар лойиҳа муаллифлари.
XS
SM
MD
LG