Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:06

ЎИҲ аъзоси Душанбега топширилди


Афғонистонда муаммолар етарли, лекин расмий Кобул қўшни давлатлардан қочиб мамлакат ҳудудига яширинган жиноятчиларни топиши ишида қўшни давлатлар билан ҳамкорликка ҳаракат қилаётир
Афғонистонда муаммолар етарли, лекин расмий Кобул қўшни давлатлардан қочиб мамлакат ҳудудига яширинган жиноятчиларни топиши ишида қўшни давлатлар билан ҳамкорликка ҳаракат қилаётир

Ӯзбекистон исломий ҳаракатининг Тожикистондаги маҳаллий раҳбарларидан бири экани айтилаётган Анваржон Қаюмов Афғонистонда қӯлга олинган.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Бўриевнинг Озодлик радиосига маълум қилишича, Исфара туманида яшаган қирқ бир ёшли Анваржон Қаюмов Ўзбекистон исломий ҳаракатининг Исфара туманидаги гуруҳига раҳбарлик қилган. Афғонистон ҳудудида қўлга олинган Анваржон Қаюмов 27 декабр куни Тожикистон ихтиёрига топширилган.

-Ўзбекистон исломий ҳаракати экстремистик ташкилоти гуруҳига етакчилик қилган Анваржон Қаюмов Афғонистон ҳудудида ҳам бир қатор оғир жиноятлар содир этиб, бу мамлакат ҳуқуқ-тартибот ходимлари тезкор гуруҳи томонидан қўлга олинган.

Бунга қадар Исфара туманида ҳам кўплаб оғир жиноятларда иштирок этган, жумладан, милиция ходимлари жонига қасд қилишда гумонланган Анваржон Қаюмовга нисбатан Тожикистон Бош прокуратураси жиноят иши қўзғатган эди,-деди Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси матбуот хизмати бошлиғи Нозиржон Бўриев.

Миллий хавфсизлик қўмитаси ходимига кўра, Ўзбекистон исломий ҳаракати фаоли жорий йил ноябр ойида Тожикистон ва Афғонистон махсус хизматларининг ахборот алмашинувини йўлга қўйиш, террорчилик, айирмачилик ҳамда наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашишга доир ҳамкорлик борасида имзоланган битим асосида Тожикистон ихтиёрига топширилди.

Унга кўра, Тожикистон ва Афғонистон Миллий хавфсизлик қўмиталари жиноятда гумонланиб қидирувга берилган шахслар рўйхатини бир-бирларига тақдим этганлар.

-Келгусида бу борадаги ҳамкорлик янада мустаҳкамланади ҳамда Тожикистон ҳудудида оғир жиноятлар содир этганликда гумонланаётган, лекин Афғонистонда яшириниб юрган жиноятчиларнинг барчаси албатта Душанбега топширилади,-дея ишонч билдирди Нозиржон Бўриев.

Бироқ мустақил кузатувчи Ҳикматулло Сайфуллозода Тожикистон ва Афғонистон ўртасида жиноятчиларни топширишга доир ҳамкорликнинг давомийлигига ишониш қийин деган нуқтаи назарни билдиради.

-Аммо шунга қарамай Афғонистондаги вазиятнинг барқарорлашувини кутиб ўтирмасдан бу борада ҳамкорликни давом эттириш зарур.
Чунки жиноятчилар бундан фойдаланиб ўз ҳаракат доирасини янада кенгайтириши, минтақанинг бошқа давлатларига ҳам хавф туғдириши табиий. Шуни назарга олган ҳолда, ҳар бир фурсатдан унумли фойдаланиб қолиш зарур,- дейди мустақил кузатувчи Ҳикматулло Сайфуллозода.

Ўзбекистон билан ҳам шартнома имзоланган, натижа эса йўқ

Жорий йил июл ойида Тожикистон ва Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизматининг чегараларни қўриқлаш қўмиталари ходимлари ўртасида ҳам террорчилик, айирмачилик ва наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашиш, ўзаро ахборот алмашинуви ҳамда жиноятчиларни топшириш борасида ҳамкорликни йўлга қўйишга келишиб олинган эди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасидан олинган маълумотларга кўра, ўтган беш ой давомида мана шу шартномага асосланган ҳолда Ўзбекистон томонидан қидирувда бўлган уч нафар шахс Тожикистонда қўлга олинган ва Тошкентга топширилган. Ўзбекистоннинг Сурхандарё вилоятидан бўлган бу уч шахс наркотик савдосида гумонланиб, Тожикистон ҳудудида яшириниб юрган экан.

Тожик махсус хизматининг маълум қилишича, ўтган беш ой мобайнида Тожикистон қидирувга берган бирорта жиноятчи Ўзбекистонда қўлга олиниб, Душанбега топширилмаган.

Тожикистон Бош прокурори Бобожон Бобохонов ўз оммавий чиқишларида доимо Ўзбекистон томони бу борада Тожикистон билан ҳамкорлик қилмаётганидан норозилик билдириб келади:

- Мустақиллик даврининг ўтган 15-16 йилида Ўзбекистон бирорта жиноятчини экстрадиция қилгани йўқ. Ҳолбуки Тожикистондан қочган жиноятчиларнинг аксарияти Ўзбекистонда яширинган, жумладан, Маҳмуд Худойбердиев ҳам,- деган эди матбуот анжуманларидан бирида Бош прокурор.

Мустақил кузатувчи Ҳикматулло Сайфуллозода эса қўшни Ўзбекистон билан Тожикистон ўртасида бу борадаги ҳамкорликнинг суст эканлиги сиёсий сабабларга боғлиқ, деган фикрда.

- Бунга Ўзбекистон билан Тожикистон ҳукуматлари ўртасида сиёсий алоқаларнинг йўқлиги ва икки давлат раҳбарлари бир-бирларида душман тимсонлини кўраётгани сабаб бўлаётир,- деди Ҳикматулло Сайфуллозода.

XS
SM
MD
LG