Линклар

Қирғизистон Омбудсмени норози


Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун мамлакатда ўзгача фикрловчиларга нисбатан босимлар тўхтатилишига умид қилади.

Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун мамлакатда ўзгача фикрловчиларга нисбатан босимлар тўхтатилишига умид қилади.

Қирғизистон Омбудсмени Бишкекда ўзгача фикрловчиларга ва мустақил оммавий ахборот воситаларига нисбатан босимлар давом этаётганига кескин норозилик билдирди.

- Мен ўзгача фикрловчиларга нисбатан таъқиблар тўхтамаётганидан жуда ташвишдаман ҳамда бу ҳолатдан норозиман, -деди Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Акун Бишкек шаҳрида инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари ҳимоясига бағишланиб ўтказилаётган имзо йиғиш жараёни ташкилотчиларининг милиция томонидан қўлга олиниши ва судланишини шарҳлар экан.

19 декабр куни “Ота макон” социалистик партияси фаоллари қонунлар ва жамоат тартибини бузмаган ҳолда мамлакатдаги мустақил оммавий ахборот воситалари ва мухолифат вакилларини таъқиб қилишни тўхтатиш мақсадида имзо йиғиш жараёнини ўтказган. Бу имзолар тўпланиб, президент Бақиевга мурожаат сифатида йўлланиши режалаштирилган эди.

-Бироқ тез орада милиция ходимлари тадбирнинг саккиз нафар иштирокчисини қўлга олдилар. Уларга Маъмурий жавобгарлик кодексининг 371 ва 392 моддалари билан айб қўйилди. Натижада тадбир иштирокчиларининг икки нафари уч кунлик муддатга маъмурий қамоқ жазосига ҳукм қилинган, қолганлари эса 200 ва 300 сўм ( 5 ва 7 АҚШ доллари - муҳаррир) миқдорида жарима тўлашга мажбур бўлганлар, -деб билдириди Турсунбек Акун.

Қирғизистон Омбудсменининг айтишича, милиция тадбир иштирокчиларини қўлга олар экан қонун билан эмас, пойтахт мэриясининг “Бишкек шаҳрида оммавий тадбирлар ўтказиш тартиби тўғрисида”ги кўрсатмаси асосида иш юритганлар. Бу ҳужжатга мувофиқ ҳокимият вакилларини олдиндан огоҳлантирмасдан туриб, турли оммавий тадбирларни фақат Ғалаба боғида ва Горький ҳиёбонида ўтказиш мумкин.

Турсунбек Акун фикрича, тинч, жамоат тартибига ва давлат қурилишига мутлақо таҳдид туғдирмаган имзо тўплаш жараёни иштирокчиларини жиноятчилар сифатида қўлга олиш ва судлаш билан “ҳуқуқ – тартибот тузилмалари жуда бой ҳаёлотга эга эканликларини” намоён қилганлар.

Қирғизистон Омбудсмени мамлакат президенти бу каби ҳолатларни эътиборсиз қолдирмаслигига ҳамда бу каби кўринишларга ўз муносабатини билдиришига умид қилади.
XS
SM
MD
LG