Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 03:26

“Сени севгим келаверади...”


Ўзбекистоннинг катта ҳофизлари ҳам тазйиққа учраб¸ халқ назаридан панага ташланган бир кезда¸ ëш ўзбек хонандалари куйлаш оҳанг ва услубларини ташқи дунëдан ижарага олишга уринмоқда.
Ўзбекистоннинг катта ҳофизлари ҳам тазйиққа учраб¸ халқ назаридан панага ташланган бир кезда¸ ëш ўзбек хонандалари куйлаш оҳанг ва услубларини ташқи дунëдан ижарага олишга уринмоқда.

2008 йилда Ўзбекистон радиостанциялари хитларида энг юқори ўринни эгаллаган 10 қўшиқ орасида азалий ва абадий мавзу - муҳаббатга бағишланган қўшиқлар яна кўп бўлди.

2008 йили ўзбекистонлик мухлислар олқишига сазовор бўлган ёш хонандалар қўшиқлари орасида турли жанр, турли савия ва йўналишдаги хонишларни топиш мумкин.

Йил давомида Ўзбекистон FM-радиостанциялари рейтингида юқори поғоналарни забт этиб келган қўшиқлар ичида анъанавий, яъни ўзбекча оҳанг устиворлик қилган қўшиқлар ҳам талайгина.

Ақлимни олар ҳусну жамолинг,
Кимларга ҳавас қадди камолинг,
Бағримни ёқиб дарду аламдан,
Бошингда ёнар пушти рўмолинг...

Достон Убайдуллаев ижросидаги “Ақлимни олар” қўшиғида ўзбек қўшиқчилигидан кундан-кунга чекиниб бораётган анъанавий миллий оҳангларнигина эмас, балки ўзбек қизлари аксессуаридан тобора йўқолиб бораётган “пушти рўмол”ни ҳам топишингиз мумкин.

Миллий оҳанглар хонандалар ҳамкорликда ижро этаётган дуэтларда ҳам учраб турибди.

Диққатга сазовор жойи шуки, ўзбек дуэтчилари борган сари “жасоратли”роқ бўлиб бораяптилар. Дейлик, Ойбек ва Нигора “Соғингдингми ман қурғурни” дея куйлашдан чўчимаптилар.

Улар нимадан чўчишлари керак, дейсизми? Ҳамма гап ўша “қурғур”да. Чунки уларнинг момолари бировга “қурғур” деб эмас, ўта эҳтиёткорлик билан “қурмағур” дея танбеҳ берганлар.

...Биз бошқача ярашардик, соғиндингми ман қурғурни...

“Қаҳри келиб севги ғурури” каби тумтароқ сўзлар занжирига қурилган бу қўшиқни таҳлил қилиб ўтирмаймиз.

Чунки сиз: “Ҳар ҳолда, бу бировнинг қўшиғини ўғирлаб айтишдан кўра яхшироқ”, дея эътироз билдиришингиз мумкин. Балки сиз ҳақдирсиз…

Айни пайтда ўзбек хонандалари қардош эллар қўшиқларидан илҳом олишдан ҳам чарчамаяптилар.

Масалан, “Мени сев” дея хониш қилаётган Манзура турк хонандаси Сердар Ўрташнинг “Дансўз” қўшиғидан илҳомланибгина қолмасдан, мазкур қўшиқнинг бир қисмини “ижара”га ҳам олибди.

“Ижарага олинган оҳанглар”ни хонанда Райҳоннинг “Ёнимда” қўшиғида ҳам илғаш мумкин.

Аммо ўзбек хонандалари бошқа миллат вакиллари қўшиқларидан таъсирланибгина қолмасдан, уларни таъсирлантиришга ҳам уринмоқдалар.

Дейлик, ўзбек хонандаси Шаҳзоданинг "1000 и одна ночи" қўшиғи шу кунларда Россиядаги мусиқа шинавандалари томонидан ҳам юқори баҳоланмоқда.

Эътибор қилган бўлсангиз, ўзбек радиостанциялари рейтингларида юқори ўринларни забт этиб келаётган қўшиқларнинг аксарияти абадий мавзу бўлмиш МУҲАББАТ тараннумига бағишланган.

Ўзбекистонлик Жаҳонгир бундай “серсевги” қўшиқларнинг мухлислар қалбини забт этаётгани сабаблари сабабини изоҳлашга уринди:

- Юқорида санаб ўтилган хонандалар айнан ҳаётий тароналарни ижро этишгани сабабли ёқаяпти, менимча. Ўзбек халқи учун асосан муҳаббат мавзуси, менимча, кўпроқ ёқса керак, деб ўйлайман. Бу ўзбек халқида меҳр-оқибат, шунга ўхшаш ҳис-туйғулар кўпроқ ривож топгани учундир, дейди Жаҳонгир.

Аммо ўзбек жамиятида ижтимоий муаммоларни акс эттириш учун ҳам мавзу тўлиб ётибди. Нега қўшиқчилар, агар ватанпарварлик мавзусида айтилган беш-олтита зўраки қўшиқларни ҳисобга олмаса, ижтимоий мавзуда қўшиқ куйламайдилар?

Бу саволга ўзбекистонлик муштарийларимиздан бири Бобурдан жавоб олдик:

- Бугунги кунда чўкиб кетмаслик учун пул келтирадиган қўшиқ айтиш керак. Ўлдим-куйдим, тўйингга бориб, тўйиб йиғлайман... Энг оғир мавзу - ўзбек қўшиқчилигида енгилганлик, синганлик мавзуси.

Мана¸ ёшларнинг жуда катта юлдузи Шоҳруҳ реппернинг қўшиқларида ўз ёрига эришмаганидан ўша нарсага тан бериш, “мана, гап йўқ, сени олиб кетишди, кучли жойга узатишди, тўйингга бориб тўйиб йиғладим” дея куйлайди.

Бу дегани ўзбек халқида тан бериш, енгилиш одатини, ҳиссини уйғотиш. Бу энг ёмон нарса, - дейди Бобур.

Аммо суҳбатдошимиз ўз сўзида ўзбек репперлари қўшиқлари борасида бироз муболаға қилди-ёв. Чунки улар ўқиётган репларда онда-сонда бўлса ҳам ижтимоийнамо мотивлар қулоққа чалиниб қолади.

... Мани элим, элатим, ой эгнидаги гўзал аҳлоқ деган либоси бор миллатим, қўлини кўксига доим босган ўзбегим, мани элим, ғурурим... ва ҳ. ва ҳ.
... Бу ерларни кезди бўлиб ҳар ён аҳли ҳароботийлар, девонаи машойих атолар, Ибн Сино боболарим, ҳазрати Нақшбанд, дарожоти улуғлар, балогардонлар, ҳоввв... ва ҳ. ва ҳ.

Албатта¸ бу қўшиқ халқнинг буюк мутафаккирлари бўлмиш Ибн Синою Нақшбандийларга ёқармиди-йўқми – бу масаланинг бошқа томони.

Муҳими, бу ерда ижтимоий мавзу кўтарилган ва халқнинг “қўли доим кўксида” эканию “мудом хотиржамлиги” тўғрисида “азалий ҳақиқатлар” айтилган.

Кириб келаётган 2009 йилда ўзбек хонандаларининг янада сермазмун ва сержило қўшиқлар ишро этишини тилаб қоламиз.
XS
SM
MD
LG