Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:58

Инқироз Тожикистонда ҳам сезилди


Тожикистон иқтисодининг гиганти бўлмиш алюминий заводи жаҳон молиявий бўҳрони таъсирини сеза бошлади
Тожикистон иқтисодининг гиганти бўлмиш алюминий заводи жаҳон молиявий бўҳрони таъсирини сеза бошлади

Жаҳон молиявий инқирози Тожикистон иқтисодини ҳам фалаж аҳволга солиб қўйиши мумкин, деб тахмин қилмоқдалар кузатувчилар.

Жаҳон молиявий бўҳронининг илк таъсири Тожикистондаги энг йирик собиқ «Тожикалюминий», айни пайтда эса «Талко» деб аталувчи ширкат фаолиятида сезила бошлади. Корхона масъуллари маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини 10 фоизга қисқартиришга қарор қилди.

Ишончли манбалардан олинган маълумотларга кўра, мазкур корхона 2007 йил 420 минг тонна алюминий ишлаб чиқарган. 2008 йил эса 427 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган эди.

«Талко» ширкати матбуот хизмати бошлиғи Саёҳат Қодированинг маълум қилишича, жаҳон молиявий инқирози сабабли алюминий нархининг тушиб кетиши корхона ишлаб чиқариш қувватини пасайтириш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига саба бўлган.

- 2008 йил бошида алюминийнинг ҳар тоннаси метал биржасида 3 минг доллардан баҳоланган эди. Бугунги кунда эса бир тонна алюминий 1438 долларга сотилмоқда.

Яъни алюминий нархи 50 фоизга арзонлагани бизнинг шундай қарорга келишимизга сабаб бўлди,- дейди Саёҳат Қодирова.

Кузатувчилар эса жаҳон молиявий инқирози бусиз ҳам иқтисодий заиф Тожикистон учун бунданда оғирроқ синовлар ҳозирлаётганини башорат қилмоқдалар.

Мустақил кузатувчи Саидмўмин Камолов фикрича, дунё бўйлаб ёйинлаётган молиявий инқироз янада кучайиши оқибатида “Талко” ширкатининг маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми ҳам қисқариб бораверади.

- Жаҳон бозорида нархлар ҳар ҳафта эмас, балки кун сайин, соат сайин ўзгариб турибди.

«Талко»нинг алюминий ишлаб чиқариш ҳажмини 10 фоизга қисқартиришига оди қарори молиявий инқироз таъсири тожик жамияти учун ҳали унчалик сезиларли бўлмаган бир пайтга тўғри келди.

Янги 2009 йил бошида иқтисодий инқирознинг мамлакат иқтисодий ўсиш суръатига салбий таъсири сезила бошлагач, “Талко” маҳсулот ишлаб чиқариш фоизини 25 фоизгача қисқартириши эҳтимолдан йироқ эмас,- дейди мустақил кузатувчи Камолов.

Қайд этиш жоизки, «Талко» ширкати Марказий Осиёдаги ягона алюминий ишлаб чиқарувчи йирик саноат корхонаси ҳисобланади.

Россия ахборот агентликлари тарқатган маълумотларга кўра 2007 йилда бу корхона бир миллиард долларга тенг маҳсулот ишлаб чиқарган.

Ўзбекистон чегараси яқинидаги Турсунзода шаҳрида фаолият қилаётган «Талко» алюминий ишлаб чиқариш ширкатидан олинган фойда Тожикистон йиллик даромадининг 70 фоизини ташкил этади.

Кузатувчилар тахминича жаҳон молиявий инқирози «Талко» ширкати фаолиятига ўз салбий таъсирини ўтказиши ортидан Тожикистон иқтисодиёти фалаж аҳволга тушиб қолиши мумкин.
XS
SM
MD
LG