Линклар

logo-print

Ўзбекистон матбуот кўзгусида


Матбуотда ўтган ҳафтада бир қатор қизиқарли мақолалар чоп этилган

Матбуотда ўтган ҳафтада бир қатор қизиқарли мақолалар чоп этилган

Президент қизи билан фахрланса арзийдими? Ўзбек гази қанчадан сотилади? Ўзбекистонда спортнинг ривожланиши қандай? Ўзбекистон ҳақида ёзган нашрлар мавзуси мана шундай.

Ўтган ҳафтада ҳам Ўзбекистон ҳақида минтақа ва айниқса Россия нашрларида кўплаб мақолалар чоп этилди.

Мақолаларнинг асосий қисмида Ўзбекистон билан Қирғизистон ва Тожикистоннинг газ борасидаги музокараларига оид мавзулар ёритилган.

Россия матбуотида ўрин олган хабарларда айтилишича, Қирғизистон ва Тожикистонни Ўзбекистон 2009 йил учун белгилаган газ нархи қаноатлантирмаяпти.Ўзбекистон қўшниларига газнинг ҳар минг кубометрини 300 доллардан сотишини билдирган.

Қўшнилар эса 2009 йилда ўзбек газини импорт қилишни кўпайтиришни режалаган эди. Лекин газ нархининг қимматлашуви оқибатида бу режалар амалага ошмай қолаётир.

“Тожикгаз ширкати йил бошида ўзбек гази импортини 544,7 миллион кубометрдан 950 миллион кубометрга кўпайтирмоқчи эди. Бироқ жорий йилнинг 11 ойи ичида Тожикистонга Ўзбекистон томонидан фақат 453,6 миллион кубометр газ берилди холос”, деб ёзади “Новости” ахборот агентлиги.

Москвадаги “Маркетинг ва консалтинг” таҳлилий нашрининг ёзишича, Ўзбекистон расмийлари “Қирғизгаз” масъуллари билан ҳам газни 300 доллар ўрнига 280 доллардан сотишга келиша олмаганлар.

“Кузатувчилар эътирофича, экспорт шартномаси тузилаётган жараёнда тижорий аспектлардан ташқари икки томонлама сиёсий ва иқтисодий алоқалардаги муаммолар ҳам эътиборга олинган. Бу муаммолардан бири Қирғизистон томонидан Ўбекистонга сув берилиши масаласидир. 2008 йил қишидаги аномал ҳодисалар туфайли Қирғизистондаги сув омборлари бўшаб қолаёзди ва бу мамлакатни қатъий энергетик режимга ўтишга мажбур қилди. Ўзбекистон далалари ҳам ўз навбатида сувсиз қолди”, деб ёзади “Маркетинг ва консалтинг” нашри.

Россиянинг Регниум ахборот агентлиги эса ўтган ҳафтада Ўзбекистонда спорт соҳасини ривожлантиришга қаратилган воқеалардан хабар беради.

“2008 йилда Ўзбекистондаги футбол командалари машғулотларини таъминлаш ва мусобақаларда иштирок этиши учун 8,7 миллион доллар маблағ сарфланди. 2009 йилда эса Ўзбекистон ҳукумати футболни ривожлантириш ишига 10 миллион доллар миқдорида маблағ ажратишни режалаштирган”, деб ёзади Регниум.

“Комсомольская правда” газетаси эса 26 декабр куни “Ўзбекистон президентининг қизи мамлакатдаги энг яхши дизайнер сифатида тан олинди” сарлавҳали мақолани эълон қилган. Унда айтилишича, Гулнора Каримова овоз бериш натижаларига кўра мамлакатдаги энг яхши моделер сифатида тан олинган ва у Style Awards республика мукофотига сазовор бўлган.

“Гулнора жуда яхши кийим тикади. Унинг бошқа истеъдодлари ҳам жуда кўп. Ўзбекистон президенти ўз қизи билан фахрланса арзийди”, деб ёзади газета.

XS
SM
MD
LG